Портал ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасига асосан ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус “майдон”лар яратиши зарурлигини таъкидлаб ўтган эдилар.

Юқоридагилардан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги ПФ–5308-сон Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурининг 34-бандида “Mening fikrim” махсус веб-портали орқали Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат қилиш тартибини жорий этиш белгиланган.

“Mening fikrim” веб-портали мамлакатимизда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятининг очиқлиги, қабул қилинаётган қонунларнинг ҳаётий ва самарали бўлишини таъминлаш мақсадида яратилди.

Мазкур веб-портал орқали Сиз давлат ва жамият аҳамиятига молик муҳим масалалар юзасидан қонунчиликка таклифларингизни электрон жамоавий мурожаат шаклида юборишингиз мумкин.

Юборилган электрон жамоавий мурожаат тизим модератори – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан экспертизадан ўтказилгандан сўнг веб-порталда эълон қилинади.

Сизнинг электрон жамоавий мурожаатингиз жамоатчилик томонидан етарли миқдорда қўллаб-қувватланганда у тегишлилиги бўйича Олий Мажлис палаталари ёки халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Ушбу веб-портал Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Ягона интегратор "UZINFOCOM” – масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқилди.

Статистика
  • 47
    Қўллаб-қувватлаш жараёнида
  • 26
    Экспертиза жараёнида
  • 0
    Овоз бериш жараёнида
  • 6843
    Барча жамоавий мурожаатлар
  • 29260
    Изоҳлар
×
Портал харитаси