Кўзи ожиз ўқувчилар ва ўқитувчиларни Брайль алифбосида чоп этилган дарсликлар билан таъминлаш чораларини такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида

Жамоавий мурожаат матни:

Бугунги кунда кўзи ожиз болаларнинг сифатли таълим олиши, шунингдек, кўзи ожиз ўқитувчиларнинг педагогик фаолиятни амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамиятга эга. Бунда Брайль алифбосида чоп этилган дарсликлар алоҳида ўрин тутади. Бундай дарсликлар кўзи ожиз ўқувчиларнинг мустақил билим олиши, ўқув материалларини ўзлаштириши ва топшириқларни бажаришига, ўқитувчиларнинг эса таълим жараёнини самарали ташкил этиши ва дарс машғулотларини ўтказишига ёрдам беради.
Шу билан бирга, ихтисослаштирилган мактабларда ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг турли фанлар бўйича Брайль алифбосида чоп этилган дарсликларга бўлган эҳтиёжини мунтазам ўрганиб бориш муҳим ҳисобланади. Бу мавжуд дарсликлардан самарали фойдаланиш ҳамда зарур ўқув адабиётларини ўз вақтида тайёрлаш имконини беради.
Ҳар бир мактабда мавжуд дарсликлар сонини ва уларга бўлган эҳтиёжни ўқувчилар ҳамда ўқитувчиларнинг талабларини инобатга олган ҳолда аниқлаш етишмаётган дарсликларни нашр этиш ва таълим муассасаларига етказиб бериш ишларини янада самарали режалаштиришга хизмат қилади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлиги томонидан кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактабларда Брайль алифбосида чоп этилган дарсликларни хатловдан ўтказиш, ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг уларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш ҳамда хатлов натижалари асосида мактабларни зарур дарсликлар билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Жамоавий мурожаат / ғоя ни амалга ошириш:

Мазкур таклифни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлиги томонидан кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактабларда Брайль алифбосида чоп этилган дарсликларни хатловдан ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Хатлов давомида фанлар ва синфлар кесимида мавжуд дарсликлар сонини аниқлаш, шунингдек, кўзи ожиз ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг тегишли ўқув адабиётларига бўлган эҳтиёжини алоҳида ўрганиш таклиф этилади.
Хатлов натижалари бўйича аниқланган эҳтиёждан келиб чиқиб, етишмаётган дарсликларни нашр этиш ёки харид қилиш ҳамда уларни мактабларга етказиб бериш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш таклиф этилади.
Мазкур ташаббус кўзи ожиз ўқувчиларнинг сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, кўзи ожиз ўқитувчиларни зарур ўқув материаллари билан таъминлаш, таълим жараёнини ташкил этиш учун янада қулай шароитлар яратиш ҳамда таълим сифатини оширишга хизмат қилиши мумкин.

20.11.2026



×
Портал харитаси