Барча ёқлаб берилган овозлар сони
Тўпланиши лозим бўлган овозлар сони: 10000
Маҳаллаларда конструкторлик бюроларини ташкил қилиш ҳақида
- Йўналиш:Инновациялар ва АКТ
- Сана:2019-01-26 02:45:59
- Муаллиф:XOJIYEV DILSHOD XUDOYBERDIYEVICH
Жамоавий мурожаат матни
Мамлакат иқтисодиётини кашфиётчилар, конструкторлар ва инженер-муҳандислар юксакларга кўтаришига дунё тажрибасидан гувоҳ бўлмоқдамиз! Япония, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси каби давлатларнинг саноат ва ишлаб чиқаришда қўлга киритган ютуқларини ўрганган ҳолда, юртимизда конструкторлик бюроларининг фаолиятини йўлга қўйиш лозим деб ҳисоблаймиз.
Жойларда конструкторлик бюроларига талаб жуда юқори. Конструктор бирор-бир лойиҳасини синовдан ўтказиши учун унга зарур шароит яратишимиз лозим.
Ҳар бир маҳалладан ерни тадбиркорга имтиёзли равишда ажратиб бериш керак. Тадбиркор ажратилган ерга замонавий талаблар асосида 3 қаватли бино қуриб, 1 ва 2-қаватларида ўзи истаган тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиши, 3-қаватни эса конструкторлик бюроси учун ажратиши кўзда тутилишини таклиф қиламиз.
Тадбиркорни маълум муддатга қурган биноси учун ер, мол-мулк ва ва бошқа турдаги солиқлардан озод қилиш керак.
Маҳаллаларда яратилган конструкторлик бюроларида фаолият олиб борадиган ёш конструкторларнинг тажриба ва фикр алмашишлари учун konstruktor.uz сайти яратилса, конструкторлик бюролари аъзоларининг савиясини кўтарадиган турли хил тўгараклар ташкил этилса, мазкур бюролар фаолиятини манфаатдор ташкилотлар томонидан молиялаштириш назарда тутилса, фойдали бўлади. Мисол учун, бирор-бир тадбиркорга маълум технологияга талаб бўлганда, тадбиркор konstruktor.uz сайти орқали ўз талабини ва шу технология учун қанча маблағ ажратишини, яратилгандан сўнг муаллифга бериладиган гонорар қийматини эълон қилади. Шундан сўнг конструктор буюртма бўйича талабгор билан шартнома тузиб, ўз фаолиятларини олиб борадилар.
Агар ўзимизда ҳам конструкторлик бюролари яратилса:
биринчидан, четдан технология олиб келиш учун маблағларимиз тежаб қолинади;
иккинчидан, фақатгина конструкторларнинг ўзидаги талаб ва таклифни инобатга олиб кўплаб иш ўринлари яратилади;
учинчидан, тажриба ошган сари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бренди остида конструкторлик бюроларида лойиҳалаштирилиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни чет элга экспорт қилиш имконияти яратилади;
тўртинчидан, биргина шу лойиҳага бел боғлаган тадбиркорларнинг ўзи давлат бюджетига катта миқдорда фойда келтиради ва энг муҳими кўплаб янги иш ўринлари яратилиши мумкин.
Жамоавий мурожаат / ғоя ни амалга ошириш
Шу лойиҳани амалга ошириш учун давлат-хусусий шерикчилиги асосида талабгор тадбиркорга маҳаллаларда ерни имтиёзли ажратиш ва юқорида кўрсатилган шартлар асосида янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишини сўраймиз.
Агар конструкторлик бюролари фаолияти йўлга қўйилса, ҳар бир маҳаллада тадбиркор ўнлаб янги ишчи ўринларини яратишини инобатга олсак, бутун республикамиз бўйлаб кўплаб иш ўринларини яратилишини таъминлаш мумкин.