Долзарб масалалар бўйича аниқ вазифалар қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

 

Ҳар бир ёшнинг жамиятда муносиб ўрнини топиши учун уларни қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитлар яратишни ислоҳотларимизнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб, кенг кўламли амалий ишлар олиб бормоқдамиз, деди Шавкат Мирзиёев. Жумладан, “Камолот” ёшлар ҳаракати негизида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини туздик, ёшлар билан ишлашда янги тизим ва ёндашувларни жорий этяпмиз. 30 июнда мамлакатимизда биринчи марта “Ёшлар куни”ни кенг нишонлаб, янги ижобий анъанани йўлга қўйдик. 

Йиғилишда шунингдек, ёшлар билан ишлашда ҳали камчиликлар кўплиги ҳам қайд этилди. Жумладан, Ёшлар иттифоқи тадбирларида дабдабабозлик, юзакилик кўзга ташланаётгани, ёшлар билан манзилли ишлашга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга етарли эътибор берилмаётгани танқид қилинди. 

Жойлардаги 4 та сектор раҳбарларининг кўпчилиги ҳали ёшлар масаласи билан тўла шуғулланмаяпти. Ички ишлар идоралари, маҳалла қўмиталари, бошқа жамоатчилик ташкилотлари ва таълим муассасаларининг ҳам бу борадаги ишлари кўнгилдагидек эмас. Туман (шаҳар) ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ишини ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Баъзи ҳолларда эса ёшлар бўйича масъул лавозимлар вакант бўлиб қолмоқда.

Бунинг оқибатида ёшларнинг ижтимоий муҳим масалалари эътиборсиз қолмоқда. Қаровсиз ва назоратсиз қолиган ёшлар томонидан турли жиноятлар содир этилмоқда. 

Шу боис Ёшлар иттифоқи, тегишли вазирлик ва идораларга ёшлар билан ишлашни такомиллаштириш, уларнинг қаровсиз ва назоратсиз қолишининг олдини олиш, улар ўртасида жиноятларни кескин камайтириш бўйича топшириқлар берилди. 

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва бизнес кўникмаларига ўқитиш бўйича Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ ва Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида янги тизим синовдан ўтказилгани қайд этилди. 

Унга кўра, мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида акс эттирган туман паспорти ишлаб чиқилган. Маҳаллаларда “Ёшлар меҳнат гузарлари” ташкил этиш учун бино ва ер майдонлари ажратилиб, ташаббускор тадбиркорлар жалб қилинган. Тадбиркорлик, балиқчилик, боғдорчилик, савдо-сотиқ қилиш истагидаги йигит-қизларга зарур маблағ ва ресурслар берилган. Ёшларни қийнаб келаётган 1,5 мингдан зиёд муаммолар аниқланиб, 1 мингдан ортиғи жойида ҳал этилган, қолган 500 тасини ҳам ҳал этиш чоралари кўрилган.

Ушбу тажриба натижаларидан келиб чиқиб, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури қабул қилинди. 

Бу дастур 1 июлдан бошлаб, барча туман ва шаҳарларда амалга оширила бошланди. Ёшлар иттифоқи ҳузурида “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ва унинг туман (шаҳар) филиаллари ташкил этилди. Жамғармага бу йил жами 770 миллиард сўм ажратилади. Жамғарма маблағларидан ёшларнинг бизнес лойиҳалари учун йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредитлар берилади.

Дастурда ҳар бир туманда ажратиладиган кредит ҳажми ва уни олувчилар сони, кредит бериладиган фаолият йўналишлари, бунинг натижасида яратилиши зарур бўлган иш ўринларининг миқдори аниқ белгиланган. 

Шунингдек, Дастурга кўра жойларда фермерларга 1 нафардан банд бўлмаган ёшни бириктириб, унга бир гектар ер ажратиш орқали иш билан таъминлаш бўйича янги механизм жорий этиш кўзда тутилган. 

Йиғилишда шу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш, Жамғарма маблағларидан самарали фойдаланишни доимий назорат қилиб, ёшларнинг бизнес лойиҳаларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни жойида ҳал қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Ҳокимлар ва сектор раҳбарлари уюшмаган, ҳеч қаерда ишламайдиган ёшлар билан шахсан учрашиб, худди ўзининг фарзанди билан гаплашгандай муомала қилиб, муаммоларини ўрганиб, уларга елкадош бўлиши ва энг аввало иш билан таъминлаш чораларини кўриши лозим, деди давлатимиз раҳбари. 

Йиғилишда ёшларни маънавий баркамол этиб тарбиялаш, уларни турли зарарли оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш масаласига ҳам эътибор қаратилди. 

Фарзандларимиз тарбияси, юриш-туришидан ҳар куни огоҳ бўлмасак, илму-ҳунарга ўргатмасак, уларнинг қўли меҳнатда қотмаса, муносиб иш топиб бермасак, ёшларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш қийин бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис ёшлар билан маънавий-маърифий йўналишдаги ишларни янада жонлантириб, уларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, вояга етмаган қизлар ўртасида эрта турмуш ва ажралишларнинг олдини олиш юзасидан вазифалар қўйилди.

Видеоселекторда мутасадди ва жойлардаги раҳбарлар жам бўлгани боис айни кунлардаги яна бир долзарб масала – ғўза парвариши билан боғлиқ чора-тадбирларга ҳам тўхталиб ўтилди. 

Бу йил об-ҳавонинг қуруқ ва салқин келиши сабабли ғўза ривожи 10-15 кунга, баъзи жойларда 20-25 кунга кечиккани қайд этилди. Ғўза парваришидаги қолоқликни бартараф этиш, кафолатланган ҳосил яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Бу йил давлат томонидан олдинги йилларда бўлмаган барча шароитлар яратиб берилди, энди фермерлар ҳам шунга яраша жавоб қилиши керак. Олдингидек режанинг ортидан қувиб, даромадни ўйламайдиган, ҳисоб-китобсиз иш қиладиган фермер бизга керак эмас. Пахта бизга режани бажариш учун эмас, иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадани ошириш, турмуш даражасини яхшилаш учун керак, деди Президент. 

Йиғилишда 5 июлдан 5 сентябрга қадар “ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги” эълон қилинди. Бу борада амалга оширилиши зарур бўлган ишлар белгилаб олинди.
 

| 4395 04.07.2018



×
Портал харитаси