- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9343
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 8005
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7739
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6877
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6511
Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! 4 сентябрь куни мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида янги ўқув йили бошланиб, биринчи қўнғироқ садолари янгради. Умумтаълим мактабларида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида мустақиллик дарси бўлиб ўтди.
...Жажжи Мубинанинг барча болалар каби бугун шодлиги чексиз. Ҳали ўқиш бошланишига анча кун бўлса-да, у аввалдан мактаб сумкаси, дафтар, кундалик, ўқув анжомларининг барини шайлаб қўйган. Анчадан бери орзиқиб кутилган, бироқ жуда давомли туюлган ёзги таътил ниҳоялади. Ўқувчиларнинг кутганича бор. Негаки, мактаб – барча болалар учун қувонч, меҳридарё устозлар, қадрдон синфдошлару ўртоқлар жам бўладиган меҳр, билим, маърифат маскани.
Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги кенг нишонланишига ҳамоҳанг бошланган мазкур янги ўқув йили шуниси билан аҳамиятлики, бугунги кунда мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, ўқитиш сифатини буткул янгича асосда йўлга қўйиш, педагоглар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 23 август куни ўтказилган ведеоселектор йиғилиши давомида мактаб таълимига доир энг муҳим вазифалар, соҳада йўл қўйилаётган камчилик ва муаммолар атрофлича муҳокама этилди. Уларнинг ечимлари бирма-бир қайд этиб ўтилди. Яратилаётган шароит ва имкониятларга қарамай ўқитиш сифати, педагогларнинг касбий малака ва маҳорати, ўз устида изланмай қўйгани рўй-рост айтилди. Мавжуд долзарб масалаларнинг ечими аниқ, батафсил белгиланди. Ёшлар келажагига бефарқлик эртанги кунимизга, юртимиз тақдирига бефарқлик экани қайта-қайта эътироф этилди.
Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 238-умумий ўрта таълим мактабида ҳам тантанали тадбир бўлиб ўтди. Гуллар, алвон тасмалар, рангин шарлар билан безатилган мактабнинг ҳовлисига қадам қўйган борки, болалиги, мактабини, билим берган биринчи ўқитувчиларини ёдга олиши, бугуннинг ўқув маскани билан таққослаши, ҳозирги ўғил-қизларга ҳавас қилиши шубҳасиз. Эрта тонгданоқ мактаб ҳовлисида билимга чанқоқ ўқувчилар, устозлар, маҳалла фаоллари, ота-оналар жам бўлди. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва бошқалар таълим-тарбиядаги ислоҳотлар ўқитишни сифат ва мазмун жиҳатдан янада яхшилаш, болаларга пухта ва мукаммал билим бериш, уларни миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларга қаратилганини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимизда мактаблар тизимини ривожлантириш учун давлатимиз томонидан маблағ, имконият, зарур барча саъй-ҳаракатлар сафарбар этилаётир. Ўқитувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини қадрлаш, қўшимча имкониятлар яратиш бўйича барча шароитлар муҳайё этилмоқда. Бу эса педагогларни янада кўпроқ масъулият ва изланишга ундамоқда.
Маърифий жабҳадаги туб ўзгаришлар ушбу мактаб ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Президентимиз жорий йилнинг 10 май куни мазкур билим маскани фаолияти билан танишиш асносида болаларнинг тўлақонли таълим-тарбия олиши, ўқув биноларининг ўғил-қизлар миқдорига мутаносиблигини таъминлаш, ўқувчилару педагоглар учун керакли барча шароитларни яратиш юзасидан муҳим топшириқларни берган эди.
Ўтган қисқа фурсат давомида мактабда ушбу топшириқлар ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Кўркам ва янги иккита ўқув биноси қад ростлади. Спорт мажмуалари, футбол майдончаси, фаоллар зали бунёд этилди. Қўшимча компьютер синфлар, лингафон хоналари, лаборатория кабинетлари, психолог, маънавият ва маърифат хоналари бунёд этилди. Кенг ва шинам синфхоналар замонавий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди. Буларнинг бари устоз ва мураббийларни янада кўпроқ ғайрат билан болаларга таълим-тарбия беришга чорлаши шубҳасиз.
Мактаб директори Саодат Маликованинг айтишича, эндиликда 2900 нафар ўғил-қиз ушбу ўқув масканида бемалол билим олиши учун барча шароит яратилган.
– Ўқитиш жараёнига эркак педагогларни жалб этиш бўйича илгари сурилган ташаббус бизнинг мактабда ҳам кенг қулоч ёзди, – деди физика фани ўқитувчиси Илҳом Расулов. – Болалар ўқишга анча масъулият билан ёндашиб, билим олишга астойдил интилмоқда. Ҳозирда математика, кимё, жисмоний тарбия каби фанлар бўйича ҳам эркак ўқитувчилар дарс бермоқда.
– Ўғлим Исломбек мактабини янаям яхши қадрлай бошлади, – деди Гулнора Содиқова. – Негаки, чирой очган бу масканда билим олиш, спорт, турли тўгаракларга қатнашиш болаларга фахр бағишлайди.
...Мустақиллигимизни, жонажон Ўзбекистонимизни, ёшларга кўрсатилаётган эътиборни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янграйди. Спорт тўгарагига қатновчи қизларнинг чиқиши олқишлар билан кутиб олинди. 1-синфга эндигина қадам қўйган болажонлар мактаб, китоб, устоз, Ватан, ота-оналарга бағишланган шеърларини гоҳи тутилиб, гоҳида эса бийрон ёд олдилар. Шундай кўркам мактабни барпо этган қурувчиларга, бунёдкору, монтажчи, қўли гул усталар, ишчиларга ташаккур айтдилар.
Юракларни орзиқтирувчи биринчи қўнғироқ садолари чалинди. Болалар синфлари сари йўл оладилар. Уларни билимларнинг чексиз дунёси, меҳрибон устоз ва мураббийлар, муттасил изланиш ва интилиш, машаққатларни муносиб енгиш, одамийлик, ҳалоллик, ватанпарварлик сабоғи кутмоқда.
– Бугунги кунда Президентимиз томонидан болаларнинг пухта билим олиши, ўз Ватанига, халқига содиқ инсонлар бўлиб вояга етиши учун барча шароит яратилмоқда, – деди халқ таълим вазири Шерзод Шерматов ўқувчилар билан мулоқот чоғида. – Шундай ажойиб имкониятларнинг қадрига етишга, дарсларда фаол бўлишга, ўқиш, изланишдан чарчамасликка сиз азиз болажонларни чорлайман.
Барча билим масканларида бўлгани каби бу ерда ҳам илк сабоқ - Мустақиллик дарси “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!“ шиори остида ўтказилди. Мактаб остонасига илк қадам қўйган жажжиларга Президентимизнинг совғалари топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг 4 сентябрь куни 620 мингдан зиёд ўғил-қиз илк бор мактаб остонасига қадам қўйди. Қолаверса, имконияти чекланган 13 минг нафар бола ўз уйида таълим олишни бошлади. Анъанага кўра, уларга янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус совғалари – ўқув-қуроллари топширилди.
2019 йили 1-синф ўқувчилари учун бериладиган “Президент совғаси” таркибидаги маҳсулотларнинг сифатига катта аҳамият берилди. Шу билан бирга барча таълим муассасаларига дарслик, ўқув-услубий қўлланма ва бадиий адабиётлар, шунингдек, таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун мактаб мебеллари, ўқув лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, спорт анжомлари ва бошқа товар-моддий бойликлари Халқ таълими вазирлиги тақсимотларига асосан етказиб берилди.
Назокат УСМОНОВА, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА