- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9248
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7906
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7630
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6756
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6419
Ёхуд жорий йил 1 миллион сўм қўлига олган ходим 2019 йилдан қанча ойлик олиши ҳақида мутахассис фикрлари
2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади. Гап шундаки, Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бу концепция доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб солиқ сиёсатида мутлақо янги тизим жорий этилади.
Тизимда қандай янгиликлар, ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда?
Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими давлат солиқ катта инспектори Акмал Назаров бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиблари давлат бюджети ва маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишга, солиқ қонунчилигини соддалаштириш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди А.Назаров. – Энди бевосита 2019 йил 1 январдан солиқ тизимида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, солиқ ислоҳотлари концепциясига мувофиқ Жисмоний шахслар даромадини солиққа тортишни такомиллаштириш мақсадида барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида жорий этилмоқда.
Меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига солиқ юкини камайтиришнинг яна бир тадбирларидан бири, бу – ягона ижтимоий тўлов ставкаларининг 25 фоиздан 12 фоизгача камайтирилиши бўлди, бунда бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар учун татбиқ қилинмайди. Натижада солиқ тўловчилар ихтиёрида қоладиган маблағлар 2,9 триллион сўмни ташкил қилади.
Фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини (ставкаси 8 фоиз) бекор қилинади.
Айтайлик, мактабгача таълим муассасаси тарбиячисига 1 миллион 908 минг сўм иш ҳақи ҳисобланса, солиқлар ва тўловлар ушлаб қолинганидан сўнг 1 миллион 520 минг сўм қўлига олган. 2019 йилдан эса ушбу тарбиячи 1 миллион 680 минг сўм ойлик олишни бошлайди.
Фойда солиғи тўловчиларга солиқ юкини камайтириш, инвестициялар миқдорини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
– тижорат банклари учун фойда солиғи ставкаси 22 фоиздан 20 фоизгача;
– корхона ва ташкилотлар учун 14 фоиздан 12 фоизгача;
– дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадлар учун 10 фоиздан 5 фоизгача камайтирилади.
Бу эса солиқ тўловчилар ихтиёрида 582 миллиард сўм маблағ қолдириш имконини беради.
Юридик шахсларнинг айланмасидан (тушуми) ундириладиган давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар бекор қилинмоқда. Бу ажратма 15 фоиз рентабеллик билан ишлайдиган корхона учун 21,3 фоизлик фойда солиғи билан тенгдир. Демак, фойда солиғи ставкаси билан бирга умумий солиқ юкининг камайиши қарийб 23,5 фоизни ташкил қилади. Бунинг ҳисобига республика бўйича солиқ тўловчиларнинг кўрадиган фойдаси 5 триллион сўмдан ортиқни ташкил қилади.
Солиқ солишнинг соддалаштирилган режимидаги солиқ тўловчиларга солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтирилмоқда. Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизгача камайтирилмоқда. Яъни ҳақиқатан ҳам кичик корхона бўлган тўловчилар учун бир йиллик солиқ тўлови суммаси 10 миллион сўмгача камайиши мумкин.
Йиллик айланмаси 100 миллион сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари 13-40 фоизга камайтирилади. Йиллик айланмаси 100 миллион сўмдан юқори ва 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга айланмадан 4 фоизлик ставкада солиқ тўлашга ўтказиш йўли билан қатъий белгиланган солиқ бекор қилинади.
2019 йил 1 январдан бошлаб, ўтган йил якунлари бўйича йиллик айланмаси (тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилади.
Эндиликда ҳар бир туман (шаҳар)даги корхоналар вакиллари Давлат солиқ инспекциясига таклиф этилиб, малакали мутахассислар томонидан махсус ўқув машғулотлари ўтказилади. Шунингдек, “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси масъул ходимлари бухгалтерлари мавжуд бўлмаган хўжалик субъектларига электрон ҳисобварақ-фактураларини юритиш қоидаларини ўргатади.
Умумбелгиланган режимда солиқ тўлашга ўтаётган ҳар бир корхонага ҳудудий давлат солиқ хизмати органларидан ходимлар бириктирилиб, биринчи маротаба топшириладиган ҳисоботлар ёки тўлдириладиган электрон ҳисобварақ-фактуралари биргаликда амалга оширилади ҳамда 2019 йил давомида бевосита амалий ёрдам кўрсатиб борилади.
Сирасини айтганда, солиқ тизимидаги бу каби ўзгаришлар аҳоли даромадларини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.