Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимизда юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда уларнинг хавф омилларининг олдини олиш, даволаш ва назорат қилиш, аҳолининг барвақт ўлим ҳамда касалланишини камайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида профилактика чора-тадбирларини самарали мувофиқлаштириш тизими мавжуд эмаслиги фуқароларнинг жисмоний фаоллиги даражасини қўллаб-қувватлаш ва соғлом турмуш тарзини юритишда келишилган чоралар кўриш имконини бермаяпти.

Аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасининг пастлигича қолаётганлиги натижасида асосий эътибор профилактикага эмас, касалликлар билан курашишга қаратилмоқда.

Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллигини оширишни ташкил қилиш ва бошқариш механизмларини такомиллаштириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5590-сон Фармонига мувофиқ:

1. Қуйидагилар:

2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ;

2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари Дастури (кейинги ўринларда – чора-тадбирлар Дастури) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қуйидагилар давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири этиб белгилансин – ходимлар жамоасининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш мақсадида барча зарур шароитларни яратиш, ушбу вазифаларга эришишга қаратилган чора-тадбирларни мунтазам равишда ташкил қилиб бориш.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг:

Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Республика диетология ўқув-илмий маркази негизида давлат муассасаси шаклида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказини (кейинги ўринларда – Марказ);

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳузурида юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда Марказнинг ҳудудий бўлимларини;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ҳузуридаги “Саломатлик” марказлари негизида юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда Марказнинг туман ва шаҳар бўлинмаларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

4. Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий йўналишлариэтиб белгилансин:

соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликлар ва уларнинг хавф омилларига қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ҳаракатини тиббиёт профилактикаси билан интеграциялаштириш бўйича оммавий тадбирларни ўтказиш;

соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

аҳоли саломатлиги ҳолатини мониторинг қилишнинг ягона тизимини яратиш, замонавий ахборот ва инновацион технологияларини жорий этиш билан бирга умрни узайтириш ва саломатликни мустаҳкамлашга оид аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва тавсияларни татбиқ этишда кўмаклашиш;

умумэътироф этилган халқаро услублар асосида доимий популяция текширувлари ва юқумли бўлмаган касалликларнинг хавф омиллари бўйича сўровлар ўтказиш;

нотўғри овқатланиш билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш ва тарқалиши даражасини камайтириш, кенг кўламда тушунтириш ишларини ташкил қилиш ва аҳолининг соғлом турмуш тарзи гарови сифатида тўғри овқатланиш тарғиботини кучайтириш;

сифатнинг замонавий халқаро стандартларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турларини мамлакатимизда ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш;

таълим муассасалари билан биргаликда юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалалари юзасидан кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва узлуксиз касбий ривожланиши бўйича тадбирларни ташкил қилиш ва уларда иштирок этиш.

5. Белгилансинки:

Марказ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташкилий тузилмасига киради ва унга ҳисобот беради;

Марказ, унинг ҳудудий бўлимлари ва туман (шаҳар) бўлинмалари (кейинги ўринларда – ҳудудий бўлинмалар) Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Республика диетология ўқув-илмий маркази ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ҳузуридаги “Саломатлик” марказларининг умумий штат бирликлари ва иш ҳақи фонди доирасида ташкил этилади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, халқаро молия ташкилотлари ва институтларининг грантлари ва кредитлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ҳузуридаги “Саломатлик” марказлари штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан бўшаган маблағлар Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтирилади ҳамда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришда ушбу мақсадлар назарда тутилади;

Марказ аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси, бошқа давлат бошқаруви органлари, жамоат ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;

Марказ унга юклатилган вазифалар доирасида вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларидан зарур статистик ва таҳлилий маълумотларни сўраш ва бепул олиш ҳуқуқига эга;

Марказни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошқаради;

Марказ директори меҳнатга ҳақ тўлаш шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош бошқарма бошлиғига тенглаштирилади.

6. Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг чекланган умумий сони 838 нафар этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари низомлари ва тузилмаларини тасдиқласин, бунда Марказ директорига, зарур бўлганда, тасдиқланган тузилмаларга ходимларнинг чекланган умумий сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йилнинг 1 декабрига қадар кенг доирада ўтказиладиган жамоатчилик муҳокамалари натижасида алкоголь ва тамаки маҳсулотлар истеъмолини чеклаш бўйича, шунингдек, қуйидагиларни ўз ичига олувчи қўшимча чора-тадбирларни қабул қилсин.

Алкоголь маҳсулоти идишининг ёрлиғида ҳамда тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) тиббий огоҳлантиришларни жойлаштириш учун асосий майдон ўлчамини кенгайтириш;

тамаки маҳсулоти қутисида (ўровида) матнли ёзув ва расм тарзидаги тиббий огоҳлантиришларни жойлаштириш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси қоидаларига риоя этилиши устидан назорат олиб борувчи органларни ҳамда шундай назоратни олиб боришнинг механизмларини аниқлаштириш;

жамоат жойлари ва транспортнинг белгиланмаган жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотлар истеъмоли учун жавобгарликни кучайтириш;

жамоат жойларда ва транспортнинг белгиланмаган жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини чеклаш мақсадида ваколатли шахслар томонидан (корхона, ташкилот, муассасаларнинг маъмуриятлари, шу жумладан, жамоат жойларида жойлашган иншоот, бино (иморат), бошқа объектлар ҳамда транспорт воситаларининг эгалари) чоралар кўрилмагани учун жавобгарликни белгилаш.

8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

а) республиканинг барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига:

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг артериал гипертония, қандли диабет, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллиги ва бошқа юқумли бўлмаган касалликлар бўйича клиник протоколлар, стандартлар ҳамда тавсиялар талабларини;

қўллаб-қувватловчи кураторлик тизими орқали тиббий хизматларнинг узлуксиз баҳолаш ва сифатини ошириш механизмларини;

ҳар бир бемор учун юқумли бўлмаган касалликлар ва хавф омиллари бўйича саломатлик профилларини яратишни назарда тутган дастурий таъминотини татбиқ этсин;

б) озиқ-овқат маҳсулотларни таркибида ёғлар, туз ва қанд миқдори юқори бўлган маҳсулотлар тоифасига киритиш мезонлари ва тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

в) таркибида ёғлар, туз ва қанд миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш, ишлаб чиқариш (тайёрлаш), сотиш ва истеъмолини чеклаш бўйича таклифлар киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент тиббиёт академияси магистратурасининг янги “Нутрициология” йўналишини очиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларида:

иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари;

ҳафтасига камида бир маротаба ходимларнинг жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда (югуриш, сузиш, футбол, волейбол, баскетбол, теннис ва бошқаларда) иштирок этишини назарда тутадиган “Саломатлик куни”;

мунтазам равишда ходимлар орасида оммавийлашган спорт турлари бўйича спорт мусобақалари ва бошқа жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар ўтказиб борилиши амалиётга жорий этилсин.

11. Давлат органлари ва ташкилотлари технология, ишлаб чиқариш ва иш шароитларидан келиб чиқиб, ходимларига ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффусларни белгиласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги:

а) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

ишлаб чиқариш гимнастикасининг намунавий машқлар комплексини;

транспортда қатнаш жиҳатидан қулайлиги ва масофани инобатга олган ҳолда корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ходимларига шуғулланиш учун тавсия этиладиган спорт иншоотлари рўйхатини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

б) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 апрелига қадар туман (шаҳарлар) бўйича зоналарга бўлиб ҳамда иш фаолиятининг тавсифлари, машғулотларнинг нархи, иш вақти ва бошқа маълумотларни келтириб ўтган ҳолда, спорт иншоотларининг ягона базасини яратсин ҳамда Интернет тармоғига жойлаштирилишини таъминласин.

13. Белгилансинки, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари жамоасига соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш учун барча зарур шароитлар яратиш, шу жумладан, спорт объектларига шуғулланиш (қуриш, жиҳозлаш) бўйича тадбирларни молиялаштириш тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

14. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг аҳолининг кенг қатламлари орасида қуйидагиларни ўз ичига олган “Алпомиш” ва “Барчиной”махсус тестларини ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

аҳолининг умумий жисмоний тайёргарлиги даражасига спорт нормативларини ва давлат талабларини белгилаш;

аҳолининг турли ёшдаги гуруҳлари ўртасида спорт мусобақаларини ўтказиш;

юқори кўрсаткичларга эришган фуқароларни “Алпомиш” ва “Барчиной” I, II ва III даражали кўкрак нишонлари билан тақдирлашни жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда “Алпомиш” ва “Барчиной” махсус тестларни ўтказишни ташкил қилиш тўғрисида ҳукумат қарорини қабул қилсин.

15. Қуйидагилар:

Марказнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш, шу жумладан, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш бўйича сифатли чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан таъсирчан назорат ўрнатиш – Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини талаб даражасида ташкил этиш, жамият соғлиғини сақлашни таъминлаш, аҳолини соғлом турмуш тарзига даъват қилиш бўйича чоралар кўриш, фуқароларда ўзининг ва атрофдагиларнинг саломатлиги учун масъуллик ҳиссини шакллантириш – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.К.Шодмонов;

аҳоли, айниқса, ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни оммалаштириш бўйича тадбирларни ташкиллаштириш ҳамда аҳолининг кенг қатламлари учун спорт иншоотлари ва инвентаридан фойдаланиш имкониятини таъминлаш – Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Х.Набиев;

таълим муассасалари ўқув дастурларига ўқувчиларни соғлом турмуш тарзини олиб бориш ва жисмоний фаоллиги даражасини оширишни таъминлаш тадбирларини киритиш, таълим муассасалари ҳудудида ўқувчиларнинг саломатлигига зиён етказадиган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилишига йўл қўймаслик – Ўзбекистон Республикасининг мактабгача таълим вазири А.В.Шин, халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматов, олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Мажидов;

Концепция ва чора-тадбирлар Дастурида белгиланган тадбирларни сифатли, ўз вақтида ва тўлиқ бажариш бўйича шахсий жавобгарлик – давлат органлари ва ташкилотларнинг раҳбарлари зиммасига юклансин.

16. Марказ Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Фаробий кўчаси, 2-уй манзили бўйича жойлаштирилсин.

17. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З. Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А. А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б. М. Мавлонов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти  Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 18 декабрь

| 565 18.12.2018



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг