70 ўринга мўлжалланган шифохонада 140 ўрин?

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат таркибда тузилган Республика ишчи гуруҳи Тошкент вилояти аҳолисига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини таҳлилий ўрганмоқда.

         70 ўринга мўлжалланган шифохонада 140 ўрин?

Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этаётган ўрганишлар давомида тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти билан яқиндан танишилмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, тиббиёт муассасаларининг шарт-шароити, беморларга яратилган имконият, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мухаррам Дадахўжаева Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ўтказган ўрганишлари давомида туман тиббиёт бирлашмаси, шифохона, қатор қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари, хусусий тиббиёт муассасаларида бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди, беморлар билан суҳбатда бўлди.

Бугунги кунда Тошкент туманида 1 та кўп тармоқли поликлиника, 3 шифохона, 5 қишлоқ оилавий поликлиникаси, 5 та қишлоқ врачлик пункти, 20 та хусусий тиббиёт муассасаси, 1 та тез тиббий ёрдам маркази ҳамда унинг 8 та шохобчаси фаолият юритмоқда.

Хусусан, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохонада аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Бироқ ўрганишлар жараёнида бу ерда шароит ва имконият борасида айрим муаммолар мавжудлиги аниқ бўлди. Масалан, аслида 70 ўринга мўлжалланган мазкур шифохонада, имкониятдан келиб чиқиб, 140 ўрин яратилган: 30 ўринли шошилинч тиббий ёрдам, 30 ўринли терапия, 30 ўринли неврология, 30 ўринли болалар ҳамда 20 ўринли режали хирургия бўлимларидан иборат.

Шунингдек, тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуналар эскириб кетган ёки етишмайди, жарроҳлик буюмлари танқислиги бор. Рентген аппарати маънан эскирган, яроқлилик муддати ўтиб кетган. Лифтнинг ишламаслиги эса, айниқса жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган беморлар учун ғоятда ноқулайлик туғдирмоқда.

— Ўрганишларимиз чоғида бу каби бошқа муаммоларни ҳам аниқлаб, уларга ечим топиш чоралари кўрилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мухаррам Дадахўжаева. — Ўйлайманки, Республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Тошкент вилоятидаги ўрганишлар жараёнида аниқланган бу сингари муаммолар халқ депутатлари вилоят кенгаши сессияси йиғилишида албатта батафсил кўриб чиқилади ҳамда ижобий бартараф этилади.

| 3656 12.03.2019



×
Портал харитаси