2019-2021 йилларда Республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

     2019-2021 йилларда Республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида

Мамлакатимизда соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш доирасида аҳолига эндокринология ёрдамини кўрсатишнинг яхлит, вертикал интеграциялашган тизими яратилди. Эндокринология муассасаларини юқори технологияли ускуналар билан жиҳозлаш ва эндокрин касалликларни профилактика, диагностика қилиш ҳамда даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, эндокринология хизматини янада ривожлантириш эпидемиологик вазиятни баҳолаш ҳамда қандли диабет ва йод танқислиги ҳолати юзага келишининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилишни, шунингдек, эндокринология йўналишларини болалар эндокринологиясининг талаб юқори бўлган йўналишлари билан биргаликда қайта кўриб чиқишни талаб этмоқда.

Ихтисослашган самарали ва замонавий эндокринология ёрдами тизимини шакллантириш, қандли диабет ва бошқа эндокрин касалликлар профилактикаси ва уларни барвақт аниқлаш чораларини янада такомиллаштириш, аҳолига ихтисослашган юқори малакали эндокринология ёрдамини кўрсатиш сифати ва имкониятларини ошириш мақсадида:

1. 2019-2021 йилларда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш миллий дастури(кейинги ўринларда – Миллий дастур) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қуйидагилар Миллий дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

эндокрин касалликларнинг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш ва аҳолини профилактика тадбирлари билан қамраб олиш бўйича вазиятни тубдан яхшилаш;

қандли диабетга чалинган беморларнинг онлайн-регистрини яратиш, беморларни даволаш амалиётига қандли диабетнинг сурункали асоратлари юзага келиши ва ривожланишини камайтиришга қаратилган клиник ёндашувларни жорий қилиш, шунингдек, беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш;

вилоятлар эндокринология диспансерлари ва филиалларидаэндокрин хирургия, диабетик тўпиқ, диабетик нефропатия ва реанимация бўлимларини ташкил қилиш орқаликўрсатилаётган тиббий хизматлар турларини кенгайтириш;

“қандли диабет” ташхиси қўйилган болалар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёлларни аналогли инсулин ҳамда инсулин юбориш учун мосламалар ва ўзини ўзи назорат қилиш воситалари билан таъминлаш бўйича комплекс чораларни амалга ошириш;

ҳудудий ўзини ўзи назорат қилиш мактаблари негизида профессионал инструкторларни жалб қилган ҳолда эндокрин касалликларга чалинган беморлар ва уларнинг оила аъзоларини касалликларни тўғри олиб бориш ва назорат қилишга ўқитиш;

эндокринология муассасаларининг тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, уларнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;

эндокринология соҳасидаги маҳаллий илмий тадқиқотлар кўламинихалқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва соғлиқни сақлаш амалиётига жаҳондаги илғор тажрибалар, илмий ишланмаларни татбиқ қилиш;

янги эндокринология муассасаларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, уларни замонавий диагностика ва махсус тиббий ускуналар, воситалар ва инвентарлар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) орқалиэндокринология муассасаларини модернизация қилиш ва уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш.

3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Миллий дастурда кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва халқаро ҳукумат молиявий ташкилотларининг имтиёзли кредитлари (қарзлари) ва грантларини жалб қилиш бўйича чоралар кўрсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг қуйидагиларни мунтазам равишда амалга оширишни кўзда тутувчи тартибни жорий этиштўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

қандли диабетнинг I тури билан касалланган болалар ва ўсмирлар учун аналогли инсулинлар ва ўзини ўзи назорат қилиш воситаларини (тест-чизиқчалар) марказлашган тарзда харид қилиш ва барча вилоят эндокринология диспансерлари орқали тарқатиш;

калий йодид препаратлари билан узлуксиз таъминлаш орқали аҳолининг касалликка чалиниш хавфи юқори бўлган гуруҳлари (болалар, ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар) орасида йод танқислиги касалликларини профилактика қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетида ушбу бандни ижро этиш учун зарур маблағларни назарда тутсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 августга қадар бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг штатлар нормативларини қўшимча эндокринолог, шу жумладан, болалар эндокринологи лавозимларини киритишни кўзда тутган ҳолда қайта кўриб чиқсин.

Маълумот учун қабул қилинсинки, эндокринолог, шу жумладан, болалар эндокринологи лавозимларини киритиш бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг мавжуд штат бирликлари доирасида амалга оширилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, аҳоли ўртасида кенг ёритилишини таъминласин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                                                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2019 йил 19 апрель

| 3634 20.04.2019



×
Портал харитаси