“Ҳукумат соати”да Халқ таълим вазирлигининг ахбороти эшитилди

Таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш ҳамда халқ таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш соҳа ривожида ва охир оқибат мамлакат тараққиётининг янада ривожланишида муҳим омил ҳисобланади.

                 “Ҳукумат соати”да Халқ  таълим вазирлигининг ахбороти эшитилди

 

Шу боис, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги “Ҳукумат соати”га “Умумий ўрта таълим мактаблари биноларини сақлаш, синфхоналари, дарсликлар ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги масала киритилди.

Мазкур масала бўйича депутатларга ахборот бериш ва уларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтариш учун парламент қуйи палатасига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров таклиф этилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида барча соҳалардаги каби таълим йўналишида ҳам чуқур ислоҳотлар, янгиланишларни амалга оширишга қаратилган қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Айниқса, таълим сифатини яхшилаш, мактаб ўқувчиларига зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида тизимли чора-тадбирлар бажарилди. Хусусан, дарсликларни такомиллаштиришда инновацион ёндашув асосида ўқувчиларни мантиқий фикрлашга йўналтирилган таълимий ўйинлар, машқлар, масалалар, топшириқлар дарсликлар мазмунига сингдирилди. Ўқувчиларнинг фикрлаш ва амалий кўникмаларини шакллантиришга қаратилган халқаро баҳолаш дастури PISA, TIMSS талабларига мос келадиган лаборатория ва амалий топшириқлар билан бойитилди.

Шунингдек, халқ таълими тизимидаги умумтаълим мактабларининг ўқув ва бошқарув жараёнини автоматлаштириш мақсадида “Мактаб таълим жараёнини бошқаришнинг автоматлаштирилган дастурий тизими – xt.uzedu.uz” ва OPENEMIS (emis.uzedu.uz) ахборот тизими йўлга қўйилди.

Ахборотда қайд этилганидек, бугунги кунда республикамиздаги умумтаълим мактабларининг жиҳозланиш даражаси 72 фоиздан ошмайди. Улар ҳам замонавий эмас, бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб беради, деб бўлмайди. 50 фоизи маънан ва жисмонан эскирган. Шу жумладан, мактабларда жами 11 минг 468 та комплект компьютер техникалари мавжуд бўлиб, мактабларнинг бу борадаги таъминлаганлик даражаси 72,1 фоизга етади. 2018 йилда жами 1 716 та умумтаълим мактаби замонавий компьютер синфлари (интерактив панел, проектор, компьютер, кондиционер) билан таъминланди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2020-2024 йилларда спорт иншоотларини қуриш-таъмирлаш ва жиҳозлаш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда 2 302 та умумтаълим мактабида спорт заллари барпо этиш, 9 446 та спорт залини жиҳозлаш назарда тутилган.

Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, умумтаълим мактабларининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, уларни қуриш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини 2030 йилга қадар тўлиқ якунлаш белгиланган.

“Ҳукумат соати”да Умумтаълим муассасалари битирувчилари шаҳодатномасини электрон рақамли имзо орқали тасдиқлаш тизими (attestat.uzedu.uz)нинг яратилгани, мактабнинг 1-синларига қабул қилиш Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (qabul.uzedu.uz) орқали электрон тарзад амалга оширилаётганлиги депутатлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Парламент аъзоларининг қайд этишича, вилоятлар марказлари, айниқса, Тошкент шаҳридаги аксарият мактабларда битта синфдаги ўқувчилар сони белгиланган нормативдан юқори – 40 нафардан ортиқни ташкил этмоқда. Бу санитария-гигиена талабларига ҳам жавоб бермайди. Қолаверса, ўқувчиларнинг сифатли таълим олишида муайян тўсиқларни юзага келтирмоқда.

Тадбирда депутатлар томонидан кўтарилган шу каби кўплаб масалаларни бартараф этиш юзасидан Халқ таълими вазирлигининг аниқ ёндашуви, истиқболдаги режалари атрофлича баён этилди.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой кечган “Ҳукумат соати”да Халқ таълим вазирлигига умумий ўрта таълим мактаблари биноларини сақлаш, синфхоналари, дарсликлар, лаборатория жиҳозлари ҳамда ўқув анжомлари билан таъминлаш ҳолатини янада яхшилаш чора-тадбирларини кўриш юзасидан аниқ тавсиялар берилди. Айниқса, тизимда олиб борилаётган ишларни янада жонлантириш, соҳада ўқитиш методикасини такомиллаштириш, таълим-тарбия жараёнига илғор услубларни, хусусан, индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш масалалари юзасидан бир қатор тавсиялар берилди.

Соҳага оид барча ютуқ, камчиликлар, долзарб муаммолар маорифчилар ҳамда парламент аъзолари томонидан қизғин ва амалий руҳда муҳокама этилди, аниқ вазифалар белгиланди, келгусида тадбирлар ижроси устида самарали парламент назоратини олиб боришга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

| 3846 06.05.2019



×
Портал харитаси