Реклама соҳасидаги муносабатлар янада такомиллаштирилади

Жорий йилнинг 25 июль куни парламент қуйи палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда «Реклама соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Замонавий дунёни рекламасиз тасаввур этиш мушкул. Телевидение, радио, уйдан кўчага чиққанимизда, транспортдан фойдаланганимизда супермаркет ёки интернетга кирганимизда биз билан ҳамрох. Бугун у ривожланиб бормоқда. Шундай экан соҳадаги муносабатларни тартибга солишни эса хаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Жорий йилнинг 25 июль куни парламент қуйи палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда «Реклама соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Масаланинг ижтимоий, иқтисодий аҳамиятдан келиб чиқиб, тадбирга вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари, реклама соҳаси бўйича олимлар ва экспертлар, ҳуқуқшунослар ва иқтисодчилар таклиф этилди.

Мақсад реклама соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш масалаларини ҳар томонлама муҳокама қилиш ва Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонуни лойиҳасини такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Давра суҳбатида реклама фаолияти ва реклама бозорини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида замонавий дунёда рекламани тартибга солишнинг янги ҳуқуқий меҳанизмлари қўлланилаётганлиги қайд этилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда реклама фаолияти 1998 йилда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда 6 та қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади. Ўтган давр мобайнида қонунга 14 маротаба тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Охирги йилларда электрон тижорат ва маҳсулотларнинг хавфсизлигини такомиллаштиришга, шунингдек вояга етмаганлар учун дори воситаларини реклама қилишга рухсат бериш таомилларини соддалаштиришга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Иштирокчилар томонидан фикр билдирилар экан амалдаги қонуннинг нормалари сезиларли даражада эскирганлигини, замонавий реклама бозори талабларига жавоб бермаслиги айтиб ўтилди. Хусусан, унда электрон тижоратда товар (хизмат)ларни реклама қилишга нисбатан талабларни белгиловчи қоидалар мавжуд эмас, шунингдек товарларнинг харидини рағбатлантирувчи тадбирларни реклама қилиш тартибга солинмаган. Қонунда товарларнинг бозорда харидорлигини оширишнинг кенг усулларидан бири реклама акцияси тушунчаси ва уни ўтказиш тартиби назарда тутилмаган. Дори воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, спиртли ичимликлар ва тамаки муҳсулотларининг рекламаси тўғрисидаги нормаларни янада такомиллаштириш зарурати мавжуд.

Ана шу жиҳатлардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ушбу соҳада тўғридан-тўғри амал қилувчи ва замонавий талабларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, унга мувофиқ рекламани тайёрлаш, тарқатиш, жойлаштириш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш масаласи янада такомиллаштирилмоқда.

Тадбирга жалб қилинган халқаро эксперт ва мутахассислар Қонун лойиҳасининг нормалари ва принциплари тўлиқ ҳалқаро қоидаларга жавоб беришини ва тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан хорижий инвесторлар ва реклама соҳасини тартибга солиш жараёнидаги бошқа иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатловчи норматив ҳужжат бўлишини қайд этишди.

Ўтказилган тадбир реклама соҳасидаги қонунчиликни тартибга солишнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш, миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш учун тегишли таклифларни ишлаб чиқиш имконини берди.

| 162 25.07.2019



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг