Навоий шаҳрида Тошкент ахборот технологиялари университетининг Навоий филиалини очиш тўғрисида
Жамоавий мурожаат матни
Навоий вилояти табиий ресурсларга бой ҳудуд бўлиб, вилоятда йирик саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 2008 йилда вилоятда Навоий эркин индустриал-иқтисодий зонаси ташкил этилиб, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой ва Сингапур каби хорижий ҳамкорлар билан кенг кўламли фаолият олиб борилмоқда. Ушбу ҳудудда жойлашган саноат корхоналари ва бошқа давлат ҳамда хусусий ташкилотлар фаолиятида замонавий ахборот технологиялари кенг қўлланилмоқда. Олиб келинаётган технологияларнинг кўпчилиги интеллектуал тизимларга асосланган, яъни компьютерлар бошқарувида ишлайди ва бу, ўз навбатида, ҳудудда ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассисларни талаб қилади. Шунинг учун, Навоий шаҳрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг филиали ташкил қилинса, Навоий ва Бухоро вилоятлари ёшлари учун замонавий касбни эгаллашлари, натижада Республикамиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшишга замин яратилган бўлар эди. Ҳозирги кунда вилоятда 2 та олий ўқув юрти фаолият кўрсатмоқда, бу эса вилоят салоҳиятига нисбатан жуда паст кўрсаткич ҳисобланади. Масалан, 2018-2019 ўқув йили учун иккита олий ўқув юрти кундузги бўлимига 20 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, шундан 2 минг 700 дан ортиғи талабаликка қабул қилинган.
Жамоавий мурожаат / ғоя ни амалга ошириш
Навоий шаҳрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети филиалининг ташкил этилиши натижасида Навоий ва Бухоро вилояти ҳудудидаги саноат корхоналарини, шунингдек бошқа тармоқларни ахборот технологиялари бўйича зарур мутахассислар билан таъминлашга эришилади, шунингдек кўпгина иқтидорли ёшлар олий таълим муассасасига қамраб олинади. Шу сабабдан, мазкур филиал очилишини қўллаб-қувватлашингизни сўрайман.
Ваколатли давлат органи қарори Сана: 2019-06-18 18:37:56
“Навоий вилоятида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Навоий филиалини очиш тўғрисида”ги электрон жамоавий мурожаат юзасидан “Навоий вилоятида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Навоий филиалини очиш тўғрисида”ги электрон жамоавий мурожаат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети вакиллари томонидан жойига чиқиб ўрганилди. Навоий вилоятида бугунги кунда 2 та олий таълим муассасасида АКТ йўналишида 9 нафар илмий салоҳиятга эга профессор-ўқитувчи мавжуд бўлиб, шундан 4 нафари техника, 4 нафари физика-математика ҳамда 1 нафари педагогика фанлари номзоди. Шунингдек, 2019-2020 ўқув йили учун ТАТУнинг қабул квоталарини шакллантириш мақсадида иш берувчиларнинг АКТ йўналишидаги кадрларга бўлган эҳтиёжлари ўрганилганда Навоий вилояти иш берувчи ташкилотлари томонидан 83 та эҳтиёж келиб тушган. Бугунги кунда республика ҳудудлари бўйича аҳоли ўқиши учун қулайликлар яратишни таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрида жойлашган (ТАТУ) – Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари, Самарқанд филиали – Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятлари, Нукус филиали – Қорақалпоғистон Республикаси, Урганч филиали – Хоразм вилояти ва қисман Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона филиали – Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари учун АКТ соҳасида кадрлар тайёрламоқда. Жумладан, ТАТУ ва унинг Самарқанд филиалида 2019-2020 ўқув йилида доимий яшаш жойи Навоий вилояти бўлган 300 нафарга яқин талабалар АКТ йўналишида таҳсил олишмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 майдаги ПФ–5719-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 20 майдаги 24/1-220-сон топшириғида Навоий вилоятида саноат, инжиниринг, технологиялар ва IT дастурлашнинг устувор йўналишлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослаштирилган хорижий олий ўқув юрти филиалини ташкил қилиш вазифаси юклатилган. Навоий вилояти хокимлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига вилоятда Қозоғистон халқаро гуманитар-техника университети филиалини ташкил этиш бўйича таклиф киритган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Навоий вилоятида саноат, инжиниринг, технологиялар ва IT дастурлашнинг устувор йўналишлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослаштирилган хорижий олий ўқув юрти филиалини ташкил қилиш орқали вилоятда АКТ йўналишида кадрлар тайёрлашни таъминлаш мақсадга мувофиқ.
7843
Изоҳлар (20)
BURONOV ALISHER XOLMURODOVICH
Энг оғриқли нуқта Ўқитувчи кадрлар масаласи, агар ҳамма жойда бўлгани каби ўртаҳол ўқитувчилар ўқитса ундан кўра очмаган маъқул. Чунки давлатнинг шунча пулини бекорга сарфлаш бўлади. Лекин қани энди ҳақиқий дастурчилар, Инженер-электроник ва бошқалар етишиб чикса эди
3 Май 2019, 16:47
BOTIROVA KAMOLA ERKINOVNA
Navoiy viloyatida ham TATU filialining ochilishi juda o'rinli. Dasturlash va axborot kommunikatsiya texnologiyalarini o'rganish hamda yetuk mutaxassislar tayyorlashda hududlar qamrovini kengaytirishni maqullaymiz!
4 Апрель 2019, 21:05
DJUMANAZAROV ODIL XAYITKULOVICH
Жуда яхши фикр. Қўллаб қувватлайман. Олий ўқув юртининг очилиши нафақат ушбу соҳа ривожига балки ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. М.: Самарқанд ва Бухорода тиббиёт олий ўқув юртларининг мавжудлиги ушбу вилоятларда медицина ривожига яхшигина таъсир этган. Қолаверса чет эл олий ўқув юртларининг филиалларини фақатгина пойтахтда очавермасдан вилоятларгаям эътибор берилса яхши бўларди
3 Апрель 2019, 21:39
ATADJANOV XAJIBAY SABUROVICH
Биратўла ахборот технологияси, механика ва оптика миллий университетини ташкил килиш зарур. Сабаби тармоқлар оптика билан уланаяпти. Ва шу билан бирга олдинда жуда катта тармоқлар яратиш вазифаси турибди. Навоийда оптик кабель заводи бор. Тоғ металургиясиягаям АКТ ва механика жуда зарур. Университет йўналиши аниқ бўлади. Албатта агар ўқитадиган кадрлар билан таъминланса.
3 Апрель 2019, 09:45
JO‘RAYEV SARDOR UMRUZOQ O‘G‘LI
Yaxshi fikr. Ayniqsa sirtqi ta'limni yo'lga qo'ysa juda ham ajoyib bo'lar edi.
29 Март 2019, 09:00

Изоҳ қолдириш

Изоҳ қолдириш учун id.gov.uz тизими орқали рўйхатдан ўтишингиз лозим
Created with Highcharts 5.0.4

Барча овозлар сони

  • Кўриб чиқилган
Жамоавий мурожаатни улашиш
×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг