Барча ёқлаб берилган овозлар сони
Тўпланиши лозим бўлган овозлар сони: 10000
Миллий қонунчиликдаги пеня тўлаш тартибини бекор қилиш ҳамда коммунал хизматлар бўйича қарздорликни судда кўриш тартибини соддалаштириш ҳақида
- Йўналиш:Қонунчилик
- Сана:2019-03-04 22:44:11
- Муаллиф:YUSUPOV SHUXRATJON YUSUPOVICH
Жамоавий мурожаат матни
Ҳозирда кўплаб соҳаларда фуқаролар учун қулайликлар яратилиб, кундан-кунга ҳаётимиздан бизни қийнаётган муаммолар чиқиб кетмоқда. Бироқ яна бир эътибор қаратилиши лозим бўлган долзарб масала бор. Бу – коммунал соҳа билан боғлиқ. Менинг назаримда, коммунал тўловлардаги қўшиладиган пеняларни бекор қилиш керак. Агар тўлов муддати ўтиб кетса, марҳамат, суд орқали ёки Мажбурий ижро бюроси томонидан огоҳлантирилсин ва ундирилсин. Тўлов эртами-кечми, барибир, ундирилади. Ахир, асосий қарзни ўз вақтида тўлай олмаётган, молиявий қийинчиликлар гирдобида қолган одам пеняни қандай тўласин. Тўғри, ҳар куни биз коммунал хизматлардан фойдаланамиз, ҳаётимиз улар билан бевосита боғлиқ. Бироқ, инсонда молиявий ҳолат доимий барқарор ҳолатда бўлмаслиги аниқ. Мазкур ҳолатларни инобатга олган ҳолда фуқароларимиз учун шу соҳада ҳам бироз енгиллик яратилса, айни муддао бўлган бўлар эди.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув бўйича (табиий газ, электр энергияси ва совуқ сув Мажбурий ижро бюроси назоратига олиб берилган) коммунал тўловлар учун нореал қарздорлик манфаатдор корхона томонидан ҳисобланиб, фуқаролик судларига даъво ариза билан топширилмоқда. Қизиғи шундаки, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан уларнинг аризалари бир тарафлама, фуқароларнинг иштирокисиз кўриб чиқилиб, қаноатлантирилиши ва нореал қарздорликларни ундириш юзасидан суд буйруқлари чиқарилмоқда, ушбу суд буйруқлари эса бир неча ой ўтиб, давлат ижрочисига юборилмоқда. Шундан сўнг, давлат ижрочисига қарздорлик аслида мавжуд эмаслигини исботлаш ва узундан-узоқ навбатда туриб таъминловчи корхонадан қарздорлик мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномани олиб давлат ижрочисига тақдим этиш лозим бўлади.
Энг ачинарлиси, ўзининг иштирокисиз кўриб чиқилиб, қабул қилинган суд буйруғи бўйича ундирилиши лозим бўлган нореал қарздорлик суммасининг
20 фоизи миқдорида давлат божи, 1 фоизи миқдорида ижро йиғими ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баробаридан 10 баробари миқдоригача жарима тўлаш ёки суд буйруғини бекор қилиш юзасидан давлат божининг 50 фоизини тўлаган ҳолда ариза киритиш (адвокат харажатларини тўлаш ва ҳокозо) лозим бўлади.
Жамоавий мурожаат / ғоя ни амалга ошириш
Шу сабабли, фуқароларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида коммунал тўловлар масаласида қарздордан асосий қарздан ташқари пеняни ундириш тартибини бекор қилиниши ва фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларининг олдини олиш мақсадида Фуқаролик процессуал кодексининг 171-моддасининг 1-қисми, 3-банди (коммунал хизматлар ёки алоқа хизматлари тўлови бўйича қазрдорликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса)ни бекор қилинишини ва мазкур тарздаги ишларни умумий тартибда кўриб чиқишни таклиф қиламан.
Изоҳлар (6)
SHERJONOV MANSURBEK MAXSUDBEKOVICH
Жуда тўғри таклиф пеня ортиқча қийинчилик туғдиради, айниқса кам таъминланган оилалар учун
21 Июль 2019, 13:47
SATTAROV ISROIL XAMRAYEVICH
Ягона биллинг тизимига улаш ишлари кетмокда. Самарканд вилоятида сезиларли ишлар амалга оширилди. Пулингиз тугаса смс келади. Пул ташлаб куйсангиз свет учмайди. Шу тизим тулик ишга тушса бунака гапларга урин хам колмайди
28 Май 2019, 03:58
IBRAGIMOV ASQAR AXMADOVICH
Таклифда пеняни қолдириб, ФПК нинг 171-м 1-қ 3-бандини бекор қилиш керак
24 Май 2019, 12:33
ZAYLOBOV DONIYORJON AZAMJON O‘G‘LI
Пеня истеъмолчини тўловларни ўз вақтида тўлашга ундайди. Агар ўз вақтида тўланса ҳам, ёки маълум муддат ўтгандан кейин суд орқали МИБ ундирса ҳам бир хил сумма тўланса, истеъмолчида ўз вақтида тўлов қилишга интилмайди. Яна қарздорлик кўпаяди. Таъминотчи корхоналар эса инфляция хисобига катта зарар кўради.
23 Май 2019, 22:11
CHORIYEV XAMID AZAMOVICH
Фикрларга тўлиқ қўшилган ҳолда, ўз таклифларимни билдирсам. Биз одатда мобил компанияларининг сим карталарини ишлатганимизда пули тўланмаса тармоқ автоматик узилади, чунки барча мобил компанияларда ягона билинг тизими мавжуд, шу билинг тизими ўзи автоматик тарзда ўчиради. Энди тассаввур қилинг вақтида тўланмаган мобил компания тўлови учун қўшимча пеня туғилса, йўқ асло бу ҳолат бўлмайди, қўнғироқ қилиш абонент учун керакми пулини тўлайди вассалом. Электр, газ ва сув одатда ҳамма юртдошларимизда счётчик орқали ишлатилади, келинг шу счётчикларга сим карта орқали ишлайдиган усулга ўтсак, пули тугадими автоматик билинг тизими коммунал тизимни ўчиради ва ўз-ўзидан абонент тўловни ҳозирги кунда ҳамма учун қулай нақдсиз шаклда амалга оширувчи Payme, Click ва бошқа тизимларда амалга оширади ва шу онда электр токини билинг тизими улаб юборади. Бу учун квитанция ҳам шарт эмас. Бу тизим жорий қилиниши билан шу тизимдаги ҳисоб-китобда аниқ бўлмаган барча қарздорлик ҳам ўз-ўзидан йўқолади.
23 Май 2019, 16:21
Изоҳ қолдириш
Изоҳ қолдириш учун id.egov.uz тизими орқали рўйхатдан ўтишингиз лозим