- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9309
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7971
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7697
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6835
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6480
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида (кейинги ўринларда Ҳаракатлар стратегияси деб юритилади) қабул қилинаётган қонунларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирилган қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Шу билан бирга, белгиланган кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши маълум даражада ўтган йилларда шаклланган қонунчилик базасига, шунингдек, норма ижодкорлиги жараёни сифатига боғлиқ.
Ушбу йўналишда мавжуд бўлган камчиликлар турли соҳалардаги ижтимоий муносабатларни тарқоқ ҳолда тартибга солиш салбий амалиётининг давом этишига олиб келмоқда, бу эса ҳуқуқий коллизиялар, ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилиш ва мураккабликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Бугунги кун воқелиги тизимли муаммоларга тезкорлик билан муносабат билдиришни талаб қилади, уларнинг ечимлари йўқлиги мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларда акс этмоқда. Бироқ, бу борада қўлланилаётган норма ижодкорлиги ёндашуви қонун ҳужжатларининг мамлакат иқтисодиёти тармоқларига таъсирини баҳолаш заруриятини ҳисобга олмаяпти ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда фуқароларнинг ҳаёти ва фаровонлигини яхшилашга доир вазифаларга эришишни таъминламаяпти.
Шу билан бирга, умумий тусга эга бўлган қонунлар кўплиги, шунингдек, уларни амалга оширишнинг муайян механизмисиз айрим қарорларнинг қабул қилиниши, умуман давлат ва жамият ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда, ижтимоий муносабатларни асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солишга олиб келмоқда.
Тизимлаштирилган қонунчилик базасини шакллантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил рўёбга чиқариш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ;
Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда – Амалий чора-тадбирлар режаси) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
қонунчилик базасини тизимлаштириш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш барқарорлигини таъминлаш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, шунингдек, уларнинг ижроси мониторингини такомиллаштириш;
норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
норма ижодкорлигида “ақлли тартибга солиш” модели элементларини қўллаш;
норма ижодкорлиги фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштириш.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги тартибни белгилаш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин:
давлат органлари томонидан қонунларни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ташаббусига фақатгина ушбу органларнинг кўтарилаётган масалалар ёки муаммоларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган амалдаги нормалар ва маъмурий тартиб-таомиллар орқали ҳал қилиш ваколати бўлмаган тақдирда йўл қўйилади;
қонунларни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини қўллаш, улар кучга кирган пайтдан эътиборан ижросини ташкил этиш юзасидан қўшимча ички идоравий ҳужжатлар қабул қилишга доир мажбуриятлар юклатилмаган ҳолда амалга оширилади;
қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш чоғида унга, қоида тариқасида, қонун ва қонуности ҳужжатларини такомиллаштириш, ташкилий-техник чораларни амалга ошириш, шунингдек, қонун лойиҳасини кенг кўламда тарқатиш ҳамда унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилиш бўйича масалаларни ўз ичига олган қонун лойиҳасини амалга оширишга доир тадбирлар режасини илова қилади. Бунда, тадбирлар режаси қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан маъқуллаш билан бир вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан унинг ижроси устидан таъсирчан назоратни таъминлаган ҳолда тасдиқланади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларида улар қабул қилинганидан кейин алоҳида тадбирлар ва назорат режаларини, шунингдек, “йўл хариталари”ни қўшимча тарзда тасдиқламаган ҳолда аниқ топшириқлар ва уларни амалга ошириш механизмларини белгиловчи нормалар, муддатлар ва масъул ижрочилар мажбурий равишда назарда тутилади;
янги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи айнан бир хил юридик кучга эга ҳужжатни бекор қилиш билан бир вақтда ёки унга таклиф этиладиган ўзгартишлар киритиш орқали, шу жумладан, уни янги таҳрирда баён этган ҳолда амалга оширилиши лозим.
4. Қуйидагиларга:
а) Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси палаталарига Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда уч ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, уларга илова қилинаётган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиётини ишлаб чиқиш;
б) Ўзбекистон Республикаси Олий судига Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ҳамда уларни манфаатдор идоралар билан келишиш тартибини тасдиқлаш;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда илгари фаолият юритган Олий хўжалик суди Пленумининг қарорларини хатловдан ўтказиш ҳамда уларни тизимлаштириш, қонунчиликдаги ўзгаришларни, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ноаниқликлар истисно этилишини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда уларни қайта тасдиқлаш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2019 йил 1 январдан эътиборан қуйидагиларни тугатиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:
давлат органлари ва ташкилотларининг “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ахборотномаси”, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари тўплами” ва “Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами”га обуна бўлиш;
“Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ахборотномаси”, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари тўплами”, “Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами”ни уларни Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига (www.lex.uz) ўтказган ҳолда нашр этиш, бундан архивларда, ахборот-ресурс марказларида сақлаш учун, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар талабларига кўра тайёрланадиган нусхалар мустасно.
6. Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) 3-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
7. Комиссия (Н.Исмоилов):
а) Концепция ва Амалий чора-тадбирлар режасини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқишни ва белгиланган тартибда киритишни таъминласин;
б) Концепцияни амалга ошириш доирасида фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, илмий доиралар ва хорижий экспертларни кенг жалб этган ҳолда учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва матбуот конференцияларини ташкил этсин;
в) бир ой муддатда қонунчилик базасини тўлиқ хатловдан ўтказиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қуйидагилар асосида қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритсин:
аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи (сайлов тизими, архитектура ва қурилиш, таълим, инвестициялар, тадбиркорлик фаолияти ва бошқалар) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш;
амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқ ҳолда ижтимоий муносабатларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан амалий ва самарали тартибга солиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар даражасида мустаҳкамлаш талаб этиладиган юқори юридик кучга эга нормаларни белгилаш;
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш;
умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш;
асоссиз чекловлар, ортиқча маъмурий тартиб таомиллар ва эскирган тартибга солиш механизмларининг мавжудлиги;
г) икки ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларини юқори юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатларига ўтказиш ва “тартибга солиш гильотинаси” усулини қўллаш орқали қолган ҳужжатларни, шу жумладан, қонунчиликни тизимлаштириш доирасида ҳар бир идоранинг ваколатини босқичма-босқич камайтириш ва бекор қилишни назарда тутувчи, улар томонидан қабул қилинаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аниқ рўйхатини белгилаш бўйича таклиф киритсин.
д) икки ой муддатда қонунчиликни тизимлаштириш жараёнида фойдаланиш мақсадида халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсиялари, кўриб чиқилиши зарур бўлган халқаро шартномалар талаблари ҳамда мажбурий тартибда риоя қилиниши керак бўлган ва хуқуқий базадан чиқариб юборилмайдиган талаблар бўйича ягона оммабоп рўйхатнинг шакллантирилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар қуйидагиларни таъминласин:
а) Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини ишлаб чиқиш ва синов тариқасида ишга тушириш, бунда:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишиш жараёнини бошқариш ва назорат қилиш, шу жумладан, маъсул идоралар, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан лойиҳаларга электрон кўринишдаги виза қўйишни амалга ошириш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиш бўйича идоралараро электрон ҳамкорликни, шунингдек, уларни ишлаб чиқиш жараёни мониторинг қилинишини таъминлаш;
лойиҳаларни жамоатчилик ва касбий доирада муҳокама қилиш, шу жумладан, фойда, харажат ва кутилаётган натижалар таҳлилини ҳамда уларнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига, ижтимоий соҳага, тадбиркорлик фаолиятига, атроф-муҳит ҳолатига таъсирини, шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни баҳолаш имконини яратиш;
б) Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси тизимини, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутган ҳолда модернизация қилиш:
миллий қонунчиликнинг мавзули маълумотномасини такомиллаштириш;
ҳаволалар ёки муайян бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатиб берган ҳаволаки нормаларга эга бўлган норматив-ҳуқуқий хужжатлар тўғрисидаги маълумотларни қўшимча ахборот сифатида кўрсатиш;
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи, шунингдек, чет эл инвесторлари учун муҳим аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг чет тилларига расмий таржимасини таъминлаш.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Қонун ҳужжатларининг таъсирчанлигини баҳолаш тизими” порталининг Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими таркибий қисми сифатида унга интеграция қилинишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Фанлар академияси ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 февралга қадар муддатда илмий эксперт доиралари вакиллари, олий ўқув юртлари талабалари ва илмий даражалар олиш учун талабгорлар томонидан илмий-таҳлилий фаолият асосида ишлаб чиқилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ўз ичига олган онлайн оммабоп ахборот тизимини яратсин ва уни мунтазам равишда янгилаб борсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
Концепция ва Амалий чора-тадбирлар режасини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ва ўз вақтида тайёрланиши, келишилиши ва киритилиши устидан мониторинг ўтказилишини таъминласин;
ҳар ойда Комиссияга мониторинг натижалари тўғрисида ахборот киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Амалий чора-тадбирлар режасида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашда масъул органлар ва ташкилотларга илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан кўмаклашсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Комиссияга норма ижодкорлиги соҳасида илғор хорижий мамлакатларнинг қонунчилигини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини, зарур ҳолларда, хорижий (халқаро) ташкилотлар вакилларини жалб этган ҳолда ўрганишни ташкил этишга кўмаклашсин.
13. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2018 йил 8 август