- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9350
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 8017
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7751
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6883
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6527
2018 йил 13 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг кенгайтирилган эшитуви бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Ички ишлар, Адлия, Ташқи ишлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш вазирликлари масъул ходимлари, Бош прокуратура, Давлат божхона, Давлат солиқ қўмиталари, Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети вакиллари, экспертлар гуруҳи ҳамда журналистлар қатнашди.
Тадбирда таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбиянинг аҳволи тўғрисида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг ахбороти эшитилди.
Ахборотда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш билан бир қаторда, барча таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим-тарбия сифатини оширишга қаратилган устувор вазифалар белгиланган.
Айни пайтда мазкур вазифаларни тўла-тўкис бажариш борасидаги муайян ишлар қилинмоқда. Бироқ, эшитувда қайд этилганидек, ҳозирда ўрта мактабларда конституция, ҳуқуқ каби муҳим фанларни ўқитишда айрим муаммо ва камчиликлар ҳам мавжуд.
Хусусан, «Конституция алифбоси» фани 1-4-синфларда алоҳида предмет сифатида эмас, балки «Ўқиш», «Атрофимиздаги олам», «Табиатшунослик», «Одобнома» фанлари ва тарбиявий соат таркибида ўқитилмоқда. «Конституция оламига саёҳат» фанидан эса, 5-6-синфларда «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари»га ажратилган соатлар доирасида дарс берилмоқда. «Конституциявий ҳуқуқ асослари» ўқув предмети бўйича – 9-синфда, шунингдек, «Давлат ва ҳуқуқ асослари» ўқув предмети бўйича 8, 10 ва 11- синфларда ҳафтасига атиги бир соатдан ўқитилади, холос.
Ҳуқуққа доир фанлар ўқувчилар эгаллаши лозим бўлган мажбурий малака талабларига киришига қарамай, умумтаълим мактаблари ўқувчилари бу фанлардан имтиҳон топширмайди.
Агар умумтаълим мактабларининг 8-синф ўқувчилари синфдан-синфга ўтишда учта фандан бири сифатида «Давлат ва ҳуқуқ асослари» ўқув предметини танласа, ўшандагина бу фандан имтиҳон топшириши мумкин. Табиийки, ҳуқуққа доир фаннинг бир қадар мураккаблиги ва уни ўзлаштириш нисбатан қийинроқ эканидан келиб чиқилса, демак, 8-синф ўқувчилари ҳам ушбу дарсдан имтиҳон топширмаслиги ўз-ўзидан равшанлашади.
Депутатларнинг фикрича, ҳуқуққа доир фанларни ўқитишда кадрлар салоҳияти ҳам етарли даражада эмас. Республикадаги мавжуд умумтаълим мактабларида «Давлат ва ҳуқуқ асослари» фанидан дарс бераётган жами 9 минг 255 нафар ўқитувчининг бор-йўғи 88 нафари (0,95 фоиз) «Юриспруденция» мутахассислигига, 3 минг 931 нафари (42,5 фоизи) «Миллий ғоя ва ҳуқуқ» мутахассислигига эга. Қолганлари эса, она тили ва адабиёти, тарих ва архивариус, сиёсатшунос мутахассислардир.
Ўзаро мунозара, савоб-жавоб тарзида кечган эшитувда нафақат халқ таълими тизимида, балки олий ва ўрта махсус таълим тизимида ҳам ҳуқуққа доир фанларни ўқитишни ҳамда кадрлар тайёрлашни сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтариш масаласи атрофлича муҳокама этилди. Бу борада мутахассис ва экспертларнинг таклиф ва тавсиялари эшитилди. Жумладан, ҳуқуққа доир фанлардан сифатли таълим бериш даражасини ҳар томонлама ошириш мақсадида Тошкент давлат юридик университетини бевосита таянч олий таълим муассасаси сифатида белгилаш, университет таркибида ҳуқуқшунослик ва ҳуқуқий таълим бўйича педагог кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, мазкур фан ўқитувчиларининг билими ва педагогик маҳоратини юксалтиришга қаратилган таъсирчан амалий чораларни кўриш, ўқув предметлари, дарсликлар сифатини давр талаблари асосида тубдан ошириш, ҳуқуқ фанларига оид дарслик ва қўлланмаларда, шунингдек, мазкур фанларни ўқитиш жараёнида такрорланишларнинг олдини олиш ҳамда мураккаб терминологияни қўллашдан сақланиш лозимлиги таъкидланди. Бунда, иштирокчилар фикрича, якдил хулосага келиш учун ҳуқуқий дарсликлар муаллифлари ўртасида самарали ҳамкорлик муҳитини яратиш муҳим аҳамиятга эга.
Эшитувда таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим-тарбия бериш, умуман, ҳуқуқий таълим соҳасида давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги аҳволни тубдан яхшилашга доир тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбир якунида қўмита эшитуви бўйича тегишли қарор қабул қилинди.