- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9299
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7961
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7684
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6826
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6470
2018 йил 27 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, мамлакатимиз ҳамда чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
2018 йил 27 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, мамлакатимиз ҳамда чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди. Ялпи мажлис кун тартиби тасдиқланганидан кейин сенаторлар кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилишга киришди.
Парламент аъзолари ишни янги таҳрирдаги “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокамасидан бошладилар.
Ушбу Қонун божхона органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, фуқаролар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг қўшимча ҳуқуқий механизмларини яратишга қаратилгани таъкидланди.
Қонунга мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳимоялаш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш, қонун ҳужжатлари бузилишларининг, шу жумладан контрабанданинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бунга чек қўйиш Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизматининг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда.
Шу билан бирга, Қонунда божхона органларининг ҳуқуқбузарликлар олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқий маданиятини ошириш, хавфни бошқариш тизими қўлланилиши самарадорлигининг мунтазам мониторингини амалга ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ва назоратнинг техник воситаларини қўллаш, божхона ишини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, ташқи савдо операцияларининг мониторингини амалга ошириш, экспорт-импорт шартномаларининг ижросини таҳлил қилиш, шунингдек ташқи савдо операцияларининг божхона органларига тааллуқли қисмини ўтказишда валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш, товарларнинг ташқи савдосига доир божхона статистикасини ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатурасини юритиш каби янги вазифалари белгилаб берилмоқда.
Божхона органлари фаолиятининг қонунийлик, ягоналик, очиқлик ва шаффофлик, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилишдан иборат асосий принциплари қонунчилик йўли билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Таъкидланганидек, ушбу Қонунда ходимларнинг қўшимча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари назарда тутилмоқда ҳамда хизматни ўташнинг қуйидаги батафсил тартиби ва шартлари белгилаб берилмоқда: хизматга қабул қилиш, махсус унвонлар бериш, бу унвонларни пасайтириш ва улардан маҳрум қилиш, ходимларни тайинлаш ва озод этиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ходимларни сафарга юбориш, аттестациядан ўтказиш, уларга таътиллар бериш, хизмат муддатини узайтириш, хизматдан бўшатиш ва хизматга тиклаш, хизматни ўташ режимини таъминлаш. Шунингдек, божхона хизмати органлари ходимларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш чораларига аниқлик киритилмоқда.
Сўзга чиққанлар қайд этганидек, Қонун божхона органлари ходимлари мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳуқуқий хатти-ҳаракатлар кафолатларини мустаҳкамлашга, уларни моддий ва ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Таъкидланганидек, Қонунда Ўзбекистон фуқароларини ҳам мамлакатимиз корхоналарида, ҳам хорижда ишга жойлаштириш имкониятларини ошириш ва кенгайтириш, давлат хизматлари ва хусусий бандлик сектори ҳамкорлигининг механизмларини аниқ тартибга солиш, ишга жойлаштириш хизматларини кўрсатиш тартиби ва шартларини, шу жумладан хусусий бандлик агентликларининг, корхоналарнинг ва иш қидираётган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб бериш назарда тутилмоқда.
Қонунда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг хусусий бандлик агентликлари фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари мустаҳкамланмоқда. Қонун нормаларига мувофиқ давлат органлари ва бошқа ташкилотлар аҳоли бандлигини таъминлашга, шу жумладан хорижда фуқароларни иш билан таъминлашга қаратилган дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга хусусий бандлик агентликларини жалб қилиш, фуқароларни ишга жойлаштириш соҳасидаги давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш, фуқароларни ишга жойлаштириш масалалари бўйича ахборот кампаниялари, конференциялар, симпозиумлар, семинарлар тайёрлаш ва ўтказишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов жараёнининг очиқ-ошкоралиги принципларига риоя этишга, фуқаролар йиғинлари раҳбарларининг давлат органларидан мустақиллигини таъминлашга, фуқаролар йиғинларининг кадрлар салоҳиятини ва маҳалла институти фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган. Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ваколат муддати икки ярим йилдан уч йилгача узайтирилмоқда.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқароларнинг кенгроқ иштирокини таъминлаш мақсадида Қонунда мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди аҳолиси сони ҳисобга олинган ҳолда ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқароларнинг энг кам вакиллик нормаси белгиланмоқда. Дифференциялашган квотани таъминлаш мақсадида энг кам вакиллик нормасини фоизларда белгилашни назарда тутувчи қоида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бунга кўра фуқароларнинг энг кам вакиллик нормаси сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 12 фоизидан кам бўлмаслиги керак. Қонунда фуқаролар вакилларига талаблар белгиланмоқда. Одатда, бу ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга шахслардир.
Қонунга мувофиқ сайловни республика даражасида ташкил этиш ва ўтказиш билан Сенат Кенгаши томонидан ташкил этиладиган Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси шуғулланади. Унинг таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари киритилиши мумкин.
Фуқаролар хоҳиш-истагини бирор-бир тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш учун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида яширин овоз беришни ўтказиш белгиланмоқда.
Қонун нормаларига мувофиқ фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар, овоз бериш якунлари тўғрисидаги ахборотни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг расмий веб-сайтларига сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин жойлаштириш лозим. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар. Қонун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этишга доир фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш учун қулай шарт-шароит яратишга, сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга, фуқаролар йиғини раисига (оқсоқолига) ўз билим ва бошқарув маҳоратларини намоён этишлари учун кўпроқ имкониятлар яратишга қаратилган.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясидан ва “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан “ва уларнинг маслаҳатчилари” деган сўзлар чиқариб ташланмоқда. Конституциядан фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ваколатлари муддати ҳам чиқарилмоқда, бу ўз аксини “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида топган.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Қонун қабул қилиниши фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов жараёнининг очиқлигини, фуқаролар йиғинлари раҳбарларининг давлат органларидан мустақиллигини таъминлайди, фуқаролар йиғинларининг кадрлар салоҳиятини ва маҳалла институти фаолияти самарадорлигини оширади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Қонунда 5 апрелни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати куни этиб белгилаш назарда тутилмоқда.
Сенаторлар қайд этганидек, Қонуннинг қабул қилиниши ҳарбий хизматчилар орасида ҳарбий-ватанпарварлик, ахлоқий-маънавий ишларни кучайтиришга, хизмат бурчига садоқат руҳини шакллантиришга, ҳарбий хизматчилар ва ходимларда танлаган касбига нисбатан ғурур ҳиссини шакллантиришга, шахсий таркибнинг жипслигини, хизмат фаолиятининг самарадорлигини оширишга, фуқаролар, шу жумладан ёшларнинг фаол ҳаётий позициясини шакллантиришга ҳамда ҳарбий хизматнинг ўзига жалб этувчанлигини оширишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Олий Мажлис Сенати аъзолари “Иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар.
Сенаторлар таъкидлаганидек, Қонуннинг мақсади иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ киритилаётган ўзгартишларда айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун бериладиган лицензиянинг амал қилиш муддати чекланишини бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турлари рўйхатидан фаолиятнинг қуйидаги тўртта тури чиқариб ташланмоқда: аэропортларда ҳаво орқали ташиш билан боғлиқ ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш; аудиовизуал асарлар тайёрлаш, такрорлаш ва экранда кўрсатиш; аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун дастурларни реализация қилиш, ижарага бериш; тамаки хомашёсини ферментациялаш. Бунда фаолиятнинг тўртта лицензияландиган тури - телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизматлар кўрсатиш битта турга бирлаштирилмоқда.
Қонунда устав жамғармасида давлат улуши бўлган корхоналар учун айрим талаблар, жумладан товар божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишланган бўлса, товарни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асослари ваколатли орган билан келишиш зарурлиги, товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига зарар етказмаслиги ҳақида ваколатли органнинг хулосаси кераклиги, товар божхона ҳудудида қайта ишланган бўлса, товарни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асослари ваколатли орган билан келишиш зарурлиги тўғрисидаги талаблар бекор қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Қонун билан божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома хусусиятига эга ҳужжатнинг, шунингдек божхонада расмийлаштирувчи мутахассисда малака аттестати бўлиши кераклиги тўғрисидаги талабнинг бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 12 сентябрдаги “Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ банкларга микроқарзлар бериш ҳуқуқини берувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Бунда микромолиявий хизматлар кўрсатиш шартномалари бўйича йиллик қарз миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этадиган суммада фоизлар ҳисоблаш, воситачилик ҳақлари ва неустойка (жарима, пеня) ундириш, жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш тақиқланмоқда.
Сенаторлар Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва умуман иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар “Юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Фуқаролик, Уй-жой ва Солиқ кодексларига ҳамда “Нотариат тўғрисида”ги ва “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан киритилаётган ўзгартишларда адвокатлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш, юридик хизмат ходими сифатида, судья, терговчи, прокурор лавозимида камида 3 йил иш стажига эга айрим тоифадаги шахсларга адвокатлик тузилмасида стажировкадан ўтмасдан малака имтиҳонида иштирок этиш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда.
Қонунда адвокатлик бюросини таъсис этган адвокатларга мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда ўзига тегишли бўлган турар жойларда ўз фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда. Бунда адвокатга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни адвокатлик бюроси фаолиятида фойдаланиш мақсадида нотурар жойлар тоифасига ўтказиш талаб қилинмайди. Адвокатга патент вакили ва медиатор сифатида, шартнома асосида давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида, шунингдек ҳакамлик судларида ва халқаро тижорат арбитражларида (судларида) судья сифатида фаолият олиб бориш ҳуқуқи берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 майдаги “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини нотариал тасдиқлашни бекор қилиш, нотариал тасдиқланиши лозим бўлган хатти-ҳаракатлар рўйхатини мақбуллаштириш, юридик шахс коллегиал органининг илтимоси билан унинг коллегиал органлари томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини нотариал тасдиқлаш, нотариус лавозимига номзодларнинг стажировка ўташ муддатини 2 йилдан 1 йилга қисқартириш назарда тутилмоқда. Шунингдек, нотариус лавозимига номзодлар учун судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёхуд нотариал фаолиятга раҳбарлик ва назорат қилувчи лавозимларда камида уч йил ишлаган шахсларга мажбурий стажировка ўташ талаблари бекор қилинмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар “Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинишини таъминлаш ва уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Қонунда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги “Меҳнат фаолиятини олиб бораётган пенсионерларнинг алоҳида тоифаларига қулай шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар билан жорий этилаётган тартибга кўра пенсионер Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг ортиқча тўланган пенсия суммасини ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, аниқланган қарздорлик у аниқланган санадан бошлаб кўпи билан уч йил учун суд орқали ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрдаги “Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ давлат ва хусусий уй-жой фондларида ичимлик сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш (канализация) хизматлари 100 фоизлик ҳақ тўлаш асосида кўрсатилади. Давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, бу жойларни ижарага олувчиларга сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш (канализация) хизматлари учун олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш амалга оширилмаган тақдирда, сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш (канализация) тизимларидан тўлиқ узиб қўйишгача бўлган чоралар кўрилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама этилди.
Қонун жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги жиноий, жиноий-процессуал ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилгани қайд этилди.
Жумладан, Қонунда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилоқда.
Шунингдек Қонунда ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида бўлган шахсга шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, ноқонуний аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилувчи бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Муҳокама чоғида Қонун қабул қилиниши жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлашга кўмаклашиши қайд этилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Сенаторлар қайд этганидек, Қонун амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини янада такомиллаштиришга, мансабдор шахслар жавобгарлигини кучайтиришга ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга оширишга қаратилган.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига сувларнинг давлат ҳисобини юритиш қоидаларини бузганлик, сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларини шикастлантирганлик, улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузганлик, шунингдек саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, зарарсизлантириш, сақлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун чоралар кучайтирилишини назарда тутадиган қўшимчалар киритилмоқда.
“Чиқиндилар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ҳисобга олиш ва назорат қилиш, чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш жойларининг давлат кадастрини юритиш, чиқиндиларни трансчегаравий ташиш каби фаолият турлари ҳисобига “чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш” тушунчаси мазмуни кенгайтирилмоқда. Шунингдек саноат чиқиндиларини ва маиший чиқиндиларни махсус техник мосламаларсиз зарарсизлантириш тақиқланмоқда.
Таъкидланганидек, Қонуннинг қабул қилиниши профилактика чора-тадбирларини кучайтиришга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун мансабдор шахслар ва фуқаролар жавобгарлигини оширишга, шунингдек махсус ваколатли давлат органларининг тезкор ва самарали фаолиятини ташкил этишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига одил судловни амалга ошириш самарадорлигини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Қонун одил судловни амалга ошириш ва судлар фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини кучайтиришга қаратилган. Жумладан, судлов ҳайъатлари ва қуйи турувчи судлар фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини оширишда Олий суд раиси ўринбосарларининг – тегишли судлов ҳайъатлари раисларининг жавобгарлигини кучайтириш мақсадида “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасига ўзгартишлар киритилмоқда.
Киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ мазкур шахслар Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатлари ишига раҳбарлик қилиш билан бирга тегишли судлов ҳайъатларининг суд мажлисларида раислик қилади, тегишли судлов ҳайъатларининг мажлисларида ишларни кўриб чиқиш учун таркибларни шакллантиради, қуйи турувчи судлар фаолиятини ташкил этишда кўмаклашади.
“Судлар тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартишларда суд ва қўйи судлар фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини оширишда вилоят суди ва унга тенглаштирилган суд раислари ва ўринбосарларининг масъулиятини кучайтириш назарда тутилмоқда. Судлар фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилишини таъминлаш, шунингдек судьялар ўртасида ишларни тўғри ва бир хил тақсимлаш мақсадида киритилаётган ўзгартиш суд ишларини автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда тақсимлашга қаратилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар “Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти Устави ва Тартиб-қоидаларини (Истанбул, 1999 йил 7 ноябрь, 2017 йил 7 май ҳолатидаги ўзгартиришлар билан) ратификация қилиш тўғрисида”ги, “Ислом ҳамкорлик ташкилоти Уставига киритилган тузатишни (Абиджан, 2017 йил 10-11 июль) ратификация қилиш тўғрисида”ги, “Париж битимини (Париж, 2015 йил 12 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни кўриб чиқдилар. Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн олтинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати