- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9248
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7906
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7630
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6756
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6419
2018 йил 5-6 октябрь кунлари Андижон вилоятида халқ депутатлари Асака, Андижон ва Избоскан туман Кенгашларининг сессиялари бўлиб ўтди. Тадбирларда муҳокама мавзуси ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилган ишлар натижаларидан иборат бўлди.
Сессиялар Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ҳокимияти органлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтказилди.
Кун тартиби доирасида аҳоли бандлиги, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ва бошқа йўналишларда олиб борилаётган ишлар ҳақида мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди. Шунингдек, туманларни комплекс ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижроси юзасидан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш чоралари атрофлича кўриб чиқилди.
Хусусан, Асака туманидаги барча маҳаллаларда уйма-уй юриш ҳамда ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш давомида Республика ишчи гуруҳи ташрифи давомида 3 минг 555 та муаммолар аниқланиб, уларнинг 73,4% жойида бартараф қилишга эришилди. Улар асосан газ ва ёқилғи таъминоти, соғлиқни сақлаш, уй-жой, бандлик масалалари билан боғлиқ.
Ўрганишлар давомида айниқса туманнинг чекка, географик жиҳатдан ноқулай жойлашган қишлоқ аҳоли пунктларининг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш, одамларнинг кундалик турмуши учун зарур барча қулайликларни тўлиқ таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, тумандаги “Эргашобод” маҳалласининг Соҳибкор массиви адирлик ҳудудида жойлашган бўлиб, унда 167 та хонадонда 900 нафар аҳоли истиқомат қилади. Мазкур ҳудудда коммунал, транспорт ва ижтимоий инфратузилма яхши ривожланмаганлиги боис аҳолини қийнаб келган муаммолар талайгина эди. Маҳаллада яшовчи аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш учун 1,2 км узунликдаги тоза ичимлик суви тармоғини тортиш ҳамда кўтарма насослар ўрнатиш, ички йўлларни таъмирлаш ишлари мактабгача таълим муассасаси очиш ишлари декабрь ойида якунланиши белгиланган.
Андижон туманида Республика ишчи гуруҳи томонидан 77 та маҳаллаларда уйма-уй юриш ҳамда ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш давомида 8063 та муаммо аниқланган. Уларнинг 74% жойида бартараф этилиши таъминланди.
Йиғилишда таъкидланганидек, туман аҳолисини ўйлантирган муаммолардан бири иш жойларининг етишмаслиги ва бандлик даражасининг пастлигидан иборат. Уни ҳал қилиш мақсадида туманда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда мақжда объектлар хатловдан ўтказилиб, туманда 186 та бўш турган иншоот борлиги аниқланди. Ҳозирги пайтда уларни ишбилармонларга “нол” қийматда сармоя киритиш ва иш ўринларини ташкил этиш шарти билан бериш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Избоскан туманида бўлиб ўтган сессияда муҳокамалар чоғида маҳаллий аҳолини ҳаммасидан кўп ўйлантирган масала- сув таъминоти кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, туманда 140 дан ортиқ ер ости қудуқлари ва 70 та сув минораси мавжуд бўлиб, уларнинг анчагина қисми носиз ҳолатда. Ушбу иншоотларни таъмирлаш 2018-2020 йилларга режалаштирилган. Жумладан, 2018 йилда туманда 10,7 млрд сўмлик 17 та сув кудуғи ва 90 км сув тармоғи қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Избоскан туманини ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида ҳудуддаги Урганжи массивида 14 га ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилиши назарда тутилган.
Ўтказилган сессияларда Асака, Андижон ва Избоскан туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам атрофлича таҳлил этилиб, ушбу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.
Шунингдек, туман депутатлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2018 йил 13 августдаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга оид қарори ижросини кўриб чиқди.
Сессияларда муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессиялар ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати