Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Республикада улгуржи ва биржа савдоси корхоналари фаолияти учун зарур ҳуқуқий асос яратилган, замонавий ахборот технологиялари жорий этилган ҳолда чакана савдо тармоқлари жадал ривожланмоқда, тадбиркорлик субъектларининг моддий-техник ресурслардан фойдаланиши кенгаймоқда. 

Шу билан бирга, товар бозорларининг ҳозирги ҳолати, улгуржи ва биржа савдосининг ривожланиш даражаси замонавий талабларга жавоб бермайди. Савдо айланмасининг кенгайишига, ички бозорни ва ишлаб чиқарувчиларни зарур товарлар билан таъминлашга ҳамда республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилишга тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммолар мавжуд, хусусан: 

улгуржи савдонинг ривожланиши, кейинчалик қайта ишлаш учун ярим тайёр маҳсулотларни ва саноат маҳсулотларини, “бизнес учун – бизнес” (B2B) тамойили бўйича бошқа товарларни етказиб бериш тизими даражасининг пастлиги хўжалик юритувчи субъектлар транзакция харажатларининг ошишига ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ташқи бозорларда рақобатбардошлиги пасайишига олиб келмоқда; 

тадбиркорларни, айниқса, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини бозор нархларининг ноқулай ўзгариши оқибатларидан муҳофаза қилиш имконини берувчи фьючерслар, ҳосила молиявий воситалар ва биржа товарлари савдоси бошқа замонавий механизмларининг суст жорий этилиши натижасида операциялар ҳажми ва савдога чиқариладиган товарлар турлари чекланмоқда; 

савдо субъектларининг устав капиталида давлат улушининг юқорилиги, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида эскирган чекловларнинг сақланиб қолинаётганлиги мазкур соҳаларда рақобат муҳитининг изчил ривожланишига тўсқинлик қилмоқда; 

товар ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларни, шу жумладан, хорижий истеъмолчиларни мамлакатда ишлаб чиқарилаётган талаб юқори бўлган маҳсулотлар турлари ва ҳажмлари тўғрисида хабардор қилишга доир ишларнинг тизимли йўлга қўйилмаганлиги республика ичида, шунингдек, хорижий ишлаб чиқарувчилар билан ишлаб чиқариш кооперациясининг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. 

Савдо механизмларини янада такомиллаштириш, товарлар бозорида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва харажатларини камайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг: 

а) 2019 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни: 

улгуржи савдони амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш ва савдо корхоналарини солиққа тортишнинг махсус тартибини; 

акциз солиғи солинадиган товарларнинг айрим турларини (автомобиль, ўсимлик ёғи ва бошқалар) сотишдан тушадиган тушумлар ҳисобини юритиш ва ундан фойдаланишнинг махсус тартибини; 

кўчма савдо учун рухсатнома олиш талабини; 

давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар контрагентлари билан ўзаро муносабатларда кечиктирилган дебиторлик қарзлар учун санкцияларни; 

давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар билан шартномалар бўйича ички бозорда олдиндан 15 фоиз тўловни амалга оширишга доир талабни; 

1-иловага мувофиқ айрим турдаги товарлар экспортига чекловларни; 

келишишнинг хабардор қилиш тартибини жорий этган ҳолда, маҳсулотларни биржа савдосига чиқариш жадвалларини Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишишнинг амалдаги тартибини; 

молиявий истеъмол кредитини ишлаб чиқарувчидан ёки реализация қилувчи ташкилотдан фақат Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари (хизматлари)ни сотиб олиш учун бериш тўғрисидаги талабларни бекор қилиш; 

б) 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб қуйидагилар: 

товар-хомашё биржаларига биржада сотиладиган маҳсулотларни сақлаш ва логистика қилиш, шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича шуъба хўжалик бирлашмаларини тузиш; 

импорт бўйича олиб келинган юқори ликвидли маҳсулот турларини, эгаларининг хоҳишига кўра, ички бозорда, шу жумладан, биржа савдоларида чекловларсиз сотиш; 

биржа савдоларида харид қилинган юқори ликвидли маҳсулотлар, хомашё ва материаллар турларини сотувчи томонидан чиқариб юбориш тўлов муддатидан келиб чиққан ҳолда биржаларнинг электрон тизими орқали қатъий белгиланадиган муддатлар ва навбатлар бўйича амалга ошириш тартибини белгилаш; 

в) 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб нақд пул тушумини топшириш ва ундан фойдаланишнинг қуйидагиларни: 

энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан ортиқ миқдорда кунлик ўртача нақд пул тушуми бўлган хўжалик юритувчи субъектлар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ёки мустақил равишда кунлик топшириш имконияти; 

ушбу кичик банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган миқдордан кам бўлган кунлик ўртача нақд пул тушумига эга хўжалик юритувчи субъектлар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириши имконияти; 

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муқобил инкассация хизматларини ташкил этган ҳолда нақд пул тушумини фақат Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг инкассация хизмати орқали топширишни бекор қилиш; 

юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни олди-сотди шартномаларини тузмасдан инвойс (ҳисоб-фактура) бериш орқали корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилишини назарда тутувчи тартибини жорий этиш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин. 

2. Белгилансинки: 

халқаро тўлов тизими орқали тўланган ҳолда бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали битта инвойс бўйича 5 минг АҚШ долларигача товар (хизмат)ларни экспорт қилишда харидор билан ёзма шартнома тузиш талаб этилмайди ва барча юридик ва жисмоний шахсларга умумқабул қилинган халқаро амалиётга мувофиқ ҳисобот юритган ҳолдаТашқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ахборот киритмасдан ҳамда почта алоқа хизматлари кўрсатиш қоидаларига мувофиқ юкнинг божхона декларациясини расмийлаштирмасдан амалга оширишга рухсат этилади; 

2019 йил 1 январдан бошлаб товар-хомашё биржаси аъзоларининг даромадларига қимматли қоғозлар бозорида брокерлик фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар учун белгиланган солиққа тортиш шартлари татбиқ этилади; 

жисмоний шахсларга умумий қиймати 5 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга рухсат этилади. 

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузурида 38 нафар штат бирлигидан иборат Тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тадқиқотлари маркази давлат муассасаси шаклида ташкил этилсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин: 

республикада ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) номенклатураси ва турлари тўғрисида хўжалик юритувчи субъектларга ахборот бериш учун мунтазам янгиланиб бориладиган электрон-ахборот порталини яратиш; 

ички ишлаб чиқариш қувватлари, товарларга бўлган талаб ва таклифнинг ҳажмлари, шунингдек, ишлаб чиқариладиган ва истеъмол қилинадиган маҳсулотга ички бозорда нархларнинг ўзгариши ҳақидаги маълумотлар базасини шакллантириш; 

товар бозорларидаги нархлар, талаб ва таклифларнинг ўзгариши динамикасини таҳлил ва мониторинг қилиш ҳамда шу асосида тегишли таклифлар тайёрлаш; 

тармоқ бозорлар конъюнктурасини республика ва ҳудудлар кесимида комплекс ўрганиш, уларнинг мувозанатли ривожланиши тўғрисида таклифлар тайёрлаш. 

4. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси икки ой муддатда: 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда республиканинг барча ҳудудларида семинарлар ўтказсин ва хўжалик юритувчи субъектларга биржа ва улгуржи савдо фаолиятини ташкил этиш бўйича зарур амалий ёрдам кўрсатилишини таъминласин; 

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини “Тошкент” республика фонд биржасида бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий таклифлар бериш орқали сотиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда МДҲга аъзо давлатларнинг монополияга қарши келишилган сиёсатини амалга ошириш тўғрисидаги Шартномани белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин. 

6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармон қоидалари ва тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қўшимча имкониятлар тўғрисидаги маълумотларнинг кенг ёритилишини таъминласин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин. 

9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Г.К.Саидова зиммасига юклансин. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 30 октябрь 

| 4121 30.10.2018



×
Портал харитаси