- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9309
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7971
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7697
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6835
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6480
Бугун юртимиз кўп қаватли иморатлар, замонавий типдаги уйлар, кўприклар, автомобиль ва темир йўллар, ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларининг қурилиши натижасида улкан бунёдкорлик майдонига айланди.
Бу 2018 йилнинг 23 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексининг тегишли нормаларининг ижро ҳолати ҳамда Тошкент вилояти мисолида фойдаланишга топширилган арзон уй-жойларнинг ҳақиқий эгаларига берилиши, уй-жойларнинг сифати масалалари бўйича ўрганишлар якунлари юзасидан ўтказилган йиғилишда алоҳида таъкидланди.
Йиғилишда депутатлар, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар, мутассадди ташкилотлар масъуллари ҳамда журналистлар қатнашди.
Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда қурилиш ишлари Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси ва соҳага оид бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиб келинмоқда. Қурилиш соҳасидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, капитал қурилишда бозор муносабатларини шакллантиришнинг ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий асосларини яратиш, бозор принциплари ва механизмлари асосида қурилиш комплексини бошқариш тизимини такомиллаштириш учун зарур ҳуқуқий база шакллантирилган.
Жорий йилнинг 14 ноябрдаги мамлакатимиз Президентининг “Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида шаҳарсозликни техник тартибга солишнинг бозор воситаларини жорий этишга етарлича эътибор берилмаётгани, объектларни лойиҳалаштириш ва қуришдаги нормаларнинг инновацион лойиҳавий ечимлар, янги илмий-техник ишланмаларни қўллашга тўсқинлик бўлаётгани ҳамда хорижий инвестицияларни қурилиш соҳасига жалб қилиш талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилган эди.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодиётимизнинг тўла ишга солинмаган, катта салоҳиятга эга йўналишларидан бири – бу қурилиш соҳаси экани, келгуси йилда қурилиш соҳасини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантириш асосий вазифалардан бири бўлиши таъкидланган эди. Шунингдек, қурилиш-пудрат ташкилотлари ва қурувчиларнинг замонавий авлодини яратиш, қурилиш соҳасини 2030 йилгача инновацион ривожлантириш дастури ишлаб чиқиш, бу борада хориждан малакали мутахассисларни жалб этиш ва маҳаллий мутахассисларнинг чет мамлакатларда малака ошириши учун барча зарур шароитни яратиш лозимлигига эътибор қаратилган.
Кўпчилик аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, эскирган ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари комплекс қуриш талабларига риоя этилмаслигига, аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси ёмонлашувига олиб келмоқда. Лойиҳа-қидирув ташкилотларининг илғор инновацион дастурий ечимлар ва замонавий ахборот базаси билан жиҳозланиши ҳамон етарли эмас, илғор хорижий тажриба суст жорий этилмоқда, тармоқ учун зарур малакага эга кадрлар тайёрлашда оқсоқлик кузатилаётгани сабабли, шубҳасиз, лойиҳа маҳсулотлари сифатига таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.
Йиғилишда буларнинг барчаси Тошкент вилояти мисолида кўриб чиқилди.
Депутатларнинг жойларда аҳоли билан билан ўтказган учрашувлари чоғида келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлашда кўплаб муаммолар юзага келганини кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 10-12 ноябрь кунлари сайлов округларида ўтказилган учрашувлар давомида ушбу масала ўрганилганда, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган бир қанча камчиликлар аниқланди.
Масалан, шаҳарларда арзон кўп квартирали, қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар белгиланган муддатларда қуриб битказилмаяпти. Кўпгина жойларда эса шошма-шошарлик билан сифатсиз қуриб кетилган, шунингдек, қурилиш материалларидан белгиланган меъёрлар асосида фойдаланилмаслик ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Мазкур уй-жойлар атрофида зарур инфратузилма шакллангани, ижтимоий объектларни барпо этиш масалалари ҳам депутатлар эътиборидан четда қолмади.
Бундай ҳолатларга нисбатан жиддий назорат олиб бориш, камчиликларга йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан чоралар кўрилгани таъкидлангани ҳолда, назорат қилувчи ва қурилиш объектларини қабул қилиб олувчиларнинг ҳам масъулиятсизлиги мавжудлиги айтиб ўтилди.
Жорий йилда Тошкент вилоят ҳудудида хонадон ҳисобида жами 7151 та уй-жойлар қурилиши белгиланган. Шундан, 3596 таси “Қишлоқ қурилиш инвест” ва 2163 таси “Шаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси, 1392 таси бошқа ташкилотлар буюртмачилиги асосида қурилаётгани таъкидланди. Шундан, Тошкент вилоятида 4085 таси айнан кам таъминланган ва ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларга ажратиш белгиланган. Кўриниб турибдики, жами қурилиши режалаштирилган 57 фоизи бевосита ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар учун бунёд этилмоқда.
Йиғилишда уй-жойларЮ, Президентимиз кўп бора таъкидлаганларидек, эҳтиёжи бор фуқароларга адолатли равишда тақсимланиши лозимлигига эътибор қаратилди.
Шунингдек, иштирокчилари қурилаётган уй-жойлар қурилиши соҳасида амалга оширилаётган ижобий тенденциялар билан бирга, эътибор қаратиш лозим бўлган қатор муаммолар мавжудлигини ҳам қайд этишди. Хусусан, қурилиш учун шароитлар ўрганилмагани, мутасадди идоралар томонидан қурилиш маҳсулотлари имтиёзли нархларда етказиб берилмагани, қурилишлар устидан техник назорат, давлат назорати, муаллифлик назорати етарли йўлга қўйилмагани, ишлар ҳажмлари сифатсиз бажарилаётгани, илғор инновицион тажриба суст жорий этилиши, қурилишда малакали мутахассислар етарли даражада эмаслиги каби масалалар бугунги кунда соҳа мутасаддилари томонидан ўз ечимини кутиб турибди.
Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан муҳокама этилган масалалар ва билдирилган таклифлари инобатга олинган ҳолда, соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, муносабатларни тартибга солиш ва янги сифат даражасига олиб чиқиш, соҳага оид меъёрий ҳужжатларнинг такомиллаштирилиши лозимлиги қайд этилди.
Қўмита йиғилиш кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилди.