Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш — шарафли бурч

Жорий йилнинг 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 27 йиллиги муносабати билан парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Ҳарбий таълим факультети билан ҳамкорликда «Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарнинг асосий мақсади ўтган 27 йил мобайнида мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафолати бўлган миллий армиямизни шакллантириш, замонавий Қуролли Кучларни барпо этиш йўлида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мустақиллик йилларида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Мудофаа доктринаси, «Мудофаа тўғрисида»ги, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ҳамда Президентимизнинг ҳарбий хизматчиларни ижтимоий муҳофаза қилишга оид қарорларининг мазмун-моҳиятини тарғиб этишдан иборат.

Қайд этилганидек, мамлакатимиз мудофаа тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилаётгани натижасида жанговарлиги, тактик маҳорати жиҳатидан ҳеч кимдан кам бўлмаган тезкор ва ихчам, замонавий қурол-яроғ, техника билан таъминланган миллий армиямиз шаклланиб, ҳарбий хизмат нафақат бурч, балки садоқат, матонат ва жасорат мактаби, шон-шараф ишига айланмоқда.

Ўтган даврда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ривожлантириш, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган қонунчилик базаси мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикасининг «Мудофаа тўғрисида», «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида», «Муқобил хизмат тўғрисида»ги қонунлари, янги таҳрирдаги Мудофаа доктринаси қабул қилингани миллий армиямизни янада ривожлантиришда асосий пойдевор вазифасини ўтади.

Ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида ҳарбий кадрлар салоҳиятини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Негаки, малакали кадрлар тизимини шакллантириш бевосита ҳарбий хизматчиларнинг профессионал, жанговар, интеллектуал даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ҳозирда Қуролли Кучлар академиясида еттита, Мудофаа вазирлигининг олтита олий ҳарбий таълим муассасасида 28 йўналиш ва мутахассисликлар бўйича юқори малакали офицер кадрлар, сержантлар тайёрлаш мактабларида 26 йўналиш ва мутахассисликлар бўйича сержантлар тайёрланмоқда. Қуролли Кучлар Академияси ҳузурида қўмондонлик ва бошқарув таркиби бўлган офицерлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш бўйича Олий курслар ташкил этилиб, таълим босқичма-босқич, узлуксиз таъминланмоқда.

Охирги икки йил давомида олиб борилган ислоҳотлар натижасида Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилиб, ҳарбий бошқарув тизими оптималлаштирилди, жанговор самарадорлиги бўлмаган, бир-бирини такрорловчи тузилмалар ўрнига жанговор бригадалар ташкил этилди. Армияни янги қурол-аслаҳа ва замонавий ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ривожланган мудофаа саноати инновацион ва юқори технологияларга асосланган иқтисодиётнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Бу борада мамлакатимиздаги барча турдош корхоналарни бирлаштирган Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитасининг ташкил қилиниши миллий мудофаа-саноат комплексини шакллантириш йўлидаги биринчи, энг муҳим қадамлардан бўлди.

«Хавфсиз шаҳар – хавфсиз мамлакат» концепцияси доирасида юртимизда жамоат тартибини таъминлашга қаратилган ишларни амалга оширишда янги тузилма – Миллий гвардия ташкил этилиб, унинг фаолияти жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, аҳолини турли террорчилик хатарларидан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилишга қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, ҳарбийларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли ёшларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқиши ва интилиши ортиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўзига хос намуна бўлмоқда. Ёш авлодда қатъий ҳаётий позиция, Ватанга бўлган садоқат туйғусини шакллантириш, ўрта мактабдан олий ўқув юртигача узлуксиз ҳарбий таълим ва ватанпарварлик тарбияси бўйича яхлит тизим яратилмоқда.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, мамлакат мудофаасини ҳарбий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича бошлаган ислоҳотларни мантиқий якунига етказиш, соҳани ислоҳ қилиш борасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш – Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, республикамиз аҳолисининг осуда ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлашга, давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга, армиямизнинг жанговар қудрати ва салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Семинарда жамиятда барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва давлат хавфсизлигини таъминлашга оид долзарб масалалар кенг муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг шаклланиши, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, уларни такомиллаштириш истиқболлари ҳамда мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда мамлакат Қуролли Кучларининг ўрни ва роли, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда турли таҳдид ва хавф-хатарларга қарши кучли иммунитетни шакллантиришга оид маърузалар тингланди.

| 4873 12.01.2019



×
Портал харитаси