- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9256
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7918
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7638
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6766
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6427
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Сўнгги йилларда республика иқтисодиётида давлатнинг роли ва иштирокини қисқартириш, иқтисодиёт тармоқларини бошқаришга бозор принциплари ва механизмларини кенг жорий қилиш, шунингдек, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, иқтисодиёт органларининг амалдаги тузилмаси, уларнинг ишини ташкил қилиш принцип ва усуллари иқтисодиётни бошқаришнинг замонавий талабларига, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларидаги тузилмавий ўзгартиришларга жавоб бермайди.
Хусусан, иқтисодиётнинг ўзгариши шароитида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосланган мақсадли йўналишларини (индикаторларини) шакллантириш, шунингдек, мавжуд ички ва ташқи омилларни ҳамда ислоҳотларнинг стратегик устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий ўсишнинг янги манбаларини аниқлаш тизими мавжуд эмас.
Иқтисодиётнинг ҳудудий ва тармоқ тараққиёти, шу жумладан, урбанизация салоҳиятини амалга ошириш орқали мутаносибликни таъминлаш учун ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш тизими керакли даражада йўлга қўйилмаган.
Бозор тамойилларини кенг жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, бозорни рақобатбардош товарлар билан тўлдириш ва уларни ташқи бозорларга йўналтириш ҳажмларини ошириш бўйича зарур тадбирлар ишлаб чиқилмаяпти.
Натижада, барқарор ишчи ўринлари яратиш даражаси пастлигича сақланиб қолаётганлиги аҳолини, айниқса, қишлоқ аҳолисини барқарор даромад манбаи билан таъминлаш имконини бермайди ва сифатли инсон капиталини ривожлантиришга тўсқинлик қилади.
Иқтисодиёт органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, уларни мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш “локомотивига” айлантириш, иқтисодиётни бошқаришнинг бозор механизмларини жорий этиш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига асосан белгиланган вазифаларга мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги этиб қайта ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
макроиқтисодий индикаторларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш асосида иқтисодиётни бошқаришнинг бозор механизмларини жорий этиш ва иқтисодиётнинг реал сектори ҳолати, ташқи бозорлари конъюнктураси ҳамда глобал ва минтақавий иқтисодий ривожланиш тенденциялари билан боғлиқ ҳолда иқтисодиёт асосий соҳаларини ривожлантириш стратегиясини шакллантириш;
хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва “хуфиёна” иқтисодиёт улушини қисқартириш учун қулай шароит яратиш, жумладан, иқтисодий жараёнларда давлат иштирокини қисқартириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, молиявий ва ишлаб чиқариш ресурсларидан фойдаланиш қулайлигини таъминлаш, шунингдек, кичик саноат зоналари салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали бунга эришиш;
миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ва диверсификация қилишни, шунингдек, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш уйғунлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш кучларини самарали жойлаштириш, ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларидан самарали фойдаланиш асосида мамлакат саноатини ривожлантириш стратегияларини (моделларини) ишлаб чиқиш;
инновация ишланмалари ва технологияларини жорий қилиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, ишлов бериш тармоқларини жадал ривожлантириш ва юқори қўшилган қийматли тайёр рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш асосида товар бозорлари мувозанатини таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган саноат сиёсатини амалга ошириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш асосида унинг импортга қарамлигини камайтириш орқали миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш; шунингдек, республика ҳудудлари ва хорижий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини кенгайтириш;
урбанизация соҳасида давлат сиёсатини кучайтириш, ишлаб чиқаришларни оқилона жойлаштириш, турар жойларни муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма билан биргаликда қуришни инобатга олган ҳолда урбанизация жараёнларини давлат томонидан самарали тартибга солишни таъминлаш, шунингдек, ер участкаларига оид замонавий бозор механизмларини жорий этиш;
барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида инвестицияларни жалб қилиш соҳалари ва тармоқларини аниқлаш орқали мамлакатнинг фаол инвестиция сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва унинг рақобатдошлигини оширишнинг асосий ресурслари ва омилларидан бири сифатида инсон капиталининг даражаси ва сифатини, устувор равишда қишлоқ жойларида, яхшилаш бўйича комплекс таҳлил олиб бориш ва чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
иқтисодиёт органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилишини таъминлаш, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, вазирлик аппарати ва унинг таркибий бўлинмаларининг, устувор равишда ўзига бириктирилган соҳадаги аниқ натижаларга эришиш, олдига қўйилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариши учун ходимларнинг шахсий жавобгарлигини оширишга йўналтирилган иш шакллари ва усулларини такомиллаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда кўмаклашиш, мамлакатни ривожлантириш давлат дастурлари ва инвестиция дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш доирасидаги лойиҳаларни, уларнинг лойиҳа олди, лойиҳа ва тендер ҳужжатларини, техник топшириқларни экспертизадан ўтказиш бўйича идоралараро комплекс тизимини ташкил қилиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигимамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси инвестиция сиёсатининг стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгилансин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурлари ва инвестиция дастурлари Ўзбекистон Республикасининг ўрта муддатли инвестиция сиёсати стратегияси асосида ишлаб чиқилади;
Ўзбекистон Республикасининг ўрта муддатли инвестиция сиёсати стратегияси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Концепцияси, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш концепциялари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланган дастур ва қарорлар асосида шакллантирилади;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинган ва норматив-ҳуқуқий характерга эга қарорларининг ижроси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунувидан қатъий назар барча хўжалик юритувчи субъектлари учун мажбурий ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, унинг тизим ва ҳудудий ташкилотларини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, бюджетдан ташқари жамғармалар ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шу жумладан, давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурларини якуний босқичда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишиш Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритишдан олдин амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси, кичик саноат зоналари дирекциялари Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ривожланиш давлат дастурлари ва инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларнинг, шунингдек, кичик саноат зоналари ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бажарилиши юзасидан ҳар чоракда маълумот тақдим этиб борадилар;
инвестиция сиёсати стратегияси ижроси Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурларини тайёрлаш ва ижросини таъминлаш орқали амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ўз ваколати доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш бўйича тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга;
кичик саноат зоналари ҳудудида қиймати 7,0 миллион АҚШ доллари эквиваленти ҳисобидан юқори бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича маъмурий кенгашлар қарорлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилиши лозим;
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига қуйидаги мақсадлар учун шартнома асосида, жумладан, хорижий консультантлар ва экспертларни, шунингдек, техник кўмак ва грант маблағларини жалб қилишга рухсат этилсин:
инвестиция ва саноат сиёсати стратегияларини ишлаб чиқиш соҳасида илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва татбиқ этиш, шунингдек, вазирликка юклатилган бошқа вазифалар ва топшириқларни бажариш;
вазирлик ва унинг таркибий бўлинмалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича тадқиқотлар ўтказиш, инвестиция сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш;
хорижий мамлакатларнинг тегишли вазирликлари ва идоралари билан самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш.
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Молия вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Концепцияси лойиҳаси асосида, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш концепциялари ҳамда экспертлар жамоатчилиги орасидаги муҳокамаларнинг натижаларини ҳисобга олган ҳолда2019 йил 1 июнга қадар Концепциянинг, шу жумладан, инвестиция сиёсати стратегиясини ўз ичига олган якуний вариантини белгиланган тартибда киритсин.
7. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таркибида институтнинг умумий штат бирлиги доирасида 10 нафар кишидан иборат Ходимларнинг малакасини ошириш ўқув маркази ташкил этилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) кичик саноат зоналари иштирокчилари учун имтиёз ва преференцияларни уларни амалдаги иштирокчилар учун 2020 йил 1 январгача сақлаб қолган ҳолда бекор қилиш;
б) кичик саноат зоналари иштирокчиларига қуйидаги ҳуқуқларни бериш:
ўз маблағлари ҳисобига қурилган бино ва иншоотларга (ёки уларнинг қисмларига) мулк ҳуқуқини ўрнатилган тартибда расмийлаштириш;
инвестиция ва бошқа ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажарган тақдирда, бироқ кичик саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган давридан бошлаб камида 5 йил муддат ўтгандан кейин, ўзларига берилган бинолар ва иншоотларни (ёки уларнинг қисмларини) хусусийлаштириш;
реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлашни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширган тақдирда, бироқ кичик саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган давридан бошлаб камида 3 йил муддат ўтгандан кейин, бинолар ва иншоотларни (ёки уларнинг қисмларини) хусусийлаштириш.
Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра бино ва иншоотларни (ёки уларнинг қисмларини) реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш учун кичик саноат зонаси иштирокчиси томонидан ажратилган маблағлар уларни хусусийлаштиришда ҳисобга олинади.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини белгиланган тартибда киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатдаЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, саноат соҳасидаги хўжалик бошқаруви органлари вазифалари, функциялари ва ваколатларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар;
қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш
ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 10 январь