Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда шаффофлик, ҳалоллик таъминланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни 2019 йилда Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларига оид маълумотлар билан танишди. 

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 21 декабрь куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида пойтахтимизга йирик бизнес вакиллари ва салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш, шаҳарда энг қулай инвестиция муҳитини яратиш зарурлигини таъкидлаган эди. 

Шунга мувофиқ, жорий йил 4 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрини инфратузилмавий ривожлантиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра, 2019 йилда Тошкент шаҳри иқтисодиётига 2 миллиард 700 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш, бунинг эвазига 273 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. 

Тақдимотда мазкур лойиҳаларнинг соҳалари ва жойлари, маблағларни ўзлаштириш муддатлари таҳлил қилинди.

Масалан, металлургия, тўқимачилик, озиқ-овқат, қурилиш, фармацевтика, нефть-кимё ва бошқа саноат тармоқларида жами 115 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 103 та, турар жойлар йўналишида 55 та лойиҳа режалаштирилган. Бу 37 минга яқин иш ўрни яратиш ва аҳолининг маиший шароитларини янада яхшилаш имконини беради.

Президентимиз лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги ва ижтимоий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Хорижий инвесторларга кўмаклашиш, лойиҳаларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Инвестиция бўлмаса, иқтисодиёт ривожланмайди. Инвесторларга муҳит, инфратузилма яратсак, иш жойи бўлади, маҳсулот кўпаяди, солиқ тушади. Корхоналарнинг ўз маблағини яна айлантириб, фаолиятини ривожлантиришга рағбатлантириш керак, деди Шавкат Мирзиёев.  

Давлатимиз раҳбари 8 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида инвестицияларнинг асосий қисмини ўзлаштиришни йилнинг охирги ойларига қолдириш амалиётига чек қўйиб, барча тармоқлар ва ҳудудларда буни биринчи ярим йилликда камида 35 фоизга, тўққиз ойликда 70 фоизга етказиш бўйича топшириқ берган эди. Шунга мувофиқ, Тошкент шаҳрида ҳам жорий йилги инвестицияларнинг 70 фоизини I-III чоракларда ўзлаштириш режалаштирилган. Ҳар бир лойиҳанинг босқичлари, масъуллари ва муддатлари аниқ белгиланган. 

Тақдимотда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни мониторинг ва назорат қилиш механизми ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Унга кўра, Тошкент шаҳар прокуратураси бошчилигида пойтахтимизнинг ҳар бир туманида ишчи гуруҳлар тузилган. Инвесторларга ер ажратилишидан бошлаб, лойиҳа фойдаланишга топширилгунча бўлган барча босқичлардаги чора-тадбирлар аниқ белгилаб қўйилган. Бу лойиҳаларни расмийлаштириш ва амалга ошириш жараёнида шаффофликни, ҳалолликни таъминлайди, коррупцияга йўл қўймайди.

Шавкат Мирзиёев лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишда юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал қилиш, корхоналар ишга тушгандан кейин ҳам уларнинг самарали фаолият кўрсатишига ёрдам бериш зарурлигини таъкидлади. 

Тошкент иқтисодиётига доир яна бир янгилик – Сергели туманида 100 гектардан зиёд ҳудудда Европа стандартлари бўйича замонавий индустриал технопаркни ишга тушириш режалаштирилган. Бунинг инвесторлар учун қулайлиги шундаки, барча бино-иншоотлар тўлиқ тайёр ҳолда топширилиб, зарур инфратузилма билан таъминланади.

Бугунги кунда технопаркни лойиҳалаш ишлари бошлаб юборилган, ҳозирданоқ 85 фоиз ер тадбиркорларга ажратиб берилган. Бу ерда 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш мўлжалланган.

Мутасаддиларга технопаркни тезроқ ишга тушириш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Тошкент шаҳрида коммунал хизматлар сифатини ошириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйларни бошқариш тизимини тажриба тариқасида профессионал бошқарув компанияларига ўтказиш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. 

Юнусобод туманида 1 минг 212 та кўп қаватли уй бор. Режага кўра, ушбу уйларга хизмат кўрсатиш профессионал бошқарув компанияларига берилади. Бунинг натижасида тизимдаги молиявий ҳолатни соғломлаштириш, муаммоли кредитларни ҳал этиш, моддий-техник базани мустаҳкамлашга эришиш кўзда тутилган. Шундай бўлгач, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳам яхшиланади, туну кун ишлайдиган авария-диспетчерлик хизмати йўлга қўйилади. 

Президентимиз кўп қаватли уйларнинг ҳолати, одамларнинг розилиги бу тизимга боғлиқ эканини таъкидлаб, ушбу тажрибани шаҳарнинг бошқа туманларида ҳам татбиқ этиш, соҳага ихтисослашган кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Тошкент шаҳрида замонавий уйлар, меҳмонхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда бошқа иншоотлар барпо этиш, иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш, коммунал хизматлар бошқарув марказини ташкил этиш лойиҳалари юзасидан ҳам тегишли кўрсатмалар берилди.
 

| 3681 25.01.2019



×
Портал харитаси