Ўзбекистон – ЕИ: ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичи

2019 йил 24 январь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг ЕИнинг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили, элчи Петер Буриан билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Германияга расмий ташрифи якунларига юқори баҳо берилди. Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Германия ўртасида сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашда ҳамда икки томонлама ва кўп томонлама ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил бўлади. Томонлар ҳам Европа иттифоқи – Марказий Осиё йўналиши бўйича, ҳам Германия – Марказий Осиё форматида Германия ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси асосида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳим эканини алоҳида таъкидладилар.

Томонлар Европа иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини, жумладан парламентнинг ролини кучайтириш ва парламентаризмни ривожлантириш, Европа парламенти ва Олий Мажлис ўртасидаги икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш, халқаро ҳамкорликни бойитиш, шунингдек ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама этдилар.

Учрашувда мамлакатимизнинг GSP+га қўшилиши масаласи ҳам муҳокама этилди. GSP+ – бу ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашиш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ушбу мамлакатлардан келтирилаётган товарларларга ривожланган мамлакатлар томонидан қўлланиладиган преференциялар, имтиёзли божхона тарифлари умумий тизимидир. Шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашилди.

Томонлар ЕИ элчисининг бу галги ташрифи қонун устуворлиги, хавфсизлик, энергетика, сув ресурслари, таълим ва инсон ҳуқуқлари каби ўзаро манфаатли муҳим соҳаларда Европа иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда муҳим роль ўйнаши ҳақида якдил фикр билдирдилар.

Ўзбекистонга ташриф доирасида элчи П. Буриан Тошкентда бўлиб ўтадиган ҳамда атроф муҳит, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган “Европа иттифоқи – Марказий Осиё” халқаро конференцияси ишида иштирок этади.


Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 573 24.01.2019



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг