- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9343
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 8005
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7739
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6878
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6511
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ўтган икки йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор вазифаларини бажариш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, асосий ижтимоий-иқтисодий параметрлар ва Давлат бюджетининг ижроси учун уларнинг масъулиятини ошириш таъминланмоқда.
Иқтисодиётда давлатнинг иштирокини қисқартиришга, давлат-хусусий шериклик принципларини ривожлантиришга, инвестиция сиёсатини фаоллаштиришга, экспорт салоҳиятини ва ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга, эркин тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлашга йўналтирилган бир қатор комплекс дастурлар амалга оширилмоқда.
Ижтимоий соҳадаги қайта ўзгартиришлар диққат-эътибор марказида турибди. Айниқса, қишлоқ жойларда ва чекка ҳудудларда аҳолининг уй-жой-маиший шароитларини яхшилаш, комплекс инфратузилмани ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижроси таъминланмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирлар республика аҳолиси турли тоифаларининг моддий фаровонлиги, ҳаёт даражаси ва сифати ошишига муайян даражада кўмаклашди.
Шу билан бирга, мамлакатни янада жадал ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг амалдаги ёндашувлари ва иш усулларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини, унинг фаолиятини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги ва инновацион усулларини жорий этишни, давлат сиёсати амалга оширилиши ва бириктирилган соҳаларда аниқ натижаларга эришиш учун идоралар раҳбарларининг мустақиллигини оширишни тақозо этади.
Ҳукуматнинг ташкилий-штат тузилмасини тубдан қайта кўриб чиқиш, ҳужжатлар экспертизаси тартиботларини жиддий равишда соддалаштириш, қарорлар қабул қилишнинг тезкорлигини таъминлаш, чет элда кенг қўлланиладиган аниқ кўрсаткичларга эришишга ва мақсадли индикаторларга асосланган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тизимини жорий этиш талаб этилади.
Ҳукумат ишини ташкил этишни тубдан такомиллаштириш, ижро этувчи ҳокимият органларининг замонавий талабларга жавоб берадиган сифат жиҳатидан янги тизимини шакллантириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат
ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг шахсан эътибори мавжуд камчиликларнинг қатъиятлик билан бартараф этилиши зарурлигига, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий принцип ўз вақтида, аниқ ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилишига қаратилсин.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (кейинги ўринларда – Вазирлар Маҳкамаси/Ҳукумат) фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали ва натижали ижро этилишида Ҳукумат аъзолари, ижро этувчи ҳокимият бошқа органлари раҳбарлари, барча даражалардаги ҳокимларнинг шахсий роли ва масъулиятини ошириш;
идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг аниқ тизимини жорий этиш орқали вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бириктирилган соҳада давлат сиёсати самарали ва сифатли амалга оширилишида, шу жумладан, молиявий ресурсларни бошқариш масалаларида мустақиллигини ошириш;
аниқ кўрсаткичларга ва мақсадли индикаторларга эришишга асосланган барча даражалардаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг принципиал жиҳатдан янги тизимини жорий этиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани стратегик ривожлантиришнинг яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган дастурларини амалга ошириш сифати ва самарадорлигини таъминлаш;
ҳудудларни, энг аввало, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда орқада қолаётган қишлоқ туманлари ва шаҳарларни ривожлантиришнинг истиқболли вазифаларини самарали ҳал этиш бўйича давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мувофиқлаштирилган ишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари ва ҳужжатлари ижросини тизимли ва амалий назорат қилишни такомиллаштириш;
давлатнинг иқтисодий фаолиятдаги иштироки тартиби ва даражасини аниқ регламентлаш орқали иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, “хуфиёна иқтисодиёт”нинг олдини олиш, пасайтириш ва тизимли қарши курашиш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
комплекслар, Бош вазир ўринбосарлари ва Вазирлар Маҳкамасининг аппарати, энг аввало, унинг асосий бўғини – ахборот-таҳлил департаментлари тузилмасини такомиллаштириш ва ихчамлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизаси сифатини яхшилаш, ижро интизоми даражасини ошириш, кўп сонли йиғилишлар, ортиқча ёзишмалар ва самарасиз хизмат сафарлари амалиётига чек қўйиш;
ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мавжуд муаммоларнинг сабаблари ва шароитларини бартараф этишга, ишни ташкил этишнинг замонавий усулларини жорий этишга доир комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қайта йўналтириш мақсадида айрим давлат функцияларини хусусий субъектларга бериш орқали ортиқча маъмурий тартибга солишни камайтириш;
давлат бошқарувини номарказлаштириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг молиявий имкониятлари, роли ва жавобгарлигини кенгайтириш, марказий ва ўрта бўғин бошқарув ходимлари сонини ихчамлаштириш орқали бошқарувнинг вертикал тизими механизмларини ва ижро этувчи ҳокимият органларининг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш.
3. 2019 йил 1 апрелдан бошлаб:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари лавозимларига номзодлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланиши;
барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичларга эришишга ва мақсадли индикаторларга, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бошқа соҳаларни стратегик ривожлантиришнинг яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган дастурлари амалга оширилиши сифати ва самарадорлигига асосланган ҳолдабаҳолаш;
аниқ соҳалар ва йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ўрганиш мақсадида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат бошқаруви ҳудудий органлари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳудудларда Ҳукуматнинг мавзули сайёр (очиқ) мажлисларинитизимли асосда ўтказиш тартиби жорий этилсин.
Белгилансинки, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари, вазирлар
ва давлат қўмиталари раислари лавозимларига номзодларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш ва маъқуллаш жараёнида улар Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасида ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режаларини тақдим этадилар;
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
4. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов қуйидаги тартиб ва механизмларга доир аниқ таклифларни пухта ишлаб чиқсин ва 2019 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тақдим этсин:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарларини, вазирлар ва давлат қўмиталари раисларини фақат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганидан кейин тайинлаш;
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан Ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга давлат дастури амалга оширилиши тўғрисида ҳисобот тақдим этиш;
барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичларга эришишга ва мақсадли индикаторларга, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бошқа соҳаларни стратегик ривожлантиришнинг яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган дастурлари амалга оширилиши сифати ва самарадорлигига асосланган ҳолда баҳолаш.
5. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчилари, вазирлар, давлат қўмиталари раислари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг аъзолари ҳисобланадилар.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5185-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш доирасида давлат бошқарувининг 93 та органи ислоҳ қилинганлиги, шу жумладан, 77 та вазирлик ва идора қайта ташкил этилганлиги, 7 таси тугатилганлиги, 9 таси янгидан ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш бўйича комиссия раиси А.Н.Арипов қуйидагиларга алоҳида эътибор берган ҳолда,2019 йил 1 майга қадар вазирликлар, давлат қўмиталари, Ҳукумат тузилмасига кирувчи идоралар ҳамда хўжалик бошқаруви органларини янада ихчамлаштириш ва фаолиятини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини назарда тутувчи таклифларни тайёрласин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин:
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар фаолиятининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларнинг вазифалари, функциялари ва ваколатларини, уларни амалга ошириш механизмларини ва ваколатли шахслар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ҳокимликларнинг жавобгарлиги соҳаларини белгилаш ва аниқ чегаралаш, мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик жараёнларини таъминлаш;
давлат бошқаруви тизимига стратегик режалаштириш ва прогнозлаштиришнинг замонавий шакллари, усуллари ва тамойилларини, шу жумладан, “рақамли иқтисодиёт” тамойилини, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш;
давлат бошқаруви органлари, жойларда ижро этувчи ҳокимият органлари ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш, ушбу йўналишда давлат-хусусий шериклик асосларини фаол жорий этиш ва илғор хорижий тажрибадан фойдаланиш;
профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, бюрократия, қоғозбозлик ва кўп сонли йиғилишларга чек қўйишнинг амалий механизмларини жорий этиш, шунингдек, суиистеъмолчилик фактларига ва бошқа салбий ҳолатларга қарши курашиш.
7. Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан биргаликда уч ой муддатда:
а) янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини киритсин, шу жумладан, унда қуйидагилар назарда тутилсин:
Ҳукуматнинг ваколатларини, уларни амалга ошириш механизмларини аниқ тартибга солиш ва иқтисодий, молиявий, пул-кредит, инвестиция, ижтимоий, маданий-гуманитар, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, экология ва бошқа соҳаларда ҳамда жорий вазиятни комплекс таҳлил қилиш асосида ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий фаолиятда чуқур ва таркибий қайта ўзгартиришлар амалга оширилиши ва яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда уларни стратегик ривожлантириш моделлари ишлаб чиқилиши учун унинг масъулиятини ошириш;
Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ваколатларини ва уларнинг жавобгарлигини белгилаш;
Ҳукуматнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ҳарбийлаштирилган тузилмалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва сиёсий партиялар билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари;
Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларини ўтказиш, уларнинг якунлари бўйича қарорлар қабул қилиш регламенти, шунингдек, мажлисларни ўтказиш давомида кўриб чиқиладиган аниқ масалалар рўйхатини белгилаш;
Ҳукумат аъзоларини ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимларини моддий ва ижтимоий таъминлаш масалалари;
б) “Стратегик режалаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини киритсин, шу жумладан, унда қуйидагилар назарда тутилсин:
иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантиришни назарда тутувчи яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган комплекс дастурларни (кейинги ўринларда – ривожлантириш комплекс дастурлари) ишлаб чиқиш механизмлари ва тартиби;
ривожлантиришнинг комплекс дастурларини ишлаб чиқишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг иштироки ва ўзаро ҳамкорлиги, уларни таҳлил қилиш, мониторингини олиб бориш ва пировард ижросини ташкил этиш;
қабул қилинган ривожланишнинг комплекс дастурларини ҳар йили қайта кўриб чиқилишини, кейинчалик уларга глобал ва минтақавий ижтимоий-иқтисодий жараёнлар ўзгариши ҳисобга олинган ҳолда тузатишлар киритилишини назарда тутувчи мазкур дастурларни таҳлил қилишнинг самарали механизмини жорий этиш;
в) қуйидагиларни:
давлат бошқаруви ва ижро этувчи ҳокимият органлари тизимини янада ихчамлаштиришни;
хусусий секторга берилаётган давлат органлари функцияларининг аниқ рўйхатини тасдиқлаш, бунда ушбу соҳада ишларнинг ҳолатини пухта хатловдан ўтказган ҳолда ҳамда берилаётган функцияларнинг лозим даражада бажарилиши устидан давлат назорати механизмларини жорий этишни;
иқтисодий жараёнларда давлатнинг иштирокини тубдан қисқартиришни назарда тутувчи таклифлар киритсин;
г) вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини халқаро стандартлар ва нормаларга мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларини меҳнат натижалари, бажариладиган меҳнат функцияларининг мураккаблиги ва жавобгарлиги билан чамбарчас боғлиқ ҳолда такомиллаштиришни назарда тутувчиЎзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида баён қилинган топшириқларнинг самарали ижро этилишини таъминлаш юзасидан яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг энг муҳим ва устувор йўналишлари бўйича концепциялар, дастурлар ва “йўл хариталари” амалга оширилишини назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги ва тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини амалга оширишда қуйидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратсинлар:
биринчи, Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини, тегишли тармоқ ва ҳудудий комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан тасдиқланган устувор дастурларни самарали амалга ошириш;
иккинчи, асосий халқаро рейтинглар ва индексларда Ўзбекистон Республикаси мавқеини яхшилаш бўйича Ҳукумат, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари иши самарадорлигини ошириш соҳасида комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
учинчи, ҳар томонлама асосланган ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси инвестиция сиёсати стратегиясини пухта тайёрлаш, хорижий инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш механизмлари ва кафолатларини янада такомиллаштириш, хорижий ва маҳаллий инвесторларга тақдим этиш учун “инвестиция портфели”ни ишлаб чиқиш, республикада “инвестициявий хаблар”ни ташкил этиш ва эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолият кўрсатиши учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш;
тўртинчи, “халқ билан мулоқот” амалиётини такомиллаштириш ва Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ҳамда Ҳукумат аъзоларининг жойлардаги шахсий учрашувлари асосида қуйидагиларни кафолатлайдиган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш:
ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, шу жумладан, бандликни таъминлаш ва аҳолининг реал даромадларини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, илғор инновацион ғоялар ва технологиялар асосида таълим ва илм-фан тизимини янада ривожлантириш;
маданият, спорт ва туризм соҳаларида аниқ чора-тадбирларни фаоллаштириш, ёшлар билан ишлаш бўйича давлат дастурининг амалга оширилишига тузатишлар киритиш;
аҳолини, шу жумладан, реновация асосида замонавий ва арзон уй-жой, шунингдек, ишончли транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма билан таъминлаш, Атроф муҳитни муҳофаза қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш;
бешинчи, хорижий мамлакатларга юқори ва олий даражалардаги ташрифлар якунлари ҳамда халқаро иқтисодий ва молиявий институтларда эришилган аҳдлашувлар бўйича тасдиқланган “йўл хариталари”нинг амалга оширилишини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш.
9. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарларининг эътибори тегишли вазирликлар, идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг биринчи раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига муносиб, ўз ишини пухта биладиган ва замонавий фикрлайдиган номзодларни танлашга доир кадрлар билан ишлашнинг сусайтирилишига йўл қўйиб бўлмаслигига қаратилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан биргаликда 2019 йил
1 мартга қадар:
тегишли давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг бўш лавозимларига, ушбу лавозимларга хотин-қизларни тавсия этишга алоҳида эътибор берган ҳолда, тайинлаш учун номзодлар захирасини пухта ишлаб чиқсин, асосласин ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этсин;
масъул лавозимларга хорижда яшаётган ватандошлар ва хорижий мутахассислар орасидан тажрибали менежерларни тайинлаш амалиётини кенг жорий этсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ушбу Фармонда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ижро этилишига доир ишларни самарали мувофиқлаштирсин, шунингдек, улар амалга оширилиши тўғрисида мунтазам равишда ахборот киритсин.
11. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг, шу жумладан, Ҳукумат фаолиятини ташкил этишни, унинг ташкилий-штат тузилмасини тасдиқлашни, Вазирлар Маҳкамаси аппарати иши самарадорлиги ва натижадорлигини оширишнинг асосий йўналишларини белгилашни назарда тутувчи қарори лойиҳасини киритсин.
Адлия вазирлиги бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 28 январь