- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9343
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 8005
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7739
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6878
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6511
Буюк Британиянинг “The Travel Magazine” журнали жорий йил 7 январда “2019 йил 1 февралдан британияликлар ва бошқа 44 мамлакат вакиллари учун Ўзбекистонга кириш визасиз бўлмоқда”, деб ёзди, Германиянинг “Die Presse” газетаси шу йил 15 январь сонида “Ўзбекистон сайёҳлар учун курашяпти”, Англиянинг яна бир журнали – “Lonely planet” бетакрор “Ўрта асрларга оид кўк гумбазли шаҳарлар, ёйилма бозорлар, Буюк ипак йўли жозибаси, қадимий Самарқанддаги архитектура намуналарининг ўзига хослиги” ҳақида алоҳида тўхталади. Тарих, санъат, адабиёт, мусиқа, архитектура, бетакрор ландшафтлар, ҳудуднинг ёввойи табиати туристларни ўзига чорлаётганини қайд этади.
Юртимизга хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича жорий этилаётган янгиликлар жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ўзбекистон замини инсоният тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларни улғайтирган. Хоҳ қўшнилар, хоҳ узоқ Шарқ, Арабистон ярим ороли ёки Европа бўлсин, неча аср илгари савдо-сотиқ ишлари йўлга қўйилганини, ижтимоий соҳаларда ҳам кенг кўламда ҳамкорлик қилиниб, сайёҳлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ва Шаҳрисабз каби шаҳарларимизга келганини тарих исботлайди. Жун, ип-газлама, тери, мева, ҳунармандлик маҳсулотлари, сифатли қоғоз билан Европа бозори забт этилган. Эндиликда қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, тўқимачилик саноати, туризм соҳасида ҳам дадил қадамлар ташланаётганини дунё эътироф этмоқда.
Буюк Британиянинг “The Travel Magazine” журнали жорий йил 7 январда “2019 йил 1 февралдан британияликлар ва бошқа 44 мамлакат вакиллари учун Ўзбекистонга кириш визасиз бўлмоқда”, деб ёзди, Германиянинг “Die Presse” газетаси шу йил 15 январь сонида “Ўзбекистон сайёҳлар учун курашяпти”, Англиянинг яна бир журнали – “Lonely planet” бетакрор “Ўрта асрларга оид кўк гумбазли шаҳарлар, ёйилма бозорлар, Буюк ипак йўли жозибаси, қадимий Самарқанддаги архитектура намуналарининг ўзига хослиги” ҳақида алоҳида тўхталади. Тарих, санъат, адабиёт, мусиқа, архитектура, бетакрор ландшафтлар, ҳудуднинг ёввойи табиати туристларни ўзига чорлаётганини қайд этади.
Германиялик халқаро экспертлар Урс Ункауф ва Маттиас Дорнфелд “оstexperte.de” нашрида 28 январь куни эълон қилинган “Ўзбекистон: Марказий Осиёнинг минтақавий ривожланиши шароитида сиёсий ислоҳотлар” номли мақоласида “Марказий Осиёдаги энг аҳолиси кўп мамлакат – Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сиёсий тизимни либераллаштириш, бозор иқтисодиётини барқарорлаштириш, минтақада ва халқаро майдонда интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда”, деб ёзади ва бу борада мамлакатимизнинг ташаббуси халқаро алоқаларда муҳим ўрин тутаётганини қайд этади.
33 фоиз кўпайган
Албатта, ташқи сиёсатдаги очиқлик, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув, халқаро майдонда ўз мавқеини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида биргина Германиядан мамлакатимизга келаётган сайёҳлар сони 2018 йилда олдинги йилга нисбатан 33 фоиз кўпайган.
Ишончли ва истиқболли, ҳар томонлама манфаатли ҳамкор саналадиган Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига дадил кириши нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё учун аҳамиятли эканини барча соҳадаги туб ўзгаришлар, хусусан, туристлар ва инвесторлар оқими ошиб бораётгани, юртимизда улар учун кўплаб имкониятлар яратилаётгани, солиқ тизимидаги ва рақобатни ривожлантиришга қаратилган улкан янгиланишларда ҳам кўриш мумкин.
2018 йилда туризм соҳасида жорий этилган янги тартиблардан сўнг Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони 2,6 миллиондан 5,3 миллионга ошган, бу 100 фоиз ўсиш демакдир.
Жаҳон туризми йўли
БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) маълумотларига кўра, туризм соҳасида энг юқори кўрсаткичга эга мамлакат Франциядир. Бу юртда ЮНЕСКОнинг 37 та Бутунжаҳон маданий мероси объекти мавжуд бўлиб, мамлакат ЯИМнинг қарийб 10 фоизи мана шу соҳа ҳиссасига тўғри келади.
АҚШга эса йилига 70 миллиондан ортиқ турист ташриф буюради ва саноатлашган штатларда ҳам сайёҳлик мамлакат бюджетига катта даромад келтирувчи соҳа ҳисобланади. Шунинг баробарида 2025 йилга бориб, давлат ушбу йўналишдан оладиган маблағни 2,5 триллион долларга етказишни режалаштирган.
Испаниядан ҳам ўрганадиган жиҳатлар кўп. Мамлакатнинг 13 шаҳрида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси объектлари мавжуд. Шубҳасиз, бугун постиндурстриал жамиятлар иқтисодий барқарорликка эришаётган бир пайтда бундай имконият, салоҳият ва ресурслардан оқилона фойдаланиш мамлакат учун ҳар жиҳатдан фойдалидир.
Туризм соҳасида катта тажрибага эга Франция, Хитой, АҚШ, Малайзия, Испания сингари мамлакатлар тажрибаси юртимизда соҳани ривожлантиришда қўл келиши, шубҳасиз.
Шундай катта туристик салоҳият Ўзбекистонда ҳам мавжуд
Мамлакатимизда туризм кун сайин ривож топиб бормоқда. Қадимий шаҳарларимиз, зиёратгоҳлар ва эски тепаликларда ҳали яна минглаб сирлар яширин. Ҳар қадамда буюк тарих мужассам.
– Биз Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришлар, яқин қўшничилик сиёсатидан хурсандмиз, – дейди тожикистонлик сайёҳ Рустам Келдиёров. – Туризм тарихни, география, атроф-муҳитни севишни ўргатади. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива сингари қадимий шаҳарларни айланиш чоғида туристлар учун яратилган имкониятлар, шарт-шароитдан мамнун бўлдим. Мен каби минглаб туристлар бамайлихотир, эмин-эркин мингйиллик осори-атиқалар, кўҳна ёдгорликларни томоша қилиб юрибди.
Мутахассисларнинг айтишича, сайёҳлик учун сарфланган маблағ ўн баробардан кўп фойда беради. Шу боис, давлатимиз раҳбари ўз нутқларидан бирида туризм Ўзбекистон иқтисодиёти учун локомотив соҳа экани, меҳмонхоналар қуриш, замонавий инфратузилма барпо этиш зарурлигини, шунга яраша шароит кераклигини таъкидлаб, бу борада барча тўсиқлар бартараф этилаётганига урғу берган эди.
Самарқанд ва Бухоро бренди
–XVI-XVII асрларда элчию сайёҳлар, савдогарлар келиб, юртимиз довруғини дунёга ёйган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маркетинг тадқиқотлари, миллий туризм маҳсулотини тарғиб қилиш бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Беҳруз Ҳамзаев. – Адрас, банорас ва бошқа турли газламалар, кулолчилик буюмлари, ёғоч ўймакорлиги ишлари олиб бориб сотилган. Муҳими, ўша даврларда Самарқанд ва Бухорода бугунги тил билан айтганда, ўзига хос “логистика” марказлари шаклланган. Тарихий манбалар бу ҳақда гувоҳлик беради. Бу йўналиш нафақат давлат учун, балки халқ учун ҳам ҳар томонлама манфаатли. Шубҳасиз, Ўзбекистон туризми дунёда ўзига хос. Чунки аввало, биз Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашганмиз ва Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Хива шаҳарлари дунёда ўз “бренд”ига эга. Шунинг баробарида халқимиз меҳмондўст, нима топса, бошқага илинади. Юртимиз табиати ҳам ўзига хос, бетакрор. Бугун сайёҳлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар кенгайиб бормоқда.
7 минг тарихий объект
Юртимизда 7 мингдан зиёд тарихий обида рўйхатга олинган. Бинобарин, сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш имконияти кенг. Лекин кўпроқ даромад келтирадиган туристларни жалб қилиш муҳим. Албатта, сайёҳлар учун меҳмонхоналар, “меҳмон уйлари”и, хостеллар тизимини шакллантириш зарур.
Маълумотларга кўра, бугун мамлакатимизга асосан “babyboomer”лар, яъни пенсия ёшидан ошган туристлар келмоқда. Жаҳон тажрибаси эса уларнинг олижаноб эканини тасдиқлайди: гуруҳ-гуруҳ бўлиб дунё кезади, уларга жамоавий хизмат кўрсатилади, бу ҳам анча даромад тежалишига ёрдам беради. Лекин келгусида ўрта ёшлиларни ҳам кенг жалб этиш кўзда тутилган. Кекса авлод вакиллари асосан ўқиган ва эшитганларига таяниб, Ўзбекистонга келади. 30-45 ёшлилар эса интернетдан кўпроқ маълумот олади. Шунинг учун бу борада ҳам тарғибот ишларини кучайтириб, мамлакатимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича махсус механизм асосида ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистонга рақобатчи давлатлар кўп
Албатта, кун сайин ўзгаришлар юз бераётган бўлса-да, туризм борасида Ўзбекистонга рақобатбардош мамлакатлар талайгина. Малайзия, Таиланд, Бирлашган Араб Амирликлари, Янги Зеландия сингари давлатлар замонавий туризм салоҳиятига эга бўлса, Бангладеш, Туркия каби юртларда саёҳат нисбатан арзон. Марокаш, Миср ва Руанда сингари Африка мамлакатлари ҳам сайёҳлик борасида жадал ривожланиш йўлидан бормоқда.
– Жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонни ишончли, истиқболли ҳамкор сифатида кўраётир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Зафар Ханиязов. – Шу боис, барча жабҳада шериклик ўрнатилмоқда. Соҳага қаратилаётган юксак эътибор ва халқаро муносабатлар ортидан туризм жадал ривожланаётир. Буни мамлакатимизга келувчилар сони жиддий ошганида ҳам кўриш мумкин. Аммо уларнинг барчаси ҳам сайёҳ эмас, улар орасида ташриф буюрувчилар, яъни меҳмонлар кўп. Шуни инобатга олиш шарт. Бунинг учун сервис хизматларини барча ҳудудларда такомиллаштириш зарур. Ҳар бир сайёҳ учун телефон, интернет, “Wi-Fi” зоналарини яратиш керак. Тадбиркорлар учун кенг шароитлар яратилмоқда, бу борада қонун лойиҳалари ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Эсимда, ўтган йили Президентимиз Бухорога ташрифи чоғида Етти пир – Абдухолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуалари бутун дунё мусулмон оламининг табаррук масканларидан бири эканини алоҳида таъкидлаб, уларнинг замонавий таъмирланиши, реконструкция қилиниши Ўзбекистонда янги сайёҳлик йўналишини очиб, зиёрат туризми тараққиётига хизмат қилишини қайд этган эди.
Туризм хизматларнинг жаҳон савдосидаги улуши 30 фоиздан ошади. Туризм бугун жаҳон капиталининг 7 фоизини ташкил этади. Туристик маҳсулотлар дунё бозорида нефть билан таққосланиб, ундан кам фойда келтирмайди. Ўзбекистонда эса соҳани тараққий эттириш учун барча шароит ва имконият мавжуд. Президентимиз ташаббуси билан бугун дунёда Ўзбекистон туризм бренди жадал бўй чўзаётгани соҳа истиқболи порлоқ эканидан далолат беради.
Олимжон Жумабоев, ЎзА