Депутатлар суюлтирилган газ таъминотидаги муаммоларни кўтардилар

2019 йил 5 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги “Ҳукумат соати”га қуйи палатадаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг ташаббуси билан “Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида”ги масала киритилди.

                 Депутатлар суюлтирилган газ таъминотидаги муаммоларни кўтардилар

Мазкур масала юзасидан ахборот бериш ҳамда депутатлар саволларига атрофлича жавоб қайтариш учун қуйи палатага Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Ходжаев таклиф этилди.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 августдаги “Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори жойларда аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммолардан бирини ҳал этишга қаратилган.

Вазир ўз ахборотида таъкидлаганидек, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тартиби ҳамда аҳоли учун белгиланган нархлар бўйича истеъмол қилувчи ижтимоий соҳа объектлари рўйхати тасдиқланган. Бу борада ҳозирги кунга қадар қатор ишлар амалга оширилган. Айни пайтда республика бўйича жами 3,3 миллионта суюлтирилган газ абоненти бўлиб, газ таъминоти корхоналари томонидан жами 3,4  миллион дона маиший газ баллонлари етказиб берилган. Бундан ташқари, аҳолининг шахсий 1,1 миллион дона газ баллони бор. Яъни, абонентлар сонига нисбатан таъминланганлик даражаси 137 фоизни ташкил этади. Қолаверса, шу йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республика бўйича 2,1 миллионта ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

2019 йилда суюлтирилган газ манбалари ва тақсимоти балансига кўра, жорий йилда 806,1 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиб, шундан 474,7 тоннаси ёки ўтган йилга нисбатан 60,7 минг тонна кўпроғи аҳолининг маиший эҳтиёжлари учун етказиб берилиши белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги қарорида суюлтирилган газ асосан аҳолининг ўсиб бораётган маиший эҳтиёжларини қоплаш учун йўналтирилиши белгиланганини инобатга олиб, суюлтирилган газни биржада сотиш миқдори йилдан йилга камайтирилиб борилмоқда.

Қисқа қилиб айтганда, соҳада амалга оширилаётган ибратли ишлар талайгина. Аммо айни йўналишда Ҳукумат даражасида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинганига қарамай, ҳудудларда аҳоли эҳтиёжлари учун суюлтирилган газ етказиб беришда кўплаб камчиликларга ҳам йўл қўйилмоқда.

Депутатлар вазирга бу борадаги масалалар, аҳолини қийнаб келаётган аниқ муаммолар хусусида саволлар билан мурожаат этдилар. Айниқса, парламент вакилларининг эътирозига сабаб бўлган масала – табиий газ етиб бормайдиган ҳудудларни ўз вақтида суюлтирилган газ билан таъминлаш, газ баллонлари стандартлари ва уларнинг тўлови билан боғлиқ масалалар юзасидан изоҳ сўралди.

Айтиш жоизки, ушбу масаланинг парламентда ўтказиадиган “Ҳукумат соати”да эшитилиши бежиз эмас. Олий Мажлис қуйи палатаси вакилларининг сайловчилар билан ўтказаётган очиқ мулоқотлари давомида келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар таҳлили аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида муаммолар юзага келаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йил январь ва февраль ойининг охирги ҳафтасида сайлов округларида ўтказилган учрашувлар давомида депутатлар томонидан ушбу масала ўрганилганда, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган бир қанча камчиликлар аниқланди.

Масалан, аҳоли кўтараётган муаммоларга кўра, 20 килограммли маиший газ баллонларига кўп ҳолларда меъёрдагидан кам қуйилаётгани истеъмолчиларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ёки газ олиш учун келган аҳоли вакилларининг банк пластик картаси орқали тўловни амалга ошира олмаслиги ноқулайлик келтириб чиқараётганига доир фактлар ҳам бор.

Вазир депутатлар саволларига жавоб қайтарар экан, бундай салбий ҳолатлар учраб турганини, бу масалада вазирлик томонидан жиддий назорат олиб борилаётгани, камчиликларга йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан чоралар кўрилаётганини қайд этди. Ўз навбатида, бу борада қилиниши керак бўлган ишлар, назорат қилувчи ва бошқа мутасаддилар масъулиятини янада ошириш юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди.

“Ҳукумат соати” доирасида берилган савол-жавоблардан келиб чиқиб, депутатлар томонидан вазирлик фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.

Ўз навбатида, “Ҳукумат соати” кўтарилган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан парламент қуйи палатасига қўшимча равишда маълумот тақдим этилиши маълум қилинди.

Йиғилиш якунида аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан самарали парламент назоратини олиб боришга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

| 3605 06.03.2019



×
Портал харитаси