- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9217
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7883
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7596
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6716
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6391
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланган мактаб кутубхоналарига китоблар совға қилиш тадбирлари республикамиз бўйлаб шижоат билан давом эттирилмоқда ҳамда мамлакатимизнинг кўплаб таниқли ва обрўли юртдошларимиз эзгу амалларида ўз аксини топмоқда.
Замонавий илм-фан ва техника ютуқлари, оммавий компьютерлаштириш босма нашрларни гўёки четга сургандек бўлса-да, китоб инсон ақли ва қўли билан яратилган энг ажойиб асар сифатида аҳамиятини йўқотмаётгани фикримизнинг яққол далилидир. Зеро, китоб инсон ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Мутолаа завқини бир бор ҳис этган инсон бир умр китобга ҳамроҳ бўлмай қолмайди.
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 132-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган учрашувда ҳам шу ҳақида сўз юритилди. Жорий йил 13 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ўзи таҳсил олган ушбу мактабга шахсий кутубхонасидан китоблар тўпламини совға қилди. Улар сирасидан китобхонни энг юксак инсоний қадриятлардан бўлган Ватанга муҳаббат, садоқат, билим ва заковатга интилиш, маънавий баркамолликка етакловчи миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналари – ҳикоялар, романлар ва қиссалар ўрин олган.
Жумладан, учрашув давомида таъкидланганидек, инсон саргузаштлар оламига шўнғиган чоғида ҳаёт ташвишларидан чалғиб, мутолаадан роҳатланади. Бундай лаззат кишига олам-олам фойда келтиради: тафаккур, таҳлил ва хулосалар қилишга ўргатади. Зиёли инсон икки оғиз суҳбати билан кишиларда ижобий таассурот уйғотади. Зеро, китобга дўст тутинган одамда катта сўз бойлиги, равон нутқ, фикр ва туйғуни кисқа ҳамда лўнда баён этиш маҳорати мужассам. Техника ривожи, инсониятнинг тараққиёт сари илдам қадамидан қатъи назар, мутолаа ва китоб у учун доим юксак инъом бўлиб қолиб, камолот сари етаклайверади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати