- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9343
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 8005
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7739
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6876
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6511
2019 йил 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар ўз конституциявий ваколатлари доирасида Ҳисоб палатасининг 2018 йилги ҳисоботини кўриб чиқдилар.
Мажлисда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари О. Рустамов ҳисобот билан сўзга чиқди.
Таъкидлаш жоиз, ҳисобот дастлаб сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳлари томонидан кўриб чиқилди. Фракцияларда ўтказилган муҳокамаларда депутатлар парламент назоратини амалга ошириш ва қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, назорат-таҳлил тадбирларига фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини фаол жалб этиш юзасидан парламент ва Ҳисоб палатасининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган қатор таклифлар ишлаб чиқдилар.
Ахборотда қайд этилганидек, Ҳисоб палатасининг 2018 йилдаги фаолияти давлатимиз раҳбарининг Фармон ва қарорлари, жумладан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони ҳамда бошқа ҳужжатлари асосида ташкил этилди. Асосий эътибор Давлат бюджетининг шаклланиши, даромадларни кўпайтириш захираларини аниқлаш ва сафарбар қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор ва топшириқлари, Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларининг ижросини таъминлашга қаратилди.
Ҳисобот йилида Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар, кўрилган чоралар ҳамда амалий ёрдам натижасида давлат бюджетига қўшимча 4 721,9 млрд. сўмлик даромад манбалари аниқланиб, ўтган йилда бюджетга режалаштирилган 9,1 трлн. сўм қўшимча манба ҳудудлар бўйича 9,8 трлн. сўмга таъминланди. Шунингдек, Давлат бюджети даромадларига тушумлар тўлиқлигини таъминлаш ҳамда қўшимча захираларни сафарбар этиш бўйича тизимли назорат ўрнатилиб, республика бўйича 2018 йилда бюджетга 54 194 млрд. сўм солиқ тушумлари жалб қилинди.
Натижада маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноздан ошириб бажарган қисми ҳисобидан 2017 йил ва ундан олдинги даврларда ҳудудий ҳокимликлар ихтиёрида 1 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ҳам қолмагани алоҳида таъкидланиб, 2018 йилда маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қарийб 5,6 трлн. сўм маблағлар қолдирилгани депутатлар томонидан эътироф этилди.
Шу билан бирга, парламент вакиллари йўл қўйилаётган айрим камчиликларга ҳам эътибор қаратди. Хусусан, бюджет даромадларини кўпайтириш имкониятларини излаш, мавжуд дастакларни ишга солиш ўрнига давлат бюджетидан берилган маблағларни мақсадсиз ва самарасиз сарф қилинишига йўл қўйилаётгани, мутасаддиларнинг ушбу муҳим масалага эътиборсизлик қилаётгани ва бошқа камчиликлар депутатлар томонидан кескин танқид қилинди.
Давлат бюджетининг маҳаллий ҳокимият органлари ихтиёрида қолдирилган қўшимча даромадлар ҳисобидан маблағларнинг сарфланиши юзасидан 4 та ҳудудда (Фарғона, Қашқадарё вилоятлари, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Сергели туманлари) ўрганишлар ўтказилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, 49 млрд. сўмлик самарасиз сарфланган харажатлар, харид қилинган товар-моддий бойликлар камомади, қурилиш-таъмирлаш ишларига қўшиб ёзишлар ва бошқа камчиликлар кузатилган.
Қўшимча манбаларнинг камида 40 фоизи, биринчи навбатда, аҳолини иш билан таъминлаш тадбирларига ажратилиши юзасидан ҳукумат топшириғи мавжуд бўлишига қарамасдан, ўрганилган ҳудудларнинг биронтасида ҳам ушбу йўналишга маблағ сарфланмагани ҳам халқ вакилларининг эътирозига сабаб бўлди.
Сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзолари Ҳисоб палатасининг 2018 йилги ҳисоботини тинглаб, ўз муносабатини билдирдилар. Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури асосида аҳолига кредитлар берилишида адолат ва шаффофлик тамойиллари устуворлигига эришиш, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларнинг дастлабки таннархи шаклланиши жараёнини, энг аввало, эҳтиёжманд оилаларга тақсимланаётганини, барпо этилаётган уй-жойларнинг сифатини назоратга олиш таклифини илгари сурди.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари Ҳисоб палатаси томонидан маҳаллий бюджетларнинг ижроси ўрганилганда қатор камчиликларнинг аниқланганига эътибор қаратар экан, жойларда ҳокимликларнинг маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш чора-тадбирларини излашга, мавжуд имконият ва резервларни ишга солишга ҳамда давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарф қилинишини таъминлашга эътиборини янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлашга имтиёзли кредит линиялари учун давлат бюджетидан ажратиладиган мақсадли маблағлар салмоғи ошганини эътироф этиб, мазкур соҳани янада жадаллаштириш таклифини билдирди.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси Ҳисоб палатасининг жойларда амалга оширилаётган давлат ва ҳудудий дастурлардаги лойиҳаларни жадаллаштириш ва муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан тизимли ишлар олиб бориши натижасида 36 та лойиҳа бўйича кредит, 10 та лойиҳа бўйича ер майдонлари ажратилишида, 10 та лойиҳа бўйича муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш ҳамда божхона ҳужжатларини расмийлаштиришни таъминлашда амалга оширган фаолиятини эътироф этди.
Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзолари Ҳисоб палатаси томонидан 2018 йилда амалга оширилган назорат тадбирлари ва кўрсатмалари асосида амалдаги бир қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилганига ҳамда тегишли идоравий меъёрий ҳужжатлар тайёрлангани келгусида молиявий соҳада қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, уларга йўл қўймасликда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этиб, марказда ва жойларда ҳуқуқни қўлланиш амалиётини яхшилаш борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ҳисоб палатасининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини янада ошириш зарурлигига эътибор қаратдилар.
Барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2018 йилги ҳисоботи маъқулланди. Билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2018 йилги ҳисоботини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати