- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9246
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7904
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7628
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6755
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6418
Жорий йилнинг 1 май куни Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамда Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлислари бўлиб ўтди. Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама этилди.
Қўмиталар мажлислари ишида қўмиталар аъзолари, тегишли вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагидаги ижросига доир ҳисоботини дастлабки тарзда муҳокама қилди.
Қайд этилганидек, бу масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқиб, парламент юқори палатасининг бўлажак ялпи мажлисига киритилган. Президент Муроаажтномасида Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботини ҳар чоракда эшитиб бориш назарда тутилган.
Эшитув Давлат дастури ижроси устидан тизимли мониторинг доирасида ўтказилоқда.
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи билан бирга Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи дастлабки тарзда муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида банк тизимини ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар тизимда рақобат муҳитини яхшилаш, хусусий ва хорижий капитал иштирокини кенгайтириш орқали молия муассасалари фаолиятини бозор тамойиллари асосида ташкил қилиш учун қулай шарт-шароит яратишга йўналтирилган. Бунинг натижасида тижорат банкларининг умумий капитали 6 трлн. сўмга ёки 29 фоизга ошиб, 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра 26,7 трлн. сўмни ташкил этди, устав капитали эса 21 фоизга ошиб, 19,7 трлн. сўмни ташкил этди. Ўз навбатида, банклар умумий капиталининг ортиши ва ресурс базасининг мустаҳкамланиши иқтисодиётнинг реал сектори субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳажмларининг янада кенгайишини таъминламоқда.
Шу билан бирга, сенаторлар 2019 йилда Марказий банк томонидан банк тизимини ислоҳ қилиш ва унинг молиявий барқарорлигини ошириш йўналишида банклар устав капиталидаги давлат улушини босқичма-босқич камайтириш, унда хусусий ва хорижий капитал иштирокини кенгайтириш, тижорат банклари, нобанк кредит ташкилотларининг тўлалигича бозор тамойилларига мувофиқ фаолият юритишини таъминлаш, пруденциал назоратнинг замонавий механизмларини жорий қилиш борасидаги ишларни давом эттириш лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, тўлов тизимини ривожлантириш ва унинг барқарорлигини таъминлаш соҳасида кўрсатилаётган хизматлар кўламини илғор молиявий технологиялар асосида янада кенгайтириш, банклараро тўлов тизимининг барча мижозлар учун кечаю кундуз ишлашини таъминлаш, мижоз ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молиявий саводхонлигини ошириш орқали хизматлар оммабоплигига эришиш борасидаги ишларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини дастлабки тарзда муҳокама қилиш чоғида қайд этилганидек, Ҳисоб палатаси зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали амалга оширилиши Давлат бюджетини лозим даражада ижро этишга, бюджетдан ташқари жамғармалар фаолияти ва кредит ресурсларидан мақсадли фойдаланишга хизмат қилмоқда.
Ҳисоб палатасининг ўтган йилги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони ва бошқа ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросига, Давлат бюджетини шакллантириш ва даромадларини кўпайтириш ресурсларини аниқлашга, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларининг ижросини таъминлашга қаратилди.
Шу билан бирга, мажлисда таъкидланганидек, Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тушумларнинг тўлиқлигини, уларнинг мақсадли шаклланишини ва самарали ижро этилишини таъминлаш, солиқ соҳасида ислоҳотлар амалга ошириш ва бюджетга қўшимча даромад келтиридиган захираларни аниқлаш, олтин-валюта захиралари ҳолати устидан мониторинг ва давлат назоратини амалга ошириш борасидаги Ҳисоб палатасининг тизимли ишларини давом эттириш талаб этилади.
Бунда давлат ва ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига, Давлат бюджетини шакллантириш ва даромадларини кўпайтириш ресурсларини аниқлаш ҳамда улардан фойдаланишга, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини оширишга, инвестиция лойиҳаларининг рўёбга чиқарилишига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, давлат ва ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг тўлиқ ва самарали ижро этилишига тўсқинлик қилаётган тизимли камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди.
Мажлисда кўриб чиқилган масалалар бўйича қўмиталарнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати