- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9343
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 8005
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7739
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6878
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6511
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтириш баробарида Бош вазир ва Ҳукумат аъзолари Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан Олий Мажлис палаталари олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб бориши белгилаб берилган эди.
Шундан келиб чиқиб, мазкур янги институтни амалиётга татбиқ этиш ишлари бошланди: 2019 йил 18 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида илк бор Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Ҳисоботни Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов тақдим этди.
Ҳисоботда келтириб ўтилганидек, Президентимиз ташаббуси билан яратилган Маъмурий ислоҳотлар концепциясини изчил амалга ошириш барорида Вазирлар Маҳкамасининг ташкилий жиҳатдан қайта кўриб чиқилиб, фаолияти янги мазмун билан бойитилгани, йирик хўжалик бошқарув субъектларида корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари жорий этилгани Ҳукумат томонидан Давлат дастурининг биринчи чорак учун белгиланган устувор вазифаларини ўз вақтида, сифатли ижро этилишини таъминлашда муҳим омил бўлди.
Шундан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Давлат дастурининг бажарилишида бир қатор жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 январдаги Фармони билан белгиланган устувор йўналишларни сифатли, самарали амалга ошириш, ҳисобот даврида макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий-ижтимоий соҳанинг бардавом ривожланишини таъминлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестиция муҳитини яратиш, республика ҳудудларининг ижтимоий ривожланиш даражасини юксалтириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чораларни кўришга устувор аҳамият берилди.
Шу давр ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларида давлат бюджетининг даромадларини шакллантириш ва харажатлари ҳамда бюджет тақчиллиги мўътадиллигини таъминлаш катта аҳамият касб этди. Мамлакатда амалга оширилган изчил ташқи савдо сиёсати туфайли экспорт ҳажми ҳамда жами ташқи савдо айланмасининг ортишига эришилди.
Республикада яратилган қулай инвестиция муҳити натижасида инвестицияларнинг ўзлаштирилиши жадаллаштирилди. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган Инвестиция дастурининг алоҳида аҳамияти бор. Хорижий инвестициялар иштирокида молиялаштиришнинг сезиларли ўсиши таъминланиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробарни ташкил этди.
Амалга оширилаётган бунёдкорликлар орасида аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш, уй-жой, ичимлик сув билан таъминлаш ишлари алоҳида аҳамият касб этиб, сезиларли ўсиш кузатилмоқда.
Ўтган даврда Ҳукумат фаолиятида ижтимоий масалалар билан шуғулланиш устувор вазифалиги таъминланиб, аҳолининг бандлиги, соғлиқни сақлаш, таълим тизимини такомиллаштириш ишларига алоҳида эътибор берилди. Шу ўринда “Ҳар бир оила — тадбиркор”, “Ёшлар — келажагимиз” ва деҳқон хўжаликлари ва шахсий томорқа ерларини ривожлантиришга доир дастурлар асосида иш ўринларини яратиш жадал суръатларда амалга оширилмоқда.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга оширилаётган яратувчанлик ишлари натижасида замонавий қишлоқлар (жами 478та)да 312 минг 549 хонадон қурилиб, 1,7 миллион нафар аҳолининг, шаҳарлардаги маҳаллаларда эса, 496 минг аҳолининг яшаш шароити яхшиланди. Буларнинг барчаси бир мақсадга — мамлакат тараққиёти ва аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қиляпти.
Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи депутатлар томонидан ҳар томонлама, чуқур таҳлил қилинди. Парламент вакиллари, авваламбор, Давлат дастурида белгиланган, ўтган даврда ишлаб чиқилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг Олий Мажлис қуйи палатасига ўз вақтида киритилиши ҳамда мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш билан боғлиқ масалалар ечимига алоҳида аҳамият қаратдилар. Давлат дастурининг ижроси устидан амалга оширилаётган назоратнинг янада таъсирчанлиги ва самарадорлигини таъминлаш, бунда парламент назоратининг барча шаклларидан унумли фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Ҳукумат ҳисоботи юзасидан ҳар бир сиёсий партия фракцияси ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари ўз нуқтаи назарини баён қилди.
Жумладан, сиёсий партиялар фракциялари аъзолари Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида ижроси таъминланиши режалаштирилган 63 та банддан амалда 46 таси бажарилганига эътибор қаратар экан, ўз вақтида адо этилмаган бандлар бўйича асосли эътирозлар билдирдилар. Бундан ташқари, тадбиркорликни ривожлантириш, давлат дастурларини амалга оширишда маҳаллий ҳокимият органларидаги мавжуд бюрократик тўсиқ ва субъектив омилларни бартараф этиш юзасидан Ҳукумат алоҳида кўрсатмадан иборат норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиб, қатъий назоратни амалга ошириши лозимлиги, зарур ҳолларда депутатлар билан бу соҳада фаол ҳамкорликни йўлга қўйиши зарурлигини билдириб ўтдилар.
Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Шуҳрат БАФАЕВ йилнинг ўтган даврида мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кўп ижобий ўзгаришлар рўй берганини таъкидлади. Депутатнинг қайд этишича, парламентда қизғин муҳокамалар билан қабул қилинган «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонун жаҳон бозорларига интеграциялашиш ва экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича божхона маъмуриятчилигини янада либераллаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, бизнесни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш каби муҳим жиҳатларни ўз ичига қамраб олди. Шу жиҳатлари билан у партиянинг марказдаги ва жойлардаги вакиллари, тадбиркорлар, фермерлар томонидан айни кутилган ҳужжат бўлди.
Ўзбекистоннинг халқаро евро облигацияларини илк бора Лондон биржасида жойлаштириш орқали мамлакатимизнинг халқаро молиявий бозорга кириб бориши, халқаро евро облигацияларнинг мазкур биржада жойлаштирилиши мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар билан жаҳон молия бозорларида соғлом рақобат қилиш имкониниятини яратди.
Шунингдек, Президентимиз қарори билан кўчмас мулкнинг ҳуқуқий асослари, кадастр ҳисобини юритиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларига ноқонуний аралашувлар бекор қилингани боис, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш борасида «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида мамлакатимиз рейтинги кўтарилди.
29 мингдан ортиқ кичик бизнес корхоналарини умумий ўрнатилган шаклдаги солиққа ўтказиш ишларининг мувофиқлаштирилиши натижасида «яширин иқтисодиёт» ҳажми сезиларли қисқартирилиб, ҳудудларда бюджет тушумлари ошишига салмоқли замин яратилди. Йил бошидан 341,2 миллион сўмлик 32 та саноат объекти ва ижтимоий инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилиши натижасида эса, 1806 та янги иш ўрни яратилди.
Бундан ташқари, ўтган даврда хорижий инвестицияларни жалб этиш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, шунингдек мамлакатимиз ҳудудларининг ижтимоий ривожланиши даражасини юксалтириш бўйича амалга оширилган тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилиши иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун мустаҳкам асос бўлди.
Тўғри, жорий йилнинг биринчи чорагида бажарилиши лозим бўлган Давлат дастурининг айрим бандларининг ижроси давом этмоқда, баъзи бандлар ижросининг муддати узайтирилган. Фракциямиз аъзолари жорий йил апрель ойининг бошида давлатимиз раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан марказда ва жойларда барча имконият ҳамда салоҳиятдан тўла фойдаланган ҳолда, Давлат дастурининг биринчи ярим йилликдаги ижросини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган барча-тадбирлар кўрилишига ишонч билдиради”.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси Алишер ҲАМРОЕВ Ҳукумат ҳисоботида таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризмни янада ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирларнинг ижро этилиши ҳолатига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.
Албатта, бу борада таҳсинга сазовор амалий ишлар қилинган. Аммо Давлат дастурининг биринчи чоракдаги ижроси борасида айрим камчиликлар ҳам яққол кўзга ташланади. Масалан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятинининг молиявий асосларини такомиллаштиришга оид биргина норматив ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани боис, ушбу масалага тааллуқли барча вазифалар тўлиқ бажарилган, деб маълумот тақдим этилган. Ваҳоланки, айни мақсадни кўзлаган биргина Низомнинг қабул қилингани билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининиг молиявий асослари тўлиқ такомиллаштирилди, деб хулоса қилиб бўлмайди. Бундан ташқари, республика музейларида сақланаётган тарихий экспонатларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, унинг якуни бўйича ҳар бир музейнинг каталогини яратиш назарда тутилган, бироқ ҳозирги кунга қадар ушбу вазифа ижроси охирига етказилмаган.
Шундан келиб чиқиб, Давлат дастурининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботини эшитиш институтидан илк бора фойдаланилаётганини инобатга олиб, келгуси ҳисоботлар тақдим этилгунига қадар материаллар ва маълумотларни янада такомиллаштириш ҳамда унинг ижросини белгиланган муддатда сифатли бажарилишини қатъий назоратга олиш таклифи билдирилди.
Шунингдек, аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, компьютер технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, хотин-қизларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта ташаббус йўналиши бўйича ишларни жадаллаштириш, бунда давлат-хусусий шериклик муносабатларидан самарали фойдаланиш таклифларини илгари сурди.
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат НОРБОЕВ сўз олар экан, фракция аъзолари Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини маъқуллаган ҳолда, келгусида Ҳукумат томонидан эътибор қаратилиши лозим бўлган бир қатор таклиф ва тавсияларни билдирди. Таъкидлаш лозимки, давлат аҳамиятига молик масалаларни бугунги кунда халқ билан бевосита муҳокама қилиш, ҳар бир масалада халқнинг фикрини ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ушбу жараённинг сиёсий аҳамияти шундаки, халқимиз ўз вакиллари, яъни депутатлар орқали мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини кузатиб, назорат қилиб боради.
Барча ютуқлар ўзимизники эканлигини билиб, масалага танқидий нуқтаи назардан ёндашсак, кўрилаётган масаланинг туб моҳиятига эътибор қаратсак, айрим вазифаларнинг бажарилмаслиги ёки кечиктириб бажарилиши, Қарор ўрнига чора-тадбир лойиҳаси тайёрланиб, ижроси қоғозда қолаётгани, жойларда дастурда белгиланган вазифаларга совуққонлик билан қаралаётганини кўрамиз.
Давлат дастурида белгиланган ҳар бир вазифа, унинг ижроси одамларни рози қилишдан иборатдир.
Шу нуқтаи-назардан қараганда, аҳолининг арзон уй-жойларга бўлган талаби юқорилигини инобатга олиб, қўшимча равишда уй-жойлар қуриш чора-тадбирларини белгилаш, оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса, ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш манзилли дастурининг ижросини амалда тўлақонли ва сифатли ижро қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Куни кеча Давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига ташрифи, теледастурларда икки йилги лавҳалар асосида қиёсланиб кўрсатилди. Ҳамма учун ёпиқ Хонобод шаҳри бугун дунёга, халқига очилиб намоён бўлаётгани ҳам раҳбар ишларига баҳо беришнинг индикатори, ўзига яраша тарозисидир.
Фракциямиз аъзолари келгусида Ҳукумат хисоботларида ана шундай ижобий мисоллар кўп бўлишига умид қилади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Абдуғани УМИРОВ:
— Фракциямиз аъзолари фикрига кўра, тақдим қилинган ҳисоботда мамлакатда амалга оширилаётган ишлар, эришилган энг муҳим кўрсаткичлар кенг ёритиб берилган. Шу билан биргаликда, келгусида тақдим қилинадиган ҳисоботларда Давлат дастури ижро муддатлари “йил давомида” деб белгиланган вазифалар ижросининг аниқ муддатларини киритиш мақсадга мувофиқ бўларди.
Шунингдек, “Адолат” социал-демократик партиясининг асосий йўналишларидан бўлган тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Айтиш мумкинки, мамлакатимизда сўнгги йилларда тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳага доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда. Шу билан бирга, соҳага давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳам йил сайин ошиб бормоқда.
Бунда асосий эътиборни қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникалари фаолиятини яхшилаш орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга ҳамда аҳолининг ушбу хизматлардан кенгроқ фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилаётгани аҳамиятлидир.
Бугунги кунда эса, Президентимиз ташаббуси билан бевосита парламент депутатлари иштирокида ҳар бир вилоятда тиббиёт соҳасида намунали туман ва шаҳар ташкил этиш ишлари бошлаб юборилмоқда. Хусусан, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри ва Боёвут туманида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни намунали ташкил этиш жараёнида кўплаб масалалар ҳал этилиб, ижобий натижаларга эришилди.
Шу билан бирга, таҳлиллар ушбу йўналишда ҳали қилиниши лозим бўлган қатор вазифалар олдимизда турганини кўрсатмоқда.
Хусусан, фракциямиз фуқароларнинг ягона электрон тиббий картасини яратиш, “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизимини барча ҳудудларда қисқа муддатларда жорий этиш ишларини якунлаш ҳам зарур, деб биламиз ва бу ишлар доимий парламент назоратида бўлиши лозимлигини таъкидлайди.
Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоси Сиддиқ АБДУБОҚИЕВнинг фикрича, Ҳукумат ҳисоботидаги маълумотлар Давлат дастури изчиллик билан амалга оширилаётганини кўрсатади. Аммо ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳам мавжуд. Хусусан, Ҳукумат ҳудудлардаги аҳоли пунктларида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тармоғини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб, танқидий қайта кўриб чиқиши, ижроси юзасидан парламентга маълумотларни тақдим этиши лозим. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш концепцияси, Ўзбекистоннинг Париж битимига қўшилиши муносабати билан “яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича давлат стратегияси лойиҳаларини янада такомиллаштириш мақсадида уларни парламент аъзоларига тақдим этиши мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, Давлат дастурида белгиланган Оролбўйи ҳудудида экологик инновациялар ва технологиялар зонасини яратиш бўйича халқаро анжуманга тайёргарлик ишларини ҳам кучайтириш керак.
Қизғин ва амалий руҳда кечган ўзаро савол-жавоблардан сўнг депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини маъқулладилар.
Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурини бажариш бўйича ҳукумат фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ўз ичига олган қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати