ШҲТнинг Бишкек саммитида Ўзбекистон илгари сурган ташаббусларни амалга оширишда депутатларнинг иштироки қандай бўлади?

2019 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «ШҲТнинг Бишкек саммити якунлари парламент нигоҳида» мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

ШҲТнинг Бишкек саммитида Ўзбекистон илгари сурган ташаббусларни амалга оширишда депутатларнинг иштироки қандай бўлади?

Унда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби вакиллари, эксперт ва мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Илмий-амалий анжуманнинг асосий мақсади жорий йил 13-14 июнь кунлари Бишкек шаҳрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг ўн тўққизинчи мажлиси якунлари, ушбу олий даражадаги саммит давомида ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга, сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга оид ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни амалга оширишда парламент қуйи палатаси олдида турган устувор йўналишлар, аниқ чора-тадбирларни белгилаб олишдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ШҲТ доирасида ташкил этиладиган турли мақомдаги ҳар қандай учрашувлар Ўзбекистоннинг стратегик мақсадларини рўёбга чиқариш учун қулай майдон ҳисобланади. Жумладан, ШҲТ минтақасидаги транспорт коммуникациялари мамлакатимизнинг жаҳон бозорига чиқишида муҳим омил бўлса, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш, юқори технологияли корхоналар ташкил этишга хизмат қилади. Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик минтақавий тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлайди. Унда истиқболдаги йўналишлар қаторида, муҳим минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиш орқали иқтисодий-инвестициявий шерикликни кенгайтириш, транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари ҳамда кўп томонлама кооперациянинг бошқа жиҳатлари кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси ШҲТ доирасидаги барча тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ШҲТнинг Остона (2017) ва Циндао (2018) саммитларида илгари сурган таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, изчил амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг ўн тўққизинчи мажлисида сўзлаган нутқида “ШҲТ роли ва мавқеини янада мустаҳкамлаш бизнинг “Шанхай руҳи” ҳамда ташкилот тамойил ва қадриятларига нечоғли амал қилишимизга боғлиқ бўлади” деб алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, тадбирда таъкидланганидек, ҳозирги вақтда Евроосиёнинг бешдан уч қисмини ва дунё аҳолисининг қарийб ярмини қамраб олган ШҲТда 8 та аъзо-давлат, 4 та кузатувчи-давлат ва 6 та мулоқот учун ҳамкор-давлат фаолият юритмоқда. Уларнинг умумий майдони 34 млн. квадрат километрдан иборат. Бу улкан маконда 3,2 миллиард аҳоли яшайди. Шу тариқа ушбу ташкилот жуғрофий жиҳатдан ва аҳоли сони борасида жаҳоннинг энг йирик тузилмаларидан бирига айланди. Бу эса, ташқи сиёсатда мамлакатимиз миллий манфаатларини илгари суришда улкан аҳамиятга эга халқаро тузилма эканидан далолат беради.

Анжуманда сўзга чиққанлар томонидан Бишкек саммити – ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик жараёнларида яна бир муҳим маррани забт этиш нуқтаси сифатида эътироф этилди. Бундай амалий мулоқотлар, Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, “минтақамизда замонавий тараққиётнинг энг муҳим масалалари бўйича ёндашувларни мослаштиришга хизмат қилади”.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган “ШҲТни ривожлантириш концепцияси”ни ишлаб чиқиш ғоясининг аҳамиятига эътибор қаратилди. Жумладан, бешта устувор мезонга таянган ҳолда, ШҲТ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш мақсадга мувофиқ эканлиги, бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар учун, бир томондан, хавфсизликни таъминлашда келишилган сиёсатни юритиш, иккинчи томондан, давлатларимиз барқарор тараққиёти ва равнақи учун қулай шароитларни шакллантириш муҳим эканига тўхталди. Зеро, ўтган даврда ШҲТга аъзо давлатлар қарийб 1 минг 400 та ҳужжат имзолаган. Шундан 46 фоизи – бевосита хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, атиги 7 фоизи кўп томонлама иқтисодий муносабатларни ривожлантириш масалаларига тааллуқлидир.

Анжуман иштирокчилари бугун ШҲТ ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйганини алоҳида таъкидлашди. Агар илк босқичда асосий эътибор чегара муаммоларини ҳал қилишга қаратилган бўлса, эндиликда ўзаро ҳамкорликнинг кўламлари ва миқёслари тубдан кенгайди. Бишкек саммитида ШҲТ доирасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари ҳақида атрофлича сўз юритилгани ҳам бунинг тасдиғидир.

Тадбир якунида депутатлар ва сиёсий партиялар томонидан давлатимиз раҳбарининг Бишкек саммитида илгари сурган муҳим ташаббусларининг мазмун-моҳиятини фуқароларимизга, балки минтақа ва дунё жамоатчилигига етказиш, унда ОАВ ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланиш, эришилган келишувларни миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш, амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ҳамда парламент назоратида ушбу битимлар ижросига алоҳида эътибор қаратишга келишиб олинди.

| 3709 20.06.2019



×
Портал харитаси