Янгиланаётган Ўзбекистон: Ислоҳот ва ўзгаришлар майдони

Муқаддас китобларда айтилиши-ча, Аллоҳ инсонни ўз шакл-шамойилига нисбат қилиб яратган экан. Парвардигорнинг: “Бўл!”, дейишлари билан қуруқлик пайдо бўлган, дарё, денгиз, уммонлар, ёруғлик, Қуёш, Ой, юлдузлар чарақлаган. Бунёдкорлик Яратганнинг оташ нафасида, Унинг хоҳиши, изми-иродасида бўлган. Худойи таолонинг халифаси сифатида ерга тушган инсоннинг фикру хаёлида ҳам, айтиш жоиз, яратувчилик раъйи, бунёдкорлик истаги, хоҳиши жўш уради. Одамзод авваламбор, денгизларда сузиш учун қайиқ-кемалар ясаган, парвоз қилиш учун самолёт, ўзга сайёраларга етиб бориш учун ракета, космик кемалар ихтиро қилди. Ерда эса у уй қурди, боғ яратди, шаҳарлар барпо этди, оила қурди, фарзанд кўрди. Инсоният пайдо бўлганига минг-минг йиллар бўлди. Бу вақт мобайнида қанчадан-қанча шаҳарлар, давлатлар, салтанатлар пайдо бўлди. Қанча чиройли тадбирлар амалга оширилиб, гўзал иншоотлар барпо этилди. Инсон 60-70 йиллардан сўнг умри давомида қилган ишларини ҳисоб қилади. Эҳ, қани энди, жаннатдек кўринаётган ана шу кунлар ҳам насиб этса? Келинг, узоққа бормай, сўнгги 2-3 йилда мамлакатимизда амалга оширилган ишларнинг сарҳисобини қилайлик.

Мана, икки йилдирки, Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизнинг янги қиёфасини яратишга қаратилган “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази қурилмоқда. Тошкент метросининг янги йўналишлари бунёд этилмоқда. Чунончи, Юнусобод йўлини замонавий механизациялаштирилган туннель қуриш мажмуасидан фойдаланиб узайтириш, Сергели метро йўли ва узунлиги 52,1 км. бўлган Тошкент ер усти халқа метро йўлини барпо этиш бўйича қурилиш лойиҳаси беш босқичда амалга оширилмоқда. Аҳолиси деярли 3 миллиондан ошиб кетган Тошкент мегаполисида шоҳ кўчалар кенгайтирилиб, шаҳар транспорт ҳаракатининг янги тури – йўл усти метроси қурилишига киришилди. Республика харитасида, ҳозирча битта янги шаҳар – Тошкент вилоятининг янги пойтахти – Нурафшон шаҳри пайдо бўлди. Режа бўйича бу Ўзбекистондаги биринчи “ақлли шаҳар” бўлади. Эҳ-ҳе, шу суръатлар билан борадиган бўлсак, ҳали яна қанчадан-қанча янги шаҳарлар бунёд этилади. Энди қад кўтараётган йирик корхоналар (Марказий Осиёдаги ягона атом электростанцияси ва бошқа шаҳар шакллантирувчи корхоналар) атрофида ана шундай обод шаҳар, қишлоқлару гузарлар пайдо бўлади. Ишчи кучи мўл бўлган Тошкентда энг замонавий технологияда ишлайдиган янги йирик металлургия заводи барпо этилмоқда. Қорақалпоғистонда бундан 62 йил муқаддам очилиб, шўролар даврида кучимиз, қурбимиз, имкониятимиз етмай ётган ноёб Тебинбулоқ титан-магнетит руда конида Ўзбекистондаги рудадан металл ишлаб чиқарадиган ягона йирик кон-металлургия мажмуасини қуриш ишлари жадал суръатлар билан олиб борилаяпти.

Республикадаги энг йирик, Иккинчи жаҳон уруши йиллари барпо этилган Бекободдаги Ўзбек металлургия комбинатитаъмирланмоқда. Сурхондарё вилоятидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ кони базасида 2018-2022 йилларга мўлжалланган биринчи босқичда йилига 5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга завод қурилади. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг жами 2 минг 200 та иш ўрни яратилади. Термиз туманида 900 мегаваттли иссиқлик электр станцияси барпо этилади. Шунингдек, бу ерда биогаз ва биоўғитлар ишлаб чиқариладиган яна бир қорхона қурилиши режалаштирилган. Бу объект қурилиши учун хитойлик инвесторлар 1 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди. Янги завод қурилишига кетадиган ярим миллион доллар корхонанинг ўз маблағи ҳисобига қопланади. Халқаро меҳнат тақсимоти режаларига биноан Ўзбекистонда ишни ташкил этишнинг янги усули – эркин иқтисодий зоналар очилиб, улар жаҳон бозорида рақобат қила оладиган харидоргир махсулотлар ишлаб чиқара бошлади. Президентимизнинг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида мамлакатимизда юқори технологияли янги ишлаб чиқариш кувватларини ташкил этиш, замонавий саноат маҳсулотларини яратишни жадаллаштириш шу кундаги устувор вазифалардан би ри, дея белгиланган. Фармонга биноан инновацион лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга имкон берувчи Навоий, Жиззах, Қўқон, Ургут ва Ғиждувон шаҳар ва туманларида янги эркин иқтисодий зоналар ташкил этилди. Бу ишлар кейинги йилларда изчиллик билан давом эттирилди. 2018 йили – "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили", деб эълон қилинди. Давлатимиз раҳбари ўзининг 2018 йили 28 декабрь кунги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида шундай деди: "Биз иқтисодиётимизга сармоя киритишга интиладиган инвесторлар учун ҳудудлар ва тармоқлар бўйича инвестиция лойиҳаларини пухта шакллантира олсак, бу масалада ижобий натижага эришиш мумкин. Бу борада эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида бизнес субъектларини жойлаштириш, уларга имтиёз ва преференциялар беришни ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш лозим". Кейин бу сиёсат янада илдам суръатлар билан давом эттирилди ва 2019 йил мамлакатимизда "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" дея эълон қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон Мустақилликнинг учинчи ўн йиллигида ҳам чуқур ижтимоий-иқтисодий ўзгариш ва ислоҳотларга муҳтож эди. Орқада қолиб кетдик, деб айтолмаймизу, лекин шундай имкониятларга эга бўла туриб, илгарилаб ҳам кетганимиз йўқ. Ўзбекистон Республикасининг стратегик ривожланиш дастурида қайд қилинганидек, олдинда машаққатли меҳнат, янгиликка қараб интилиш, аҳоли турмуш шароитини кўтариш каби кўплаб масъулиятли вазифалар турибди. Бунинг учун эса катта иқтисодий омиллар ва уларни ишга тушириб юборадиган янги механизмлар даркор. Ана шулардан биттаси – эркин иқтисодий зоналардир. Улар ташкил этилгач, йирик сармоядорлар, трансмиллий компаниялар, тараққий қилган давлатлар хомашёга бой, ишчи кучи арзон бўлган мамлакатларга инвестициялар кирита бошлади. Таъкидлаш жоизки, бу инвестициялар умуман мамлакатга эмас, балки конкрет бир минтақага, маълум бир мақсадда, аниқ бир махсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат турини яратиш мақсадида кириб келмоқда. Шу йўл билан мамлакатга нафақат катта маблағ, балки юқори технологиялар, замонавий техника, юқори малакали мутахассислар кириб келади. Янги иш жойлари яратилиб, хорижга экспорт қилинадиган, импорт ўрнини босадиган юқори сифатли товарлар ишлаб чиқарила бошланади. Эркин иқтисодий зоналар деган тушунча асли Хитойда оммалашгани маълум. Янги Хитой иқтисодиётининг меъмори деб тан олинган Дэн Сяопин бундан 40 йиллар муқаддам эркин иқтисодий зоналар ташкил қилишдаги ўз ташаббусини аввал “экспорт зонаси” деб атаган экан, лекин бу термин мазмун жиҳатидан торлигини сезиб, уни “махсус иқтисодий зона” деб номлаган эди. Ҳозир Хитойдаги Шэньчжэнь, Чжухай, Шаньтоу, Сямэнь, Хайнань, Кошғар каби 10 га яқин шаҳар, орол ва минтақаларда, шунингдек, дунёнинг кўплаб бошқа давлатларида ҳам эркин иқтисодий зоналар фаолият юритмоқда. Бир авлод умри деган тарихан қисқа муддат ичида Хитой сиёсий, маънавий, иқтисодий таназзулдан чиқиб, мустаҳкам оёққа турди, қудратли иқтисодиётини шакллантирди. Мазкур давлат катта суръатлар билан ривожланиб, «дунё фабрикаси» деган ном олди. Хитойнинг бу муваффақиятини бутун дунё эътироф этмоқда. 2018 йил Хитойга бўлган сафаримизда хитойликларнинг меҳнат қилишига қараб, уларни Ўзбекистон пахта далаларида ерга ёпишиб олган ўзбек деҳқонларининг худди ўзгинаси, деган хулосага келдик. Зуваламизни бир жойдан олмаганмикан бизларни, деган хаёлларга ҳам борасан, киши. Республика бўйлаб қўзиқориндек кўтарилаётган турар жой бинолари, ишбилармонлару тадбиркорлар, бизнесменлар марказлари, технопарклар, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари асосида қурилаётган, таъмирланаётган гузар ва қишлоқлар, янги маданият ва истироҳат боғлари эртанги кунимиз порлоқ эканидан дарак бермоқда. Ҳар қандай ривожланаётган давлат пойтахти осмонўпар уйлар, миллий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассам этган, авлодларига мерос бўлиб қоладиган сервиқор бино-иншоотларга эга бўлиши керак. “Tashkent City”да жаҳон стандартларига жавоб берадиган юқори қаватли бинолардан иборат бўлган ана шундай халқаро бизнес маркази, дам олиш, ҳордиқ чиқариш ҳудудлари, кўргазмалар ўтказиш жойи бўлади. Биноларнин г ҳар биттаси оригинал, бир-бирига ўхшамайдиган алоҳида кўринишга, ўзига хос қиёфага эга бўлади. Улар энг замонавий архитектура намуналари билан шарқ, миллий, қадимги ислом меъморчилиги намуналарини ўзида акс эттиради. Ҳайрон бўлар эдик. Қандай қилиб тарихи, илми-фани, маданияти ҳали ҳеч кимга маълум бўлмаган (бизда ахир жаҳон илму фани устунлари – Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек ва б.) янги ёш давлатлар бир авлод умри даврида дунёнинг энг тараққий қилган мамлакатлари қаторидан ўрин эгалламоқда деб. Боз устига Ер куррасининг Мағрибу Машриқидан ташриф буюраётган туристлари ҳам бор ойлик, йиллик маблағларини тўплаб, ана шу давлатларга саёҳатга боришга, сўнгги йилларда қуриб фойдаланишга топширилган замонавий мўъжиза шаҳарларини томоша қилишга ошиқмоқда? “Tashkent City” қурилиш майдончасида намойиш этилаётган котлован кавлаш, бетон ётқизиш, ғишт териш, бино деворларини кўтариш, қаватлар орасидаги темир-бетон ёпма томларини монтаж қилиш, пардозлаш суръатларини кўриб, хорижлик қурувчиларга бўлган кўплаб саволларга ўзимизда жавоб топгандек бўлдик. Асрлар оша сақланиб қолажак “Tashkent City” биноларининг қурилишида "Нью-Йорк сити", "Лондон сити", "Москва сити", "Баку сити" каби жаҳон тажрибаси эътиборга олинаяпти. Юксак тараққий этган, бой тажриба тўплаган давлатлар мутахассислари ёрдамга келган. Ўйлаб қарасак, ахир, бу бизга ўтмишдан қолган ота мерос одат-ку. Соҳибқирон Амир Темур Самарқанд, Шаҳрисабз, Туркистон шаҳарларида қурмоқчи бўлган сарой, мадраса, масжид ва мақбараларни барпо этишга дунёнинг ўнлаб давлатларидан моҳир лойиҳачи, меъмор, қурувчи ва пардозловчиларни жалб қилган эди. Ахир, дунёнинг 7 мўъжизаси деб тан олинган, Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида савлат тўкиб турган жаҳонга машҳур Тож Маҳал меъморий обидасини ҳам ватандошларимиз темурийлар авлоди томонидан барпо этилган-ку! Ва бугунги ғуруримиз, фахримиз, ифтихоримиз бўлган Самарқанд, Бухоро, Хивадаги маданий-меъморий ёдгорликлар ҳам жаҳонга ўзини кўз-кўз қилиб қувонтириб турибди. “Tashkent City” бизнес марказининг лойиҳа-техник ҳужжатлари Буюк Британиянинг жаҳонга машҳур АРУП фирмаси томонидан тайёрланиб, қурилиши амалга оширилмоқда. Пойтахт марказидаги кўп қаватли биноларнинг ер силкинишларига чидамлилигини таъминлашда ўзбекистонлик тажрибали сейсмологлар билан бирга бу соҳада кўп йиллар тадқиқотлар ўтказиб, катта тажриба тўплаган АҚШ, Япония ва Россия давлатларининг тажрибали мутахассислари иштирок этмоқда. Айтиш жоиз, инсоннинг ақли, хаёли, режаси, фантазиясини чеклаб ҳам, чегаралаб ҳам бўлмас экан. Азалдан ва моҳиятан у шундай яратилган.

Ҳар бир инсон бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхши яшашни истайди. Қорни тўйган одам, элга ош берсам, уй қурсам, боғ яратсам, дер экан. Бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсат аҳоли турмуш фаровонлиги, жамият тараққиёти, инсонпарварлик ғоясининг асоси ҳам шунда бўлса керак, деган хаёлга борасан киши. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб халқаро жамоатчилик диққат марказида бўлиш, хорижлик ишбилармон, тадбиркорларни диёримизга таклиф қилиш, ҳамкорликда ишлаш, тажриба орттириш зарур, деб ҳисоблар эдик. Қолаверса, жаҳонни қойил қолдира оладиган бобо-момоларимиздан бебаҳо мерос бўлиб қолган ва фақат бизга хос бўлган ўзбекона инсоний фазилатларимизни намоён этиш мақсадида тарғибот-ташвиқот, ҳозирги тил билан айтганда, реклама қилиб келдик. Нега шундай қилмаслигимиз керак? Ахир, бутун дунё аҳолиси жон-жон деб киядиган усти-бош, дунёнинг турли минтақаларида соф пахтадан тўқиладиган чит, сатин, батист, ипак толасидан тайёрланадиган атлас, банорас, қўй ва эчки жунидан тайёрланадиган экологик тоза иссиқ кийим; мазаси тилни ёрадиган қовун, тарвуз, ўрик, узум, қулупнай ва олча буларнинг барчаси бизда етиштирилади-ку. Ахир, бу жаннат меваларидан яхши хабар топса, минглаб сайёҳларгина эмас, дунё кўчиб келади Ўзбекистонга! Сити бинолари денгиз, уммонда сузиб кетаётган круиз лайнерларини эслатадиган қилиб лойиҳалаштирилган. Ресторан, кафе, фитнес маркази, замонавий савдо расталари, концерт ва кино залларида тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилади. Шаҳар ва қишлоқларимизнинг бугунги қиёфаси ҳақида гапирар экан, давлатимиз раҳбари: "Хароб ва файзи йўқ жойда яшаётган аҳолининг кайфияти ҳам, келажакка интилиши ҳам бўлмайди, – деди. – Агар биз қишлоқларни обод қилсак, у ердаги халқнинг кайфияти ўзгаради, ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади, қишлоқлар иқтисодий юксалади. Буларнинг бари Ватанимизнинг ободлиги ва иқтисодий юксалиши учун яна бир муҳим туртки бўлади". Бу гапларнинг амалий натижаси сифатида давлат томонидан махсус “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари яратилди. Унда шаҳар ва қишлоқлар қурилиши, таъмирланишида республикамизнинг ўзига хос миллий меъморий қиёфасига катта этибор қаратилмоқда. Дастур доирасида уй-жойларни таъмирлаш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, ичимлик суви ва электр энергияси тармоқлари, маҳаллий ва ички йўлларни қуриш-таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Ўзбекистонда содир бўлаётган бунёдкорлик ишлари янгиликка ўч, танқидда муросасиз бўлган хорижий оммавий ахборот воситалари эътиборини ҳам ўзига жалб қилмоқда. Мамлакатимиз ҳақида: "Ҳавода умидбахш кайфиятлар ҳис этилмоқда. Ўзбекистон барча аҳолисининг оғзида ўзгаришлар”, деб ёзади Буюк Британиянинг нуфузли "The Guardian” газетаси. “Республиканинг ташқи дунёга қучоқ очиши мамлакатнинг янги йўналишда шахдам одим отишига имкон беради”, – бу АҚШда чоп этиладиган “The Washington Post” газетасида. “Ўзбекистон ўз йўлини аниқ биладиган, ўзгаришлар йўналишларини аниқ белгилаб олган мамлакат” (“Newsweek”, АҚШ); “Ўзбекистон иқтисодий тараққиётнинг янги асрига қадам қўймоқда” (“Germany Trade & Invest”, Германия); “Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг жадаллиги ҳайратга солмоқда” (“El Mundo Financiero.com”, Испания). Ўзбекистонда кенг кўламда олиб борилаётган чуқур ислоҳотларнинг оммавий ахборот воситаларида бундай якдил ва юқори баҳоланиши қандай жамият ва давлат бўлишидан қатъи назар, камдан-кам содир бўладиган ҳодисадир. Чет эл журналистлари томонидан Ўзбекистонга ҳатто “Осиёнинг янги йўлбарси” деган таъриф ҳам берилмоқда, Осиё журналистлари ассоциацияси (AJA) эса юртимиздаги ана шу илҳомбахш ўзгаришларнинг ташаббускори – Президентимиз Шавкат Мирзиёевни “2018 йил одами” дея эълон қилди. Биргина 2018 йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида республиканинг 159 та туманидаги 417 та қишлоқнинг меъморий қиёфаси тубдан янгиланди. Ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида улардаги йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Рақамларни кўп келтирганимиз учун узр. Лекин ҳар бир рақам ортида республикада олиб борилаётган янги сиёсат, юзлаб ҳамюртларимизнинг бугунги куни ва тақдири турганини ва улар бу тадбирлар амалга оширилишини орзиқиб кутаётганини ёддан чиқармаслигимиз керак. Лекин ҳеч қандай таъриф, тавсиф, шарҳ, буюк хитой реформатори Дэн Сяопин таъкидлаб айтганларидек, рақамларнинг ўрнини боса олмайди.

2019 йилда мамлакатимизнинг 1,6 миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган 478 қишлоғида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Шу мақсадда 4,8 триллион сўм миқдоридаги харажатлар сарфланиши режалаштирилган. Умумий узунлиги 5 минг 476 километрдан иборат минтақавий ички кўчалар таъмирланади ва реконструкция қилинади. Шунингдек, 36 мингдан ортиқ, умумий узунлиги 2 минг 458 километр келадиган тунги кўча ёритилиб, 21 та алоқа тизими яхшиланади. Шу йилнинг ўзида аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, 556 та автобекат қурилиши, умумий қиймати 46,3 миллиард сўмлик 189 та замонавий автобуслар харид қилиш кўзда тутилган. Бу йил ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 2 минг 219 километр янги тармоқ, 221 та сув иншоотини қуриш, 729 километр сув келтириш тармоқлари ва 163 та сув иншоотларини реконструкция қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 361 миллиард сўм миқдорида электр ва газ таъминоти тизимини яхшилаш чора-тадбирлари кўрилади. Жойларда 214,2 мингта якка тартибдаги уй-жойларни таъмирлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган. 1 минг 182 та кўп хонадонли уй-жойлар таъмирланиб, 378 та кўп хона донли уй-жойлар ҳудудлари ободонлаштирилади. 280 та болалар боғчаси, 510 та мактаб, 237 та соғлиқни сақлаш ҳамда 439 та бошқа ижтимоий соҳа объектларини қуриш-таъмирлаш амалга оширилади. Жами 2 ярим мингдан зиёд бозор инфратузилмаси объектлари қурилади ва таъмирланади. Давлатимиз раҳбарининг фармону, қарорларига мувофиқ 2019 йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида ҳар бир туманда 3 тадан (кам деманг, бу эзгу ишнинг боши, ибтидосидир) қишлоқ (маҳалла) аҳолисининг яшаш шароитлари тубдан яхшиланади.

Кўрилаётган тадбирлар қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар содир бўлишига қаратилган. Мазкур қишлоқларнинг қиёфасини замонавийлаштириш ва унда истиқомат қилувчилар учун янги юқори самара берадиган иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Айтиш жоизки, ўтган йиллар давомида юртимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилган бўлсада, олис қишлоқларда истиқомат қилаётган оддий одамларнинг яшаш шароитини яхшилашга етарлича эътибор қаратилмаган эди. Бу эса ўша ҳудудлар аҳолисининг ҳақли равишда эътирозларига сабаб бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш бўйича аниқ, мақсадли тизим яратилди. Кейинги 25 йил мобайнида намунали уй-жой қуришни ҳисобга олмаганда, қишлоқларнинг ташқи қиёфасини яхшилаш ва ободонлаштириш бўйича бирор-бир амалий иш қилинмаган, бунинг учун молиявий маблағлар ажратилмаган, деган эди давлатимиз раҳбари. Аксарият қишлоқларда кўчалар, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик суви, электр таъминоти каби муҳим соҳалар йиллар давомида қаровсиз ва эътиборсиз қолиши натижасида ночор аҳволга келиб қолган. 2018 йилда Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги уй-жойлар ва инфратузилма объектлари хароб аҳволга келиб қолган Манас қишлоғида қисқа муддатда катта яратувчилик ишлари амалга оширилди. Қилса бўлар эканку, дейишмоқда кўрганлар. Атиги 1,5 ойда ушбу қишлоқ мутлақо замонавий қиёфа касб этди. Энг муҳими, қишлоқ аҳолисининг кайфияти, турмуш даражаси, дунёқараши ва ҳаётга муносабати ўзгариб, эртанги кунга мустаҳкам ишонч пайдо бўлди. Сирдарё вилояти Ховос туманидаги Ховособод қишлоғи ҳам обод қилиниб, ҳавас қилса арзийдиган ҳудудга айлантирилди. Шу ерда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, "Обод қишлоқ" дастурини бажариш учун зарур бўладиган молиявий ресурсларнинг 80 фоизи давлат бюджетидан, давлат корхоналари маблағлари ва улар жалб қиладиган хорижий кредитлар ҳисобидан таъминланмоқда. Қолган 20 фоизи тадбиркорларнинг ўзларига тегишли бозор инфратузилмаси объектларига сарфланадиган маблағлари ва банк кредитларидир. Бухоро шаҳридаги “Обод маҳалла” дастурига киритилган Ғафур Ғулом, Турки-жанди, Мутал Бурҳонов маҳаллаларини обод масканга айлантириш, меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудни комплекс ривожлантириш, ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш, шу асосда аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш йўлида ишлар бошлаб юборилди. Ҳудуднинг электр энергияси таъминотидаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида 115 та таянч устун ўрнатилади, 8 километр электр тармоғи тортилиб, 3 та трансформатор янгиланади. Аҳолини табиий газ билан таъминлаш учун 16,2 километр узунликдаги табиий газ тармоқлари 13 та газ тақсимлаш пункти таъмирланади. Аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш юзасидан 3,3 километр сув қувурлари ётқизиш режалаштирилди. Мазкур маҳаллалар ҳудудидаги 13 километрлик ички йўлларни асфальтлаш кўзда тутилган. Дастурга асосан 3 та болалар боғчаси, 3 та умумтаълим, ҳамда соғлиқни сақлаш муассасасини замонавий андозаларга мос ҳолда таъмирлаш белгиланди. Ушбу мақсадлар учун қарийб 50 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Ҳудудларни кўрса кўз яйрайдиган қилиб кўкаламзорлаштириш, (Америкада бўлганимизда нега ҳамма ерлар майса билан қопланган, деб берган саволимга, кўк рангдаги ўт кўзни ўткир қилади, уни равшанлаштиради, деб жавоб берган эдилар) бинолар фасадини янгилаш, томларини қайта қоплаш, жажжи-жажжи болалар майдончаларини барпо этиш, кўчалар ёруғлигини яхшилаш режалаштирилди.

Ушбу дастур одамларнинг бандлик, тиббиёт, таълим, электр энергияси, газ, ичимлик суви, йўллар каби кундалик турмушидаги бирламчи э ҳтиёжларини қондиришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Шу йил июнь ойининг охирида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги бир қатор ижтимоий объектлар, аҳоли турар жойларини бориб кўрди. У ердаги ҳолат билан яқиндан танишди. Бу ерда “Обод маҳалла” дастури доирасида Иброҳим ота маҳалласидаги кўп қаватли уйлар, кўча ва йўлаклар таъмирланиб, ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Яқинда туманнинг янги маркази “Olmazor city”ни барпо этишда давлат ва жамоат ташкилотларининг фаоллигини ошириш мақсадида туман ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва депутатлар томонидан йиғилиш ўтказилиб, ҳудудни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган вазифалар белгилаб олинди. Жазирама чилла кунлари ҳамма ўзини метрога уради. Тошкент метрополитенининг дастлабки Чилонзор линияси 1971 йили қурила бошланган эди. 1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг Ўзбекистон пойтахтини тиклашда иштирок этаётган 2 тоннель қурилиш отряди 1972 йилнинг ноябрь ойида Марказий Осиёда ягона метронинг дастлабки 5 та станцияси майдонларини текислашга ва ер ости тоннелларини кавлашга киришди. Маълумки, шу вақтдаги бундай йирик ва мураккаб бўлган қурилиш иншооти собиқ иттифоқ бюджетидан катта маблағ эвазига йирик заводлардан мураккаб темир-бетон маҳсулотлари, қурилиш материаллари билан таъминланар эди. Ўзбекистон ер ости темир йўли, тоннелларини қуришда бой тажриба тўплаган Москва, Минск, Ленинград метро қурувчилари, шунингдек, Украина, Арманистон, Грузия ва Озарбайжонлик бунёдкорлар ёрдам кўрсатган эди. Метро қурилиши тарихи ва амалиётида ҳали маълум бўлмаган геологик ва гидрогеологик мураккаб заминда ер остида қурилаётган метрополитен учун Тошкентнинг ўзидаги 30 дан ортиқ йирик завод турли темир-бетон қурилиш материалларини етказиб берар эди. Собиқ иттифоқ тарқалгач, маълум сабаблар билан Тошкентда метро қурилиши тўхтаб қолди. 2016 йили 25 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи лавозимида бўлган Шавкат Мирзиёевнинг Сергели туманига бўлган ташрифи чоғида Тошкент биқинидаги бу йирик мавзега келадиган метро лойиҳаси ва қурилишини тезлаштириш бўйича конкрет вазифалар қўйилган эди. Шавкат Мирзиёев туман аҳолиси билан учрашувда 2022 йилга қадар Сергели туманида яна ўнлаб кўп қаватли турар жой бинолари қад кўтарилиши тўғрисидаги ҳукумат режалари билан ўртоқлашган эди. Тошкент метрополитенининг 6 та станцияси бўлган янги Сергели линияси Тошкентнинг йўлдош шаҳарчаси – Сергели турар жой массивини пойтахт маркази ва бошқа ҳудудлари билан боғлайди. Унинг узунлиги 7,1 километр. Станцияларнинг 2 таси ер остидан, қолганлари ер усти эстакадасидан ўтади. Яна бир янгилик, Ўзбекистон пойтахти атрофида ер усти айланма метро йўналиши барпо этилаяпти. Метронинг айланма йўналишининг умумий узунлиги 52,1 километрни ташкил этади. Ушбу йўналиш бўйича поездларнинг ўртача ҳаракат тезлиги соатига 60 километрга етади. Халқа бўйлаб йўлни босиб ўтиш вақти 1 соат-у 10 дақиқа этиб белгиланган. Янги метро Яшнабод, Учтепа, Олмазор, Юнусобод, Чилонзор ва Сергели туманлари ҳудудларидан ўтади. Президентимиз муҳим бўлган бу транспорт иншооти – доира шаклидаги пойтахт атрофидан ер устидан ўтадиган айланма метро йўналиши қурилишини тезлаштириш ва уни муддатидан бир йил илгари ишга туширишни топширди. Ер усти метроси ишга тушгач Тошкент шаҳри айланма линиясида ҳаракат қиладиган метро кунига 40 минг йўловчиниманзилига етказиб қўяди. Ер усти метросининг барча 5 навбати фойдаланишга топширилгач эса ер устидан пойтахтни томоша қилиб ўтадиган метро кунига1 миллионга қадарйўловчига хизмат қилади. Яна бир қулайлиги шундаки, йўловчи бугунги ер ости метросининг истаган кассасидан битта жетон сотиб олиб, ўша жетон билан янги айланма йўлдан пойтахтнинг метро борган истаган ҳудудига бемалол етиб бора олади. Бугун Тошкент метрополитени йўлларининг умумий узунлиги 36 километр. Метро қурувчилар ер ости темир йўлларини яна 10 километрга узайтиради.

Режалар катта. 2025 йилга бориб эса Тошкент метрополитени 4 баробар катталашади ва пойтахт ер ости темир йўлларининг умумий узунлиги 157 километрни ташкил қилади. Шарқ меъморчилиги услубида қурилган 74 та янги ер ости с аройи қад кўтаради, улардан 17 станцияси орқали бир метро линиясидан бошқа метро линиясига ўтиш имконияти пайдо бўлади. Тошкент метросининг қурилиши 10 навбатга бўлиб барпо этилади. Метронинг янги йўналишларидан ҳар бирининг узунлиги 20 километрга қадар бўлади. Шундан 13,9 километри "Ойбек" метро станциясидан Тошкент халқаро аэропорти орқали Бинокор стадионига қадар бўлган йўналиш бўлса, иккинчиси 9 километр узунликда бўлган Фарғона йўли кўчаси ёнидаги “Машинасозлар” метро станциясидан Бектемирга қадар бўлган йўналишдир. Ер ости темир йўлининг яна биттаси – “Дўстлик” метро станциясидан бошланиб янги барпо этилаётган “Тошкентнинг Шарқ дарвозаси” аэропорти орқали ўтиб Янги шаҳаргача бўлган 11,6 километрлик линиядир. Кейингиси “Буюк ипак йўли” метро станциясидан Трактор заводига қадар бўлган 6 километрдан иборат бўлган йўналиш ҳисобланади. Энг узун бўлган ер ости йўналиши “Беруний” метро станциясидан бошланиб, Қорақамиш, Ибн Сино, Ўрикзор, Изза, Отчопар (Ипподором) турар жой массивларидан ўтиб “Олмазор” метро станциясига қадар боради. Унинг узунлиги 17,6 километр. Қурилиши бир неча ўн йиллаб тўхтаб қолган Тошкент метросининг 14 та станцияси, янги саройи бир-икки йилда фойдаланишга топширилади, деб ким ўйлаган эди? Янги метро станцияларининг иккитаси Юнусобод тумани ҳудудида ишга туширилади. Яшнобод метро йўналишидаги қолган 12 станция Тошкент метрополитенининг ер устидан ўтадиган қисмида барпо этилмоқда. Тошкентда метро линиялари қурилиши учта лойиҳа асосида амалга оширилаяпти. Сергелида метронинг ер усти йўналиши қад кўтармоқда. Ер остидан ўтадиган анъанавий метро линиясининг Юнусободдаги қурилиши давом этаяпти, шунингдек, пойтахт атрофидаги ер усти айланма метро йўналиши ҳам жадал суръатлар билан барпо этилмоқда. Метронинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган линиялари қурилиши беш навбатга тақсимлаб режалаштирилган. У 35 ер ости саройи – метро станцияларидан иборат бўлади. “Дўстлик” ва “Олмазор” станцияларидан бошланадиган метронинг дастлабки икки навбатини шу йил ишга тушириш режалаштирилган. Ер ости темир йўлининг “Олмазор” станцияси билан “Беруний” станцияларини боғлайдиган қисми эса учинчи навбатда қуриб фойдаланишга топширилади. Кейин “Беруний” билан “Бодомзор” метро станциялари ўзаро боғланади. Метро қурилиши “Дўстлик” станциясининг қурилиш-монтаж ва безаш ишлари билан якунланиб станция ер ости темир йўллари билан боғланади. Маълумки, илгари Тошкентда қурилиши режалаштирилган тезюрар электрлаштирилган айланма темир йўл ер усти метроси қурилиши билан алмаштирилди. Янги линиянинг 50,5 километри ердан 6 метр баландликда, 1,6 километри ер юзидан ўтади. Лойиҳа бўйича айланма йўл 2021 йилга битиши керак эди. Давлатимиз раҳбари метро лойиҳачилари ва қурувчилари олдига бу йўлни муддатидан бир йил илгари 2020 йили ишга тушириш вазифасини қўйди. Ер усти метро йўналиши бўйича 32 эстакада, 2 та ер усти станцияси қад кўтаради. Шунингдек, учта вагон депоси, ўнлаб электр подстанциялари қурилади. Қурилиш-монтаж ишларида 8 минг ишчи меҳнат қилмоқда. Шу кунларда ер усти айланма метро йўлининг “Роҳат” кўли ёнидан ўтадиган “Дўстлик” – “Қўйлиқ” йўналишидаги 11 километрлик эстакада йўли қурилиши жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб айтиш жоизки, метро қурилишида янги йўналишлар тушадиган йўлларнинг 90 фоизи қурилиш даврида ҳам автомобиль ҳаракати учун очиқ бўлди ва биронта уй бузилмади. Бу ишларнинг барчаси шаҳар аҳолиси учун қулайликлар яратиш ва пойтахт йўлларида транспорт тўхтаб қолиш ҳолларининг олдини олиш учун амалга оширилди. Шундай қилиб, 2020-2025 йилларда Тошкент метрополитенининг янги, қўшимча ер ости саройлари, темир йўл, йўналиш, депо, электр подстанциялари ишга тушади. Бунёдкорлик тушунчаси – шаҳар, саноат, қишлоқ қурилишидан ташқари яна бу ижод, кашфиёт, яратиш, ихтиролар қилиш демакдир.

Бунинг учун диёримизда барча фанларнинг ривожига алоҳида эътибор берилмоқда. Қирқ йилдан кейин давлат, ҳукумат фанлар фани бўлган – фундаментал фанларга эътибор бера бошлади. Биргина мисол қилиб Хитой иқтисодиётидаги ютуқлар, унинг катта суръатлар билан ривожланиш сири, юксалиши асосида дипломли олий маълумотлилар сонини кескин кўпайтириш ҳам ётади. Бугун Хитой дунёда энг кўп олий маълумотли инженер-муҳандислар тайёрлаб чиқараётган давлатдир. Шу билан бирга ўзбекнинг ҳам ўқийман, ўрганаман, юқори малакали мутахассис бўламан, деган ёшларига қўшимча шароит, муҳит, имконият яратилмоқда. Ота-онасининг моддий-молиявий имконияти етмаса – касб-ҳунар эгаллаб, пул топа бошлагач, қарзидан қутулиш шарти билан давлат кредитлари ажратилаяпти. Олий ўқув юртларига қабул қилиш чегаралари, тўсиқлари олиб ташланиб, талабалар сони кескин кўпаймоқда. Сўнгги икки йил ичида республикада барча тараққиёт, юксалишнинг асоси бўлган фундаментал фанларни ривожлантириш ишига жиддий эътибор қаратила бошланди. Дунёга Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбекларни берган миллат олимларнинг илм-фанда сўнгги йиллардаги ютуқлари тан олинмай, рағбатлантирилмай, энг олий илмий даража – академик унвонини бериш анъанаси тўхтатиб қўйилган эди. Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Ўзбекистоннинг бир йўла ўнлаб машҳур олимларининг фаолияти диққат билан қайтадан ўрганиб чиқиб, уларнинг бир гуруҳига Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиклари унвони берилди. Ўзбекистон Фанлар академияси биоорганик кимё институти директори, кимё фанлари доктори, академик Шавкат Солихов Хитой Халқ Республикаси фанлар академиясининг тарихда иккинчи хорижий аъзоси бўлиб сайланди. Шуниси диққатга сазоворки, Хитой Фанлар академиясининг биринчи хорижий аъзоси бўлиб машҳур рус физик олими, Нобель мукофоти лауреати Жорес Алфёров сайланган эди. Заминимизда ўсаётган гиёҳлардан янги дори-дармонлар тайёрлаб, беморларни даволашнинг янги усулларини яратган йирик ўзбек олими, академик Шавкат Солиҳов кашфиётлари асосида Ўзбекистонда ХХР Фанлар академиясининг биринчи хорижий маркази, дори-дармонларни ишлаб чиқариш ва тадқиқ қилиш бўйича Марказий Осиё маркази ташкил этилмоқда. Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институтининг бўлим мудири, математика фанлар доктори, профессор Бобомурод Аҳмедов машҳур физика назариётчиси Нобель мукофоти лауреати покистонлик олиму уламо Абдус Салом томонидан 1983 йили асос солинган Умумжаҳон Фанлар академиясининг (Италиянинг Триест шаҳрида) аъзоси этиб сайланди. Илмда, олимлар орасида барча томонидан бирдек тан олинган одат, меъёр қўрсаткичи бор, у ҳам бўлса, жаҳон олиму тадқиқодчилари қайси олимнинг илмий мақолаларидан иқтибослар олиб, уларга кўпроқ мурожаат қилса, шу олим жаҳон фанига энг кўп янгиликлар киритган олим, деб ҳисобланади. Ўзбек олими астроном Бобомурод Аҳмедов дунёдаги худди ана шундай олимлар қаторидан ҳисобланади. Дунёдаги тараққий қилган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳолисига яйраб яшаса арзийдиган юқори турмуш шароитини яратиш – Ўзбекистон давлати ва ҳукумати олдига қўйилган муҳим мақсад, режа, вазифалардан бири бўлиб қолди. Масаланинг яна бир муҳим томони шундаки, ишчи, хизматчи, деҳқон, ишбилармон, тадбиркор ёки олим деймизми уни, бир сўз билан айтганда – яратувчининг яратиши, ижод қилиши учун жамият томонидан қулай, бугунги замонавий тил билан айтганда – комфорт шароит, имконият, муҳит яратишимиз лозим. Масалнинг иккинчи муҳим ва нозик томони шундаки, халқни давлатга эмас, ҳукмрон бошқарувчилар синфи, деб юритилаётган кўп сонли давлат хизматчиларини халққа хизмат қилдиришидир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев, ўзининг ижтимоий-сиёсий дастуридаги асосий, бош, шоҳ фикри, мақсади, ёндашувини эълон қилди. У: "Бундан буён халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилади", деди. Президентимизнинг шу сўзлари билан илгарилари: “мен давлатман, мен қонунман, мен ҳал қиламан, нима десам – шу!”, деб гердайиб юрганларнинг попуги анча пасайиб қолди. Қаловини топсанг қор ҳам ёнади, деган мақолга мисол шу бўлса керак. Халқнинг дилидаги гапни топиб гапириб, боз устига уни амалга оширсанг, бугунгидагидек халқ томонидан: “Бор эканку, ҳақиқат!" деган овозлар янграр экан. Ўзбеклар шундай халқки, у ким бўлишидан қатъи назар, ҳар кимнинг обрўси, ҳурматини жойига қўяди. Қонун, қарорларга итоат қилади. Бугун илгариги “хўжайин” олдидаги ортиқча итоаткорлик, хушомадгўйлик, лаганбадорлик, “лаббай”чиликка чек қўйилмоқда. Яқин йилларда, исбот та лаб қилмайдиган тарихий ҳақиқат, деб юритилган тушунчаю фалсафий ақидалар унчалик ҳам тўғри эмаслиги тобора аён бўлиб бормоқда. Мураккаб муаммоларга бўлган янгича ёндашув, янгича нуқтаи назар эртанги кунга ишонч ҳисларини мустаҳкамламоқда. Шахс тарихда алоҳида роль ўйнаши мумкинлигини бугун бизда ким инкор эта олади. Лекин, тан олиш керак, бу ҳақиқатдан ҳам шахсмисан шахс бўлиши керак экан-да.

Ахир, куни кеча ёки яқин ўтмишда юқоридан туриб тор доирада тайинланган айрим давлат раҳбарлари ҳокимиятни қўлида сақлаб қолиш учун ҳукумат аскарларини, ҳатто ҳарбий техника, танкларни кўчаларга олиб чиққан эди-ку. Шу воқеалардан кўп ўтмай эса ҳокимият тепасига келиб, бутун бошқарув органлари ва мулозимлари томонидан тан олиниб, халқ ҳам якдиллик билан овоз бергандан кейин ҳам: “Бу амалиёт нотўғри, халқ давлатга эмас, мен, давлат, ҳокимият халққа хизмат қилишимиз керак!”, деган тарихий янги нуқтаи назар, узоқ йиллар орзу қилинган бошқаришнинг янги концепцияси пайдо бўлмадими? Сўнгги йилларда бир сўз кўп ва ўзининг асл маъносида ишлатила бошланди. Бу “тубдан” сўзи. Фармон, қарор, режаларни олинг барчасида тубдан яхшилаш, тубдан қайта қуриш, тубдан ўзгариш ясаш каби иборалар ишлатилмоқда. Бутун борлиғимизни тубдан яхшилаш тушунчаси ҳаётимизга жадал кириб келмоқда. Бу юқоридангина айтилаётган гап бўлмай, халқнинг қалбидаги азалий истаги бўлиб чиқди. Шундай ишлар борки, уларсиз бирон-бир ўзгариш қилиш мумкин эмас. Бу чор-атрофимиз билан қон-қардош, дўст бўлиб, бугунги фарзандларимизга берилаётган шарқона тарбия, замонавий ўрта, махсус, олий таълим, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган махсулотларимиз сифатини, самарадорлигини кескин кўтаришдан иборатдир. Германия, Япония, Италия, Туркия мўъжизаларига асос солган бир шиорни келтириб ўтмоқчиман. Улар Иккинчи жаҳон урушидан кейин қийналиб, эзилиб, хавотирланиб бўлса ҳам: “Ё экспорт ва ибратли ҳаёт, ёки ўлим!” шиорини эълон қилишди. Натижада ишга муносабат кескин ўзгарди, уруш йилларида ер билан яксон бўлиб, нонга ҳам зор бўлган бу давлатларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати жаҳон бозорида рақобат қила оладиган даражага кўтарилди. Халқнинг турмуш даражаси ошди. Қарангки, Аллоҳнинг бизга берган имкониятларини, бизнинг “оқ олтин”имиз ҳам, “зангори олов”имиз ҳам, соф тилломиз ҳам, қудратли кучга эга бўлган уранимиз ҳам берақобат. Лекин улардан келган маблағ, маълумки, давлатни бошқариш, мактабгача тарбия, бошланғич, ўрта, олий таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини таъминлаш, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ билан қуроллантириш, ободонлаштириш, шаҳар, йўл, кўприк қурилиши ва бошқа эҳтиёжларга кетади. Ибратли, намунали турмуш тарзичи, у нима ҳисобига яратилади? Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқараётган қишлоқ хўжалик, саноат, ҳунармандчилик маҳсулотларимиз билан ўзимизнику майли таъминлармиз, лекин уларнинг сифати юқори, рақобатбардош бўлиб, жаҳон бозоридаги талаб даражасида бўлмас экан, косамизнинг оқариши қийин. Шўролар давридан қолган: “энг аввало сиёсат, мафкура, коммунистик партия, давлат ва ҳукумат, ана ундан кейин – жон!”, деган сохта ватанпарварлик, аксилинсоний сиёсат ва анъаналардан воз кечишимиз лозим.

Энг аввало, инсон, биринчи навбатда, унинг ҳаёти, эҳтиёжи ва бахти қарор топиши керак. Меҳнат қилаётган ёки қарийб ярим аср ишлаб нафақага чиққан одам маошдан – маошгача, нафақадан нафақагача зўрға кун ўтказиши эмас, умрининг охиригача моддий-маънавий эҳтиёжларини қондириши, тўлақонли умргузаронлик қилиши керак. Шукрлар бўлсин, бу ишлар сўнгги 2-3 йил ичида аста-секин амалга ошмоқда. Ўзбекистон пойтахтида нафақат уй-жой, метро қурилиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бир вақтлар Шарқ дарвозаси деб ном чиқарган Тошкентимиз кундан-кунга чирой очиб, гўзаллашиб бораяпти. Анҳор узра пиёда юриб ўтадиган, устида туриб роҳат қилиб чор-атрофни томоша қиладиган мамлакатда биринчи осма кўприк қурилиши ниҳоясига етай деб қолди. Томоша қўприк пойтахт марказидаги “Наврўз” маданият ва истироҳат боғи ҳудудида қад кўтараяпти. Оригинал муҳандислик ечимига эга бўлган бу ноёб иншоот «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва Россиян инг «Курганстальмост» компанияси қурувчилари томонидан барпо этилмоқда. Жаҳон кўприк қурилиш тажрибаси, замонавий шакл, қиёфасини ўзида акс эттирган Анҳор устидаги янги кўприк уч қисмдан иборат, унинг узунлиги 90 метрни ташкил қилади. Тошкентда сайёҳлар томоша қиладиган яна бир иншоот пайдо бўлади. Катта ишда умид, ишонч билан бирга ташвиш, хавотир ҳам бўлади. Бугун диёримиздаги ишларнинг кўпчилиги янги, биринчи бор, катта ҳажмда, улкан кўламда, ҳатто ноодатий шакл ва тарзда амалга оширилмоқда, уларнинг довруғи ҳам оламшумул. Бу эса, албатта, шунга яраша ташвиш, безовталикни келтириб чиқаради. Айрим пайтларда жуда катта олиб юбормадикми, режаларимизни ўз муддатида бажара оламизми, мабодо катта инфляция, халқаро кризис каби бирон-бир жиддий воқеа содир бўлиб қолса, унда нима қиламиз, деган ҳадиксирашлар ҳам йўқ эмас. Уй қурган одам яхши билади, пули тугаганда иши тўхтаб қолади. Катта ишларни қилиш учун зўр ҳам, зар ҳам бўлиши керак. Нима ҳам дер эдик. Энг муҳими, ниятимиздан қайтмайлик, шаштимиз сустлашмасин, пулимиз ҳам тугамасин. Илоҳо, олтин заводларимиз ишлаб турсин, баҳорларимизда ёғингарчилик мўл бўлсин, пахта, экин, боғ-роғларимиз яхши ҳосил берсин, чорвамиз сермаҳсул бўлсин, тани-жонимиз соғ бўлсин, дея Аллоҳдан мадад сўраб, дуога қўл очамиз. Ишларимизни бир сарҳисоб қилсак ҳам, хулоса чиқаришга ошиқмайлик. Ҳали олдинда қиладиган ишлар кўп бўлади. Диёримизда амалга оширилаётган, мислсиз ислоҳотларни ҳам “ўзбек баҳори”га қиёс қилгинг келади. Бундай яратувчилик, бунёдкорлик руҳи янги марраларни забт этишга чорлайди.

Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ, ЎзА мухбири

| 4932 24.07.2019



×
Портал харитаси