- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9256
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7918
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7638
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6766
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6427
Марказий банкдан хабар беришларича ушбу қарор инфляциянинг пасаяётган прогноз трендига тўлиқроқ ишонч ҳосил қилиш учун маълум муддат зарурлиги ҳамда тартибга солинадиган нархларнинг оширилиши бўйича айрим ноаниқликларнинг мавжудлиги билан изоҳланади.
Инфляция динамикаси ва прогнози. 2019 йил якунлари бўйича инфляция прогноз коридорининг юқори чегарасига яқин даражада шаклланди ва 15,2 фоизни ташкил этди.
Инфляция суръати асосан йилнинг иккинчи ярмида тартибга солинадиган нархларнинг эркинлаштирилиши (21,6 фоизга ўсиши), шунингдек, 2019 йил август ойидаги миллий валюта девальвацияси натижасида тезлашди.
2019 йил давомида ун ва нон маҳсулотлари нархи 24,8 фоиз, гўшт маҳсулотлари 23,4 фоиз, мева ва сабзавотлар 14,5 фоиз ҳамда йўловчи транспорти 13 фоиз ўсгани кузатилди.
2019 йилнинг октябрь-декабрь ойларида чораклик инфляция даражаси 2018 йилнинг мос даври билан таққослаганда 5,7 фоиздан 5 фоизгача секинлашди.
Марказий банк 2020 йил учун инфляциянинг базавий прогнозини белгиланган 12-13,5 фоиз даражасида сақлаб қолмоқда. Мисол учун, 2018-2019 йилларда ўртача иш ҳақи даражасининг сезиларли даражада тўғриланганлиги ҳисобига 2020 йилда аҳоли номинал даромадларининг мўътадил даражада ўсишининг кутилиши талаб омиллари таъсирини камайтиришга ёрдам беради.
Ташқи ва ички иқтисодий шароитлар. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2019 йилда ЯИМнинг ўсиши 5,6 фоизни ташкил этди. Умуман олганда, глобал иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайишига қарамай, асосан рағбатлантирувчи солиқ-бюджет ва кредит сиёсати, шунингдек, асосий экспорт хомашё товарлари нархларининг ижобий динамикаси ўтган йилда иқтисодий ўсиш учун қулай шарт-шароитларни таъминлади.
Шу билан бирга, прогноз ҳисоб-китобларга кўра, 2018-2019 йилларда иқтисодиётга ажратилган кредит қўйилмалари ва давлат харажатларини тез суръатлар билан ўсишининг иқтисодиётни қўллаб-қувватловчи таъсири 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳам маълум даражада сақланиб қолади.
Дастлабки тахминларга кўра, 2020 йилнинг иккинчи ярмида номинал ЯИМ ўсиш суръати 2019 йилнинг мос даврига нисбатан бироз секинлашади. Фискал ва монетар сиёсатнинг тартибга солувчи таъсирига қарамасдан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ўсиши ва инвестицион жараёнларнинг фаоллашиши иқтисодий ўсишга ижобий таъсир қилади.
Пул-кредит шароитлари. 2019 йилнинг сўнгги чорагида пул бозорида фоиз ставкалар турли омиллар ва бозор тенденциялари таъсири асосида шаклланди. Уларнинг ўзгариш характери йилнинг олдинги чоракларидан кескин фарқ қилди.
Хусусан, ўртача тортилган фоиз ставкалар 2019 йил октябрь ойидаги 15,2 фоиздан ноябрь ойида 16,4 фоизга ва декабрь ойида 17,5 фоизгача ўсди. Шу билан бирга, депозитларнинг ўртача муддатларида ўсиш кузатилди.
2019 йилнинг октябрь-декабрь ойларида банклараро депозит операциялари ҳажми олдинги чораклар ўртача кўрсаткичларига нисбатан 2 баробардан кўпроққа ошди.
Шу билан бирга, инфляцион кутилмаларда ва инфляциянинг прогноз динамикасида барқарор ўсиш суръатларининг мавжуд эмаслигига қарамай, 1 ойдан 3 ойгача бўлган депозит операциялари бўйича фоиз ставкалари 18-20 фоизгача ўсди. Бу узоқ муддатли ликвид ресурсларнинг етишмаслиги ҳамда банкларнинг ликвидлик бўйича тегишли кўрсаткичларига эришишга бўлган ҳаракатлари билан боғлиқ.
Марказий банк ва Молия вазирлиги томонидан облигацияларнинг муомалага чиқарилиши ва ички молия бозорини тўйинтириб борилиши ҳамда банклар томонидан ликвидлилик ҳолатини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар инфляциянинг прогноз траекториясига мос келадиган даромадлар эгри чизиғининг шаклланишига олиб келади.
Кредитлар ажратишнинг бозор механизмларига босқичма-босқич ўтиш орқали бозорда сегментанцияни пасайтириш чоралари ҳам кредитлар бозорида фоиз ставкалари ўртасидаги тафовутни қисқартиришга хизмат қилади.
2019 йилда умумий пул массаси 13,8 фоизга, миллий валютадаги пул массаси эса 14,4 фоизга ўсди. Бунда пул массаси таркибида ижобий ўзгаришлар кузатилди, хусусан, миллий валютадаги муддатли депозитлар 43 фоизга, шу жумладан, жисмоний шахслар депозитлари 54 фоизга ошди.
Аҳоли омонатларининг жами депозитлардаги улуши 25 фоиздан 31 фоизгача кўтарилди, муомаладаги нақд пуллар нисбатан пастроқ суръатларда – 9,4 фоизга ўсди. Тўлов тизими ва ҳисоб-китоблар инфратузилмасининг ривожланиши, шунингдек, миллий валютага ва умуман банк тизимига бўлган ишончнинг мустаҳкамланиб бориши муомаладаги нақд пуллар динамикасига ижобий таъсир кўрсатди. Натижада 2019 йил давомида нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 27,6 фоиздан 26,6 фоизгача пасайди.
2019 йилда иқтисодиётга кредит қўйилмалари ҳажми қайта кўриб чиқилган кўрсаткичлар бўйича 54,7 фоизга ўсди. Хусусан, миллий валютадаги кредитлар 48,7 фоизга (шу жумладан, аҳолига ажратилган кредитлар 63,5 фоизга) ҳамда хорижий валютадаги кредитлар 62,6 фоизга ўсди.
Прогноз баҳоларга кўра, 2020 йилда кредит қўйилмаларининг ўсиш суръати номинал ЯИМ ўсиш суръатларига мос келадиган фундаментал трендига ёки мувозанатли ўсишига қайтади ва 20-25 фоиз атрофида бўлади.
Илгари ажратилган кредитлар қайтарилиши ҳисобига янгидан бериладиган кредитларни янада самаралироқ лойиҳаларга йўналтириш орқали 2020 йилда кредит қўйилмалари прогноз доирасида ўсиши таъминланади. Бу ортиқча талаб пайдо бўлишининг олдини олиш орқали иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади ҳамда нархлар ўсишини пасайтирувчи ва тўлов балансини яхшиловчи омил сифатида хизмат қилади.
Макропруденциал сиёсат соҳасида асосий эътибор ликвидлик, капитал етарлилиги ва аҳолининг қарз юки даражаси бўйича ўрнатилган талабларга қатъий риоя қилинишини таъминлашга қаратилади.
Пул-кредит сиёсати чоралари иқтисодиётга таъсир каналларини, хусусан, кредитлар ҳажмининг ўсиши, жамғариш фаоллиги, инфляцион кутилмалар ва айирбошлаш курси барқарорлиги каналларини яхшилашга йўналтирилади. Бунда пул-кредит операцияларини амалга ошириш ва коммуникация сиёсати инструментларини қўллашда амалий жиҳатни ошириш режалаштирилган.
Хатарлар ва ноаниқликлар. Хизматлар соҳасида таннарх кўп ҳолларда иш ҳақи даражасига ва коммунал соҳада эса энергия манбалари нархларига боғлиқ бўлганлиги сабабли ушбу соҳаларда ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.
Шунингдек, иқтисодиётга электр энергияси ва газни узлуксиз етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш долзарблигининг ошиб бораётганлиги 2020 йилда улар нархларининг сезиларли даражада ошишини талаб этиши мумкин. Бу, ўз навбатида, асосий прогнозни қайта кўриб чиқишга олиб келиши мумкин. Бироқ, ушбу омил бир марталик хусусиятга эга бўлиб, асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича кейинги йиғилишларда эътиборга олинади.
Транспорт инфратузилмаси ва бозорлардаги рақобатни ривожлантириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларини газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасида зарурий таркибий ислоҳотларни амалга ошириш инфляциянинг барқарор секинлашишининг асосий омили ҳисобланади.
Марказий банк инфляцион омиллар хусусияти ва хатарларни диққат билан ўрганиб боради, инфляциянинг прогноз динамикасига нисбатан мустаҳкам ишонч ҳосил бўлган шароитда асосий ставкани пасайтириш бўйича тегишли қарор қабул қилади.