Қонунчилик палатаси Кенгашининг илк йиғилиши ўтказилди

2020 йил 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

                     Қонунчилик палатаси Кенгашининг  илк йиғилиши ўтказилди

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи ташкилий мажлиси ва Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги маърузалари ҳамда Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш, уларда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда парламентнинг иштирокига доир масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг маърузаларида ҳамда Мурожаатномасида 2019 йилда юртимизда амалга оширилган ишлар чуқур таҳлил қилинди, 2020 йил ва келгуси даврда мамлакатимизни тараққий эттиришга доир устувор вазифалар белгилаб берилди.

Президентимиз сиёсий, иқтисодий, ижтимоий жиҳатдан стратегик аҳамиятга эга, жамиятимиз ҳаётини, фуқароларимизнинг фаровон турмушини таъминлашга доир муҳим масалаларга эътибор қаратиш асносида бу борада янги Ўзбекистоннинг янги шаклланган парламенти олдига ҳам қатор масъулиятли вазифаларни қўйди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тузилган барча қўмиталар ҳамда депутатлик бирлашмалари давлатимиз раҳбарининг маърузалари ва Мурожаатномасидан келиб чиқадиган ана шундай муҳим вазифаларни белгилаб олгани, уларда қўйилган топшириқларнинг барчасини бекаму кўст бажариш, илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни ҳаётга изчил татбиқ қилишга киришилгани қайд этилди.

Бу борада парламент қуйи палатаси томонидан амалга ошириладиган зарур ишларни ўзида акс эттирган Чора-тадбирлар дастури лойиҳаси муҳокама этилди. Мазкур дастурни янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолда қабул қилиш учун ишчи гуруҳи тузилди.

Маълумки, парламент қуйи палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари лавозими таъсис этилган эди. Шундан келиб чиқиб, йиғилишда Қонунчилик палатасининг Спикери, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари ўртасидаги вазифалар тақсимот қилинди. Айни вақтда янги парламент институти бўлмиш Спикернинг биринчи ўринбосари фаолиятининг асосий йўналишлари аниқ белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда Қонунчилик палатасининг янги таркибдаги депутатларида парламентда фаолият кўрсатиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда уларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида семинарлар, машғулотлар ўтказиш режасини ишлаб чиқиш ҳақидаги масала ҳам муҳокама марказида бўлди.

Шу билан бирга, йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди.

 

Алишер ҚОДИРОВ, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари:

— Президентимизнинг маърузаларида ҳамда парламентга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган ҳар бир вазифа мамлакатимизнинг муайян соҳадаги ривожини янада жадаллаштиришга хизмат қилади.

Шу боис, биз партиямиз позициясидан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасининг Чора-тадбирлар дастури лойиҳасини дастлаб фракциямизда батафсил муҳокама қилдик. Бугунги йиғилишда ҳам уни такомиллаштириш мақсадида бир қатор таклифларимизни бердик.

Мақсадимиз, мазкур ҳужжат янги парламентнинг йўлини аниқ белгилайдиган, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ғоя ҳамда ташаббусларни ҳаётга тўғри ва изчил татбиқ қилишга ярайдиган ҳужжат бўлишига эришиш лозим.

Равшан МАМУТОВ, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси:

— Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи йиғилишидаги нутқида ҳар бир қонуннинг, таъбир жоиз бўлса, кўзи, оёғи, ижроси бўлиши лозим. Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак, деган эдилар. Назаримда, нафақат қонуннинг балки, биз — парламент аъзолари қабул қилаётган қарорлар, ишлаб чиқаётган чора-тадбирлар ҳам мамлакатимиз ҳаётида қандайдир ўзгариш ясамоғи керак.

Шу маънода, палатанинг Чора-тадбирлар дастури лойиҳасини қўмитамизда ҳам кенг муҳокама қилдик, уни такомиллаштириш юзасидан тузилган ишчи гуруҳи таркибига қўмитамиз аъзолари орасидан ўз вакилимизни киритдик. Бугунги Кенгаш йиғилишида ишчи гуруҳга ўз таклифларимизни бердик.

Ўйлайманки, бу Қонунчилик палатасининг олдида қўйилган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажарилишида ҳамда натижаси ҳам шунга яраша бўлишида муҳим омил ҳисобланади.

Дурбек АҲМЕДОВ, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари:

— Янги таркибдаги парламент қуйи палатасининг нафақат қўмиталари, депутатлик бирлашмалари, балки ҳар бир депутат давлатимиз раҳбарининг маърузалари ва Мурожаатномасидан келиб чиқадиган муҳим вазифаларни ўзига белгилаб олди.

Энди, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, биз депутатлар ташаббус кўрсатиш учун ўз устимизда мунтазам ишлашимиз, ҳар бир соҳа бўйича қабул қилинган қарорда халқ манфаатлари йўлида мустаҳкам замин яратишимиз керак. Сайловчилар биздан ташаббус кўрсатиб, ўз муқобил фикримизни, қатъий сиёсий иродамизни намоён этишишизни кутмоқда.

Ўйлайманки, бугунги Кенгаш йиғилишида белгилаб олинган вазифалар ана шундай юксак мақсадларимизни рўёбга чиқаришга ёрдам беради.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

| 3380 29.01.2020



×
Портал харитаси