Тошкент шаҳрида “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Республика саноат тармоқлари учун малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш, олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Росатом” атом энергияси бўйича давлат корпорацияси, “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) Тошкент шаҳрида “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиалини (кейинги ўринларда “ММФИ” МТЯУ филиали деб юритилади) таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

 

2. Қуйидагилар “ММФИ” МТЯУ филиали фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисоблансин:

ядро энергетикаси ва иссиқлик физикасининг тармоқ эҳтиёжларини қондириш учун энг муҳим илмий-технологик ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали муҳандис-техник кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

мутахассислар ва илмий кадрлар тайёрлаш тизимини таълим ва илм-фан узлуксизлиги ва изчиллиги принципи, шунингдек, жаҳон таълим ҳамда илмий ҳамжамиятига мувофиқ равишда албатта интеграциялаштириш асосида ривожлантириш;

ядро физикаси соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар ўтказиш;

муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ва ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш;

педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, ўқитишнинг педагогик услублари ва технологияларини фаол такомиллаштириш;

таълим ва илмий-техник соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш.

 

3. Белгилаб қўйилсинки:

“ММФИ” МТЯУ филиали олий таълим муассасаси – юридик шахс мақомига эга бўлган нотижорат ташкилот шаклидаги Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади;

“ММФИ” МТЯУ филиали “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) (кейинги ўринларда – бош муассаса) алоҳида бўлинмаси сифатида кадрларга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда, бош муассаса билан келишилган ўқитишнинг асосий йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича мутахассислар тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва уларнинг малакасини оширади, шу жумладан, илмий-педагог кадрлар тайёрлайди;

“ММФИ” МТЯУ филиали ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади;

“ММФИ” МТЯУ филиалида ўқитиш Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартларининг талаблари инобатга олинган ҳолда, бош муассаса томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари бўйича амалга оширилади;

“ММФИ” МТЯУ филиалининг таълим фаолияти 2019/2020 ўқув йилидан бошланади;

“ММФИ” МТЯУ филиалига абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда, бош муассаса томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

 

“ММФИ” МТЯУ филиали битирувчиларига ўқиш тамомланганидан сўнг бош муассасанинг белгиланган намунадаги дипломи берилади ва бу диплом Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади.

 

4. Бош муассаса:

ўқув жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологиялари, илм-фан ва техниканинг энг янги ютуқлари жорий этилишини;

“ММФИ” МТЯУ филиали мутахассисларининг малакаси оширилишини ва профессор-ўқитувчиларининг қайта тайёрланишини;

“ММФИ” МТЯУ филиали кутубхона фондининг шакллантирилиши ҳамда замонавий ўқув, ўқув-услубий ва илмий-техник адабиётлар билан тўлдирилишини таъминлашга кўмаклашиши маълумот учун қабул қилинсин.

 

5. Қуйидагилар:

“ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) Тошкент шаҳридаги филиалида мутахассисларни ўқитиш ва тайёрлашнинг асосий йўналишлари (мутахассисликлари) 1-иловага мувофиқ;

“ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) Тошкент шаҳридаги филиали Васийлик кенгашининг (кейинги ўринларда – Васийлик кенгаши) таркиби 2-иловага мувофиқ;

“ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) филиалини Тошкент шаҳрида ташкил этиш бўйича Ташкилий комиссия таркиби 3-иловага мувофиқ маъқуллансин.

 

6. Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Улуғбек шаҳарчаси, Хуросон кўчаси 1-уйда жойлашган қурилиши тугалланмаган радиокимёвий комплекс унга туташ ҳудудлари билан бирга беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида кейинчалик жойлаштириш учун “ММФИ” МТЯУ филиалига берилсин.

 

7. Ташкилий комиссия (А.С.Султонов):

2019 йил 1 июлга қадар муддатда “ММФИ” МТЯУ филиали бино ва иншоотларининг реконструкция қилинишини, шунингдек, “ММФИ” МТЯУ филиали талабалари ва ўқитувчилари яшаши учун ётоқхона тайёрланишини;

2019 йил 31 августга қадар муддатда “ММФИ” МТЯУ филиали жойлаштирилишини ҳамда унинг зарур мебель, инвентарлар, замонавий ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер ва бошқа ташкилий техника, кутубхона фонди билан жиҳозланишини таъминласин.

 

8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2019 йил ва кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини шакллантиришда уларга “ММФИ” МТЯУ филиалининг бино ва иншоотларини тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш юзасидан лойиҳаларнинг белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.

 

9. Белгилаб қўйилсинки:

а) “ММФИ” МТЯУ филиалига қабул квотаси манфаатдор вазирлик

ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжи ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги, бош муассаса билан келишилган ҳолда тайёрланган, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг асослантирилган таклифлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда малакали кадрларни тайёрлашга бўлган эҳтиёжни ҳар йили таҳлил қилиб боради ҳамда таҳлил натижасига кўра “ММФИ” МТЯУ филиалига келгуси ўқув йилларида таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича талабаларни қабул қилиш сони юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади;

б) Васийлик кенгашининг қарорига мувофиқ “ММФИ” МТЯУ филиали ходимларига уларнинг юқори малакаси, ихтисослаштирилган компьютер комплекслари билан ишлаш кўникмалари учун “ММФИ” МТЯУ филиалининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шахсий устама белгиланиши мумкин;

в) “ММФИ” МТЯУ филиалининг давлат грантлари асосида ўқиган битирувчилари республика ишлаб чиқариш-саноат тармоқлари ташкилотларида камида беш йил ишлаб бериш шарти билан ишга тақсимланади;

г) “ММФИ” МТЯУ филиалининг фаолияти:

“ММФИ” МТЯУ филиалига давлат грантлари бўйича қабул қилинадиган талабаларни ўқитиш, шунингдек, ядро энергетикаси ва технологияларини ривожлантириш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун Фанлар академиясига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Васийлик кенгашининг қарорлари асосида шакллантириладиган пул маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда мақсадли бадаллари;

халқаро молия институтларининг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

д) “ММФИ” МТЯУ филиалини ташкил этиш, унинг моддий-техника

ва ўқув базасини шакллантириш бўйича ташкилий-амалий тадбирларни молиялаштириш, шу жумладан, таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш, бино ва иншоотларни зарур мебель, инвентарь, замонавий ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер ва бошқа ташкилий техника билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ва Васийлик кенгаши томонидан шакллантириладиган маблағлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади; 

е) бош муассасадан жалб қилинадиган профессор-ўқитувчиларнинг хизмат сафари харажатларини тўлаш:

30 суткагача бўлган қисқа муддатли хизмат сафарлари бўйича –Россия Федерациясининг қонун ҳужжатлари билан олий таълим муассасалари ходимлари учун назарда тутилган нормаларга мувофиқ;

узоқ муддатли хизмат сафарлари бўйича, ўқув жараёни эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда – тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади;

ж) “ММФИ” МТЯУ филиалини сақлаш учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг “Маориф” учун харажатлар параметрларида назарда тутилади.

 

10. “ММФИ” МТЯУ филиалига ўқитувчилик ва илмий ишлар учун таклиф этиладиган хорижий профессор ва ўқитувчиларнинг яшаш ҳамда транспорт харажатларини тузиладиган шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифлар бўйича тўлашга рухсат этилсин.

 

11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош муассаса ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан биргаликда:

бир ой муддатда белгиланган тартибда “ММФИ” МТЯУ филиалининг таъсис ҳужжатлари ишлаб чиқилиши, келишилиши ва давлат рўйхатидан ўтказилишини;

икки ой муддатда “ММФИ” МТЯУ филиали ташкилий тузилмасининг тасдиқланишини;

2019 йил 1 августга қадар муддатда “ММФИ” МТЯУ филиалининг малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан танлов асосида тўлдирилишини таъминласин.

 

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги “ММФИ” МТЯУ филиалига иккита енгил хизмат автотранспорт воситасини, шу жумладан, битта бириктирилган автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратсин.

 

13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “ММФИ” МТЯУ филиалининг буюртмаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

 

14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “ММФИ” МТЯУ филиалининг буюртмаларига биноан хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини ҳамда уларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини белгиланган тартибда таъминласин.

 

15. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “ММФИ” МТЯУ филиалининг буюртмаларига биноан “ММФИ” МТЯУ филиалини ташкил этишда ва унинг фаолиятида иштирок этувчи хорижий малакали мутахассисларни республикага жалб қилишга белгиланган тартибда рухсатномалар беришни (узайтиришни), шунингдек, хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига тасдиқнома беришни (узайтиришни) таъминласин.

 

16. “ММФИ” МТЯУ филиали 2021 йил 1 январга қадар муддатда “ММФИ” МТЯУ филиалини жиҳозлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш

учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ўқув ва илмий лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-услубий адабиётлар, инвентарь ва моддий-техника ресурслари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси А.С.Султонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2018 йил 20 июль


PQ-3875

| 4165 22.07.2018



×
Портал харитаси