- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9256
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7918
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7638
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6766
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6427
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Маҳаллий кино саноати миллий маданият ва санъатни ривожлантиришга, ёшларни садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, кекса авлодга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бебаҳо ҳисса қўшмоқда. Кино инсон билимини орттиришда муҳим роль ўйнайди, унинг бой мазмуни эса аҳолининг билимдонлик даражасига бевосита таъсир қилади.
Шу билан бирга, мазкур соҳадаги ишларнинг ҳақиқий ҳолати миллий кино саноатининг жадал ривожланишига, кино бозорида рақобатбардошлигини оширишга, уни хорижда тарғиб қилишга тўсқинлик қиладиган бир қатор ҳал этилмаган муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда. Хусусан:
биринчидан, ишлаб чиқилаётган кино маҳсулотларининг мафкуравий-бадиий даражасининг пастлиги, сценарийнавислик, режиссёрлик ва актёрлик ишларининг лозим даражада сифатли эмаслиги, ёшлар учун маънавий намуна бўлиб хизмат қиладиган бадиий образларнинг кўпинча мавжуд эмаслиги ёш авлодни жасорат ва қатъиятлилик руҳида тарбиялаш, ёт “оммавий маданият”га қарши курашиш кабимиллий кинематографиянинг асосий мақсадларини амалга ошириш имконини бермаяпти;
иккинчидан, кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмасини бериш юзасидан шаклланган амалиёт қўлланилаётган тартиб-таомилларнинг очиқлиги ва шаффофлигини, бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминламаяпти, шунингдек, кинематография соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожланишига тўсқинлик қилмоқда;
учинчидан, кино саноати соҳасига хорижий инвестицияларни жалб қилиш стратегиясининг, ишлаб чиқилаётган кино маҳсулотларининг ўзини қоплай олиши ва даромад келтиришига қаратилган замонавий маркетинг тадқиқотлари
ва аниқ мақсадли кино ишлаб чиқариш дастурларининг мавжуд эмаслиги миллий кинематографиянинг юқори зарар билан ишлашига сабаб бўлди;
тўртинчидан, кинопрокат ва республика бўйлаб кино маҳсулотларини етказиб бериш самарасиз тизимининг мавжудлиги, ишлаб чиқарилган кино маҳсулотларининг етарли даражада тарғиб қилинмаслиги сабабли аҳолининг суст хабардорлиги кинопрокатчилар даромадларига, кинокомпанияларнинг ижодий ва ишлаб чиқариш ходимларини моддий рағбатлантиришга салбий таъсир кўрсатди, шунингдек, кинотеатрлар тармоғи фаолиятининг тугатилишига олиб келди;
бешинчидан, давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқариладиган кино маҳсулотларига ажратиладиган маблағларнинг етарли эмаслиги, кино ишлаб чиқарувчиларни солиққа тортиш тизимининг самарасизлиги ва юқори солиқ юки кино саноати соҳасининг даромадлилигини чекламоқда ва кинематографиянинг умумжаҳон ривожланиш тенденцияларига мувофиқ илғор инновацион ва рақамли технологияларни жорий этишни рағбатлантирмаяпти;
олтинчидан, кино соҳасида кадрларни тайёрлаш тизими замонавий талабларга жавоб бермайди, ихтисослаштирилган, шу жумладан хорижий давлатларнинг олий ўқув юртларида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш, кино санъати вакилларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишлари ташкил этилмаган;
еттинчидан, муаллифлик ҳуқуқи объектларини, шу жумладан кино маҳсулотларининг ноқонуний тарқатилишини аниқлаш ва олдини олиш, улар билан рухсатсиз фойдаланишдан ишончли ҳимоя қилиш, ўғринча кўчириб олишга қарши курашишнинг аниқ механизмлари мавжуд эмаслиги кино маҳсулотларининг асл нусхаларини юқори даражада ноқонуний айланишига
ва мамлакатнинг кинокомпаниялариҳамда кинотеатрларига сезиларли зарар етказилишига олиб келмоқда;
саккизинчидан, маҳаллий сара киноленталарни жаҳонга машҳур халқаро кинофестивалларга тақдим этиш, шу жумладан уларда иштирок этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмаяпти, маданий ўзаро алмашинув даражасининг пастлиги эса миллий кинематографияни хорижда фаол тарғиб қилинишига ва унинг жаҳон кино майдонига қўшилишига имкон бермаяпти.
Мамлакатда кино саноатини янада ривожлантириш, кинокомпанияларни танлаб олишнингшаффофлигини таъминлаш, кинематография соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида:
1. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги (кейинги ўринларда “Ўзбеккино” МА деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда “Ўзбекфильм” АЖ акциядорларининг:
“Ўзбекфильм” акциядорлик жамиятини жамият таркибидан чиқиб кетадиган акциядорлар билан қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда ҳисоб-китобни амалга оширган ҳолда “Ўзбекфильм” давлат унитар корхонаси этиб қайта ташкил этиш;
“Ҳужжатли фильмлар киностудияси” давлат унитар корхонасини мамлакатда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини ва давлат ва жамият ҳаётидагиэнг муҳим соҳаларда эришилган ютуқларни тасвирга олиш ва уларни кейинчалик архивлаштириш бўйича вазифаларни юклаган ҳолда “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” давлат унитар корхонаси сифатида қайта номлаш;
“Ўзбеккино” МАнинг ҳудудий бўлинмалари негизида уларнинг штатлар бирликларини, бино ва бошқа моддий-техника базаси, шунингдек, 2020 йилнинг 1январига қадар муддатда амалдаги молиялаштириш манбаларини сақлаган ҳолда “Республика кинопрокат маркази” давлат унитар корхонасининг филиалларини ташкил этиш;
“Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси” давлат муассасасини унинг балансида бўлган мол-мулк ва бошқа моддий-техник қимматликларни (кўчмас мулкни бепул фойдаланишга) топшириш орқали нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда янги ташкил этилаётган нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин, унинг устав органларини шакллантиришда зарурий амалий ёрдам кўрсатсин.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, “Ўзбеккино” МА Бадиий кенгаши томонидан давлат буюртмаси асосида суратга олинадиган киномаҳсулотларнинг йиллик тематик режаси юзага келаётган вазият, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган янгиланишлар, шунингдек, аҳолининг мазмунли кинофильмларгабўлган реал эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантирилади;
ишлаб чиқариладиган бадиий фильмларни давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқариладиган бадиий фильмларнинг йиллик ҳажмига нисбатан фоизда жанрлар бўйича квоталаш тизими жорий этилади;
2019 йил 1 январдан бошлаб, мулкчилик шаклидан қатъий назар, мамлакатдаги барча кинотеатрларда намойиш этиладиган маҳаллий бадиий фильмлар намойиши ҳажмларини – суткада иккитадан кам бўлмаган шу каби тўлиқ метражли фильмлар билан, 2021 йил 1 январдан эса ойлик экран вақтининг 25 фоизидан кам бўлмаган, байрам кунлари 40 фоиздан кам бўлмаган миқдорда квоталаш тизими жорий этилади;
давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқариладиган бадиий фильмларнинг смета харажатларида кўрсатилган маблағнинг 10 фоизи фақатгина уларнинг рекламаси ва телевидение, радио ва Интернет тармоқларидаги пиар-компаниясига, шунингдек, ташқи рекламасини жойлаштириш учун фойдаланилади;
давлат буюртмаси бўйича кино маҳсулотларини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги телерадиоканалларда реклама қилиш,миллий телерадиокомпания телеканалларида намойиш қилишда “Ўзбеккино” МАнинг шахсий кони маҳсулотлари учун муаллифлик ва мулкий ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда, имтиёзли шартларда амалга оширилади;
кинокомпанияларнинг, мулкчилик шаклидан қатъий назар, давлат буюртмаси бўйича кино маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги иштирокифақат “Ўзбеккино” МА томонидан қонун ҳужжатларига асосан ташкил этиладиган танлов асосида амалга оширилади;
“Ўзбеккино” МА Бадиий кенгаши таркиби продюсерлар, адиблар, тарихчилар, кинооператорлар, режиссёрлар, кинопрокатчилар, кинотанқидчилар, психологлар, кинематография соҳасидаги нодавлат ташкилотлар вакиллари ва бошқа мутахассислардан шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда “Ўзбеккино”МА томонидан тасдиқланади;
“Ўзбеккино” МА Бадиий кенгаши таркибига, Кенгаш томонидан қабул қилинадиган қарорларга бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлган шахсларнинг киришига ва уларнинг танловда иштирок этишига йўл қўйилмайди.
“Ўзбеккино” МА Бадиий кенгаши томонидан давлат буюртмаси бўйича киномаҳсулотни ишлаб чиқаришнингҳар бир босқичи якунида тайёр маҳсулотнинг режиссёрлик сценарийсига, харажатлар сметаси параметрларига, суратга олиш жараёнининг техник ва технологик талабларига мослигиҳамда киномаҳсулот яратиш тўғрисидаги шартномада ўрнатилган бошқа талабларга риоя этилиши юзасидан баҳолаш амалга оширилади, сўнгра ушбу киномаҳсулот (унинг қисмлари) қабул қилинади.
“Ўзбеккино”МА Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2018йил 1октябрга қадар муддатда давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқариладиган кино маҳсулотлари учун конкурс ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби, шу жумладан конкурсда қатнашадиган кинокомпаниялар учун талабларни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги ПҚ–3176-сон қарори билан ташкил этилган Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссиясининг:
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг иқтидорли битирувчиларини ҳамда институтда “Ижро этувчи продюсер” ва “Кинорежиссура ва кинодраматургия” йўналишлари бўйича дастлабки саралашдан ўтган бакалавр даражасига эга миллий кинематография соҳасининг мутахассисларини С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия кинематография давлат институти (кейинги ўринларда – БКДИ) қошидаги “Кино ва телевидение”нинголий курсларига ўқишга юбориш;
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти бакалавриатининг ихтисослашган йўналишлари иқтидорли битирувчилари учун БКДИ ассистентура-стажировкасида “Ижро этувчи продюсер”, “Драматургия” ва “Аудиовизуал санъат режиссураси” мутахассисликлари бўйича ўқишларни ташкил этиш;
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида кинематография соҳасининг малакали кадрларини тайёрлаш бўйича БКДИ филиалини (қўшма факультетини) очиш, ўқитувчилик фаолиятига БКДИ юқори курсларида ва ассистентура-стажировкасида аввал тайёргарликдан ўтган мутахассисларни, шунингдек, мастер-класслар ўтказиш учун институт профессор-ўқитувчиларини жалб қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
4. “Ўзбеккино” МА Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда2018 йил 1 декабрга қадар бўлган муддатдаБКДИ юқори курсларида ва ассистентура-стажировкасида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти битирувчилари ҳамда республика мутахассислари ўқишини ташкил этиш, шунингдек, Тошкент шаҳрида институт филиалини (қўшма факультетини) очиш бўйича БКДИ раҳбарияти билан музокаралар ўтказсин.
Белгилансинки:
БКДИ юқори курсларида ва ассистентура-стажировкасида ўқишга юбориладиган шахслар сони “Ўзбеккино” МА томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда тегишли соҳамутахассисларига бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда белгиланади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;
БКДИ юқори курсларида ва ассистентура-стажировкасида ўқиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот маркази томонидан марказга ушбу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар доирасида молиялаштирилади;
БКДИ олий курсларида ва ассистентура-стажировкасида ўқиш учун саралашдан муваффақиятли ўтган номзодлар билан шартномалар тузилади. Шартномаларда номзодларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шу жумладан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ҳамда БКДИнинг Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган филиалида (қўшма факультетида) камида уч йил муддатда меҳнат фаолиятини амалга ошириш мажбурияти белгилаб қўйилади.
5. Қуйидагилар асосий вазифалари этиб белгиланган “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳузурида Киноиндустрия соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этилсин:
киноиндустрия соҳасининг, мулкчилик шаклидан қатъий назар кинокомпанияларнинг ижодий-ишлаб чиқариш, техник ва бошқа ходимларини шартнома асосида режиссура, продюсерлик, актёрлик маҳорати, кинооператорлик, анимация ва бошқа йўналишлар бўйича қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш;
назарий жиҳатдан тайёрлашни амалий ишлар билан интеграция қилиш, киноиндустрия соҳасида тажрибага эга малакали ўқитувчилар ва мутахассисларни, шунингдек, хорижий экспертларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларига жалб қилиш;
методик ва ахборот базасини яратиш, яхшилаш, доимий янгилаб бориш, киноиндустрия соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича зарур ўқув қўлланмалари ҳамда тавсияларини ишлаб чиқиш;
киноиндустрия соҳаси ходимларинихорижий кинокомпанияларда қайта тайёрланиши ва уларнинг малакаси оширилишини ташкил этиш, чет эллик ҳамкорлар билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш.
Белгилаб қўйилсинки:
Марказ давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилади;
Марказ киноиндустрия соҳасининг, мулкчилик шаклидан қатъий назар кинокомпанияларнинг ижодий-ишлаб чиқариш, техник ва бошқа ходимларини ўқитиш учун олинадиган маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
Марказга “Ўзбеккино” МА бош директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва эгаллаб турган лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.
6. Қуйидагилар:
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳузуридаги Киноиндустрия соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасида киноиндустрияни янада такомиллаштириш “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ;
“Учта шаҳар”, “101” ва “Қаҳрамонлар” лойиҳаларини амалга ошириш “Йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
“Учта шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш доирасида комплекс ташкилий-техник ва ҳуқуқий масалаларнинг сифатли ҳамда ўз вақтида ҳал этилиши учун:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг раиси С.Р. Холмуродов – “Халқ дипломатияси шаҳри” мажмуи қисми юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов – “Этношаҳар” мажмуи қисми юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарувининг раиси А.С. Султонов – “Киношаҳар” мажмуи қисми юзасиданшахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин.
7. “Ўзбеккино” МА Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон кинематографиясини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда ҳар йили энг яхши маҳаллий кино маҳсулотларини Канн, Берлин, Венеция, Роттердам, Пусан, Москва ва бошқа машҳур халқаро кинофестивалларда, шунингдек, жаҳоннинг йирик нуфузли кинобозорларида намойиш этилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги “Ўзбеккино” МАнинг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича халқаро кинофестиваллар ва кинобозорларда маҳаллий кино маҳсулотларини намойиш этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси маблағларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларини ажратсин.
8. 2018 йил 1 августдан бошлаб “Ўзбеккино” МА марказий аппаратининг ходимларига уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ойлик жамғармасининг 100 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланадиган шахсий устама белгилансин.
9. 2020 йил 1 январгача бўлган муддатга:
кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг прокати билан шуғулланувчи ташкилотлар барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар тўлашдан, бундан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ажратмалар мустасно, шунингдек,ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган кино ишлаб чиқариш ва кино намойиш этиш ускуналари учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимидан ташқари);
“Ўзбеккино” МА ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхатбўйича “Ўзбекфильм”, “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси”, “Республика кинофонди”, “Республика кинопрокат маркази”, “Мультипликацион фильмлар студияси” давлат унитар корхоналарини қайта қуриш ва жиҳозлаш доирасида олиб кириладиган кино ишлаб чиқариш ҳамда кино намойиш этиш ускуналари учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимидан ташқари) озод этилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мазкур қарор талаблари, шунингдек, киноиндустрия соҳасидаги бошқа устувор вазифаларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига:
а) 2018 йил 1 августга қадар кинематография соҳасида талаб юқори бўлган кадрларни (кинодраматург, кинорежиссёр, кинопродюсер ва бошқалар) тайёрловчи янги факультет очишни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини;
б) 2018 йил 1 ноябрга қадар:
“Кинематография тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий кинокомпаниялар томонидан бадиий фильмларни кинога, видеога тушуришдаги тартиб-таомиллар ва талабларни янада соддалаштиришга доир таклифларни киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 апрелдаги 272-сон қарорининг 4-бандида кўрсатилган ягона кинопрокат электрон тармоғини ишлаб чиқиш, кинотеатрларни оптик толали алоқа линияси орқали кинопрокат тармоғига босқичма-босқич улаш, кинотеатрларда электрон киночипталарнинг тезкор ҳисобини юритиш автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш бўйича ишларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
12. “Ўзбеккино” МА Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор кўчаси, 1а-уй манзилига жойлаштирилсин.
13. “Ўзбеккино” МА Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М. Султонов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2018 йил 24 июль
ПҚ-3880