- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9343
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 8005
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7739
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6878
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6511
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Хўш, парламент қуйи палатасининг 2019 йил 7 январдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган мазкур қонун лойиҳасининг долзарблиги нимада?
Ҳозирги кунда яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасига оид муносабатлар бир қатор тармоқ қонунлари, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ўрмон тўғрисида»ги қонунлари, шунингдек ўндан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан ҳуқуқий тартибга солинмоқда.
Юқорида қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар инвентаризацияси ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили мамлакатимизда яйловлардан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор долзарб муаммолар, ҳуқуқий бўшлиқлар ҳамда ҳуқуқий тартибга солиниши лозим бўлган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра, республикада яйлов ва пичанзорларнинг умумий майдони 21,1 миллион гектарни ёки мамлакат ер майдонининг 46,5 фоизини ташкил этади. Ҳозирги кунда ушбу ерларида 2300 дан ортиқ чорвачилик ва қоракўлчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари фаолият юритиб, улар томонидан қоракўл териси ва жуни, гўшт ҳамда сут маҳсулотлари етиштирмоқда.
Лекин яйловлардан фойдаланиш бўйича самарали ҳуқуқий механизм яратилмагани, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун қабул қилинмагани, яйловлардан оқилона фойланиш юзасидан давлат бошқаруви органларининг ваколатлари аниқ белгиланмагани, тегишли ташкилий чораларнинг кўрилмаслиги, шу жумладан, мол боқиш ва пичан ўриш меъёрлари ва режалари белгиланмагани, яйловларни муҳофаза қилиш ва уларнинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмаларнинг жорий этилмагани, яйловлардаги мавжуд сув таъминоти иншоотларининг эскиргани оқибатида республикадаги яйловларнинг ҳолати йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда.
Сўнгги 35-40 йил давомида кўчма чорвачиликда яйловлардан меъёрдан ортиқ фойдаланганлик, молларни яйловларда ортиқча боқиш ва бошқа антропоген таъсирлар натижасида чорва озуқаси ҳажмининг йўқолиши ҳамда яйлов ерлари инқирози содир бўлмоқда.
Ўтган асрнинг 90-йилларида яйловларда 274 ҳил ўсимликлар учраган бўлса, бугунги кунда уларнинг атиги 42 тури қолган. Қолганлари яйловларга қаровсизлик, улардан хўжасизларча фойдаланиш ва пайҳон қилиниши натижасида йўқолиб кетган. Инқирозга учраган яйлов майдонларини аниқлаш ва уларни тиклаш ҳамда ҳосилдорлигини ошириш учун озуқабоп экинларни экиш ишларига етарлича эътибор қаратилмаган.
Юқоридаги масалаларни ҳал этиш ҳамда чорвачилик соҳасида хусусий мулкнинг устувор аҳамияти ва ўрнини таъминлаш, яйловлардан самарали фойдаланиш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва рақобатдошлигини ошириш мақсадида янги яйловларга доир қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати янада ошмоқда эди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2015-2019 йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги иш режасига асосан, қўмита томонидан мазкур масалаларга эътибор қаратилган ҳолда, ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасининг мақсад ва вазифалари ғоятда катта. Аввало, яйловга нисбатан мулк ҳуқуқи ҳамда яйловларнинг турларини белгилаш, яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат бошқарувини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатларини белгилашдан иборатдир. Шу билан бирга, қонун лойиҳаси билан яйловлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг яйловлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишни таъминлашдаги иштирокини тартибга солиш кўзда тутилмоқда. Ҳужжатда яйлов майдонларини фойдаланишга бериш тартиби, уларни муҳофаза қилиш, такрор ишлаб чиқарилиши ва қайта тикланишини таъминлаш, бу борада давлат назоратини олиб бориш, яйловларнинг маҳсулдорлигини сақлаб қолишга қаратилган чораларнинг ҳуқуқий механизмларини ҳамда яйловларнинг инвентаризацияси ва мониторингини ташкил этишнинг ҳуқуқий тартиби аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали мамлакат умумий ер майдонининг қарийб ярмини ташкил этадиган яйловлардан оқилона фойдаланишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилади. Қолаверса, инқирозга учраган яйлов майдонларини аниқлаш, уларни тиклаш, ҳосилдорлигини ошириш учун озуқабоп экинларни экиш ишлари ташкил этилади. Озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини, аҳолига гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш, экспорт қилиш учун янги имкониятлар пайдо бўлади. Айниқса, яйловларни муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг ҳосилдорлигини оширишга қаратилган илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмалар ишлаб чиқаришга жорий этилади.
Шерзод РАҲИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси