ҲАЁТИЙ ҚОНУНЛАРДА ИНСОН ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИ УСТУВОР БЎЛАДИ

Қонун ижодкорлиги — мураккаб жараён. Ҳар жиҳатдан пишиқ, пухта тайёрланган қонунларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор аҳамият касб этса, унинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳам самарали бўлади. Аксинча, амалга оширишнинг аниқ механизмига эга бўлмаган, бирор-бир масалани аниқ ҳал этмайдиган, баъзан ўзаро зид қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши амалда кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради.

Бундан бир йил аввал Олий Мажлис ҳузурида ташкил этилган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг бу борада илгари сураётган таклиф ва ташаббуслари бугун қанчалик долзарб?
У Президентимиз таъкидлаганидек, парламентга келаётган турли таклифларни чуқур таҳлил қиладиган, таъбир жоиз бўлса, элакдан ўтказадиган илмий марказ бўла олдими? Экспертлар яна қандай вазифаларни ҳал этиши лозим? Мухбиримиз шу ва бошқа масалалар ҳақида Институт директори, юридик фанлар доктори Раҳимжон ҲАКИМОВ билан суҳбатлашди.

— Одамлар қонунларда ўз ҳаётининг кафолатини кўришни истайди. Борган сари ҳаволаки нормаларсиз, тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан эҳтиёж ортиб боряпти. Сизнингча, бу жараённи жадаллаштириш мумкинми?

— Тўғридан-тўғри қонун қабул қилиш бирданига бўладиган жараён эмас. Бу нафақат битта қонунни ёзиш билан, балки бутун қонунчилик босқичларини модернизация қилиш билан боғлиқ ҳолат. Афсуски, норма ижодкорлиги жарёнига кўп йиллар давомида етарлича эътибор қаратмаганмиз. Натижада нима бўлди? Қонун борган сари умумий йўналишни белгилаб берадиган ҳужжатга айланиб, қолган барча муҳим масалалар, хусусан, ижро механизмлари алоҳида қонуности ҳужжатларида белгиланиш амалиёти шаклланди. Бу одатий ҳолга айланиб қолди. Оқибатда қонунчиликда қонуности ҳужжатларининг улуши ортиб кетди. Тўғри, қонуности ҳужжатлари тезкор ислоҳотлар даврида керак. Масалан, Президент томонидан қабул қилинадиган фармон ва қарорлар у ёки бу соҳадаги муаммони тезкор ечиш, ислоҳотларнинг биринчи галдаги вазифаларини, устувор йўналишларини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Лекин Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар ҳужжатларини тезликда қабул қилиш, сонини кўпайтириш мақсадга мувофиқ эмас.
Чунки, қонуности, айниқса, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар камайсагина, қонунга эҳтиёж ортади. Қонун кўпроқ барқарор тусга эга бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солиши, умумий масалани белгилаш билан чекланмасдан тартибга солинаётган соҳа ёки масаланинг барча жиҳатларини тўлиқ қамраб олиши лозим. Тўғридан-тўғри ишлайдиган, самарали қонун ёзиш учун малакали мутахассислар, чуқур илмий тадқиқотлар, кенг муҳокамалар ўтказиш учун етарлича вақт керак.

Қонун тўғридан-тўғри ишлаши учун у пухта ишланган бўлиши қонунчилик ташаббуси субъектида бундай қонунни ёзиш бўйича зарур малакага эга кадрлар шаклланган бўлиши лозим. Ҳозирда бу борада муаммолар талайгина.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 августдаги Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида соҳада тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, шу жумладан, қонунчилик базасини тизимлаштириш, ушбу жараёнга халқаро амалиётда синалган илғор услубларни жорий этиш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Мазкур ҳужжат қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштиришда муҳим роль ўйнаяпти.

Қолаверса, бу йилги Давлат дастурида парламентда юридик бўлимлар негизида бошқармалар ташкил этилиши белгилаб берилди. Бу нима дегани?
Бу ҳар бир қўмитанинг фаолият йўналиши бўйича тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни тайёрлайдиган мутахассислар сонини ошириш, бу борадаги имкониятларни кенгайтириш, деганидир. Қонун лойиҳаларини тайёрлаш жараёнларида Институтимиз фаол иштирок этиш баробарида депутат ва сенаторларга илмий-таҳлилий материал ва ахборотлар, маслаҳатлар, шу жумладан, хорижий тажриба бўйича чуқур тадқиқот натижалари ва экспертлик баҳоларини етказиб беради. Яқин кунларда тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларда тизимлаштирилиши лозим бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бўйича парламент томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси” асосида 60 га яқин қонунларни қабул қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

— Вазирлик ва идоралар томонидан қуйи палатага киритиладиган қонун лойиҳаларида ўз манфаатларини илгари суриш ҳолати кўп кузатилади. Умуман, бу ҳолатни бартараф этиш мумкинми?

— Идоравий манфаатлар, деган масала хоҳлаймизми, йўқми бутун дунёда бор, фақат бизда эмас. Масалан, вазирлик қуйи палатага қонун лойиҳасини киритяптими, бу ҳужжат уларнинг манфаатларига хизмат қилишига ҳаракат қилади. Ҳеч бўлмаганда, мазкур қонун билан ишлашда уларга енгил бўлишига интилади. Олдин Институт йўқ пайти қанақа эди? Қонун лойиҳаси бўйича долзарб масала юзасидан амалиётни, хориж тажрибасини ўрганиш керак бўлса, парламент вазирлик ва идораларга мурожаат қиларди. Табиийки, бунда парламент ҳар доим ҳам холис ахборот ололмасди. Эндиликда депутатлар бундай ҳолларда Институтдан маълумот олишади. Институт парламент муассасаси сифатида масалага объектив, холисона, ёндошишда кўпроқ имкониятга эга, десак менимча тўғри бўлади. Бу ҳам қонуннинг тўғридан-тўғри ишлашига хизмат қиладиган масалалардан.

Яна бир муҳим жиҳат. “Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунимиз бор. 2000 йилларда қабул қилинган бу ҳужжат тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни қабул қилишга мўлжалланган, деб айтолмаймиз.
Жорий йил 1 мартга қадар унинг янги таҳририни ишлаб чиқиш бўйича Адлия вазирлиги билан биргаликда ишларни олиб боряпмиз. Унда ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш асоси ва предмети аниқ белгиланади. Яъни, қайси масала фақат қонун билан тартибга солиниши, қайси масалалар қонун ости ҳужжатлари билан ҳал этилиши мумкинлиги каби масалалар акс этади. Бунда Конституциямизда белгилаб берилган ва парламент ваколатларига кирадиган, шу билан биргаликда, инсон ҳуқуқ ва эркинлигига дахлдор барча масалалар қонун билан тартибга солиниши аниқ белгилаб қўйилади. Янги таҳрирдаги қонун билан вазирлик ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ваколатини чеклаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, Қонунчилик палатасига ҳаволаки нормалардан иборат бўлган қонун лойиҳасини киритишга ҳам тақиқ қўйилади. Тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни қабул қилишга доир бошқа муҳим талаблар ҳам қонунда акс этади. Ҳозирги кунда эса қуйи палата аъзолари киритилган қонун лойиҳасини унда тўғридан-тўғри ишлаш механизми акс этмаган, дея қонунчилик ташаббуси субъектига қайтариш ваколатига эга эмас. Шу боис ҳам, айрим ҳолатларда қонун лойиҳасини 60-85 фоизгача қайта ёзишга тўғри келмоқда.

— Шу ўринда Институт фаолиятига ҳам тўхталиб ўтсангиз.
 

— Институт фаолиятининг асосий йўналишлари ривожланган парламент тизимига эга бўлган мамлакатлар тажрибасига асосланган ҳолда шакллантирилган. Бизнинг мутахассислар қонунчиликдаги муаммоларни ўрганиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, шунингдек, Олий Мажлис палаталарининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди. Экспертлар ҳуқуқ, сиёсат ва иқтисод соҳаларида тадқиқотлар ўтказишади, илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, қонунчиликни ривожлантиришнинг илмий концепцияларини ишлаб чиқади. Лўнда қилиб айтганда, Институт парламент, депутат ва сенаторлар фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий таъминлашда самарадорликни оширишга, шунингдек, қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Бунинг учун етарли салоҳият мавжуд. Жумладан, Қонунчилик муаммолари институтида 3 нафар фан доктори, 3 нафар фан номзоди,
15 нафар магистр самарали меҳнат қилмоқда. Беш нафар ходим Швейцария, Австрия, Япония, Хитой ва Корея Республикасининг олий таълим муассасаларида таҳсил олган ва малака оширган. Шуниси эътиборга лойиқки, кўплаб мутахассислар ёшлар. Кўп йиллик профессионал, ҳаёт тажрибасига эга экспертлар ва ёшларнинг бирга фаолият юритиши жамоада ижодкорлик муҳитининг шаклланиши, ижодий ғояларнинг туғилиши, у ёки бу долзарб муаммоларни ҳал қилишда инновацион услубларнинг жорий этилишига хизмат қилмоқда.

Мутахассисларимиз ўтган йилда 185 та таҳлилий маълумотнома, хусусан, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини асраш тўғрисида, гидрометеорологик фаолият тўғрисида, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг озиқ-овқатлари тўғрисида, ов ва ов хўжалиги тўғрисида, яйловлар тўғрисида, далилларга асосланган тиббиётни ривожлантириш тўғрисида, аҳолига нефрологик ва гемодиализ ёрдамини кўрсатишни такомиллаштириш тўғрисида, сув омборлари ҳудудларида экотуризмни ривожлантириш тўғрисида, халқ табобатини ривожлантириш ва бошқа масалалар бўйича таклифлар ва тавсиялар тайёрлашди. Бундан ташқари, Олий Мажлис палаталарининг сўровларига кўра, бюджет маълумотлари очиқлиги ва шаффофлиги, концерт-томоша хизматини кўрсатиш фаолиятини лицензиялашни такомиллаштириш, ичимлик суви билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, масофавий тиббий хизматлар кўрсатиш тизимига оид хорижий тажриба ва бошқалар бўйича таҳлилий маълумотнома ва тавсиялар тайёрланиб, парламент аъзоларига тақдим этилди.

Илғор хорижий тажриба таҳлили асосида институт томонидан 64 та қонун лойиҳаси, та Олий Мажлис палаталарининг қарори, 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари тайёрланди.

Жорий йилда Институтимиз Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ, парламент фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашиш, парламент, депутатлар ва сенаторлар фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий таъминлашда самарадорликни оширишга ўзининг барча имкониятларини сафарбар этади.

Жумладан, Германия, Буюк Британия, Корея, Туркия, АҚШ каби илғор хорижий давлатларнинг етакчи олимлари, мутахассислари иштирокида илмий форумлар, конференциялар, симпозиумлар ўтказилади. Институт ходимларининг Германия, АҚШ, Буюк Британия парламентлари тадқиқот марказларида стажировкалари ташкил этилади.

Бундан ташқари, норма ижодкорлиги фаолиятини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида илмий изланишлар олиб бориш, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, бу борада ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш, қонунчилик базасини тизимлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, хорижий давлатларнинг қонунчилик ва парламент фаолияти соҳасидаги тажрибаси тўғрисида ахборот базасини ташкил этиш, шунингдек оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан яқин мулоқотни янада ривожлантириш каби устувор вазифаларни амалга оширишни белгилаб олганмиз.

 

Зиёда АШУРОВА суҳбатлашди.
"Халқ сўзи"

| 218 14.02.2019



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг