Уруғчилик фаолияти тартибга солинади

Шу йилнинг 16 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги қонуни Президентимиз томонидан имзоланди.

Тўлқин ЭШНАЗАРОВ: Уруғчилик фаолияти тартибга солинади

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан, уруғчиликни ривожлантиришни энг муҳим устувор вазифалардан бири сифатида қайд этиб ўтилди.

Табиийки, соҳанинг ривожланиши бевосита тизимга оид қонун ҳужжатларининг қай даражада такомиллаштирилишига боғлиқ. Таассуфки, бундан 26 йил аввал қабул қилинган “Уруғчилик тўғрисида”ги қонун, бир томондан, замон нуқтаи назаридан бугунги кун талабига жавоб бермай қолган бўлса, бошқа тарафдан, унда соҳани ривожлантириш ва такомиллаштиришга ҳуқуқий асос бўлувчи механизмлар мукаммал эмас эди. Хусусан, ушбу қонунда соҳага оид атамаларга қонуний изоҳ берилмаган, уруғчилик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг ваколатлари акс этмаган. Уруғлар тоифаланмаган, уруғчиликнинг объектлари ва субъектлари ҳамда уларнинг хуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмаган, навларни генетик, экинбоблик сифатларини аниқлаш, сертификатлаштириш тартиблари аниқ кўрсатилмаган эди. Шунингдек, уруғликларни реализация қилиш, уларни четга олиб чиқиш ва олиб киришнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмагани уруғ етиштирувчилар, тадбиркорлар ва истеъмолчилар учун чалкашлик, баъзан муаммоларни келтириб чиқарар эди.

Шу йилнинг 16 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги қонуни Президентимиз томонидан имзоланди.

Ушбу қонунда ислоҳотлар доирасида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган соҳага оид ўнга яқин қарорнинг мазмун-моҳияти сингдирилган.

Шу билан бир қаторда, қонунда уруғчилик, элита, дурагай ва оригинал уруғликлар, популяция, уруғликларнинг генетик, экинбоплик сифати каби тушунчаларга аниқ таъриф берилган. Уруғликларнинг тоифалари ҳам алоҳида кўрсатилган. Унга кўра, қишлоқ хўжалигида экинларнинг навларини такрор кўпайтириш босқичларига қараб, уруғликларнинг оригинал, элита ва репродукцион тоифалари фарқланмоқда. Уруғчиликнинг объектлари, субъектлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланиб, тегишли давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг уруғчилик соҳасидаги ваколатлари ҳамда уруғчилик тизимини бошқаришнинг хуқуқий асослари кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, уруғчилик соҳасидаги фаолиятни ташкил этиш, жумладан, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш, реализация қилиш ва уруғлик экспорти учун қулай шарт-шароитлар яратишнинг ҳуқуқий асослари таъминланган. Шу билан бирга, уруғни қўшимча қайта ишлаш, яроқсиз ҳолга келганида йўқ қилиш, янги, истиқболли навларнинг уруғларини сертификатлаш ва экишга рухсат бериш тартиб-таомиллари аниқ белгилаб қўйилган.

Қонунга мамлакатимизга сифатсиз, экишга яроқсиз ва касалланган уруғларнинг кириб келишининг олдини олишга қаратилган нормалар киритилган бўлиб, пахта, ғалла ва картошкадан ташқари, уруғликларга чекловлар олиб ташланган.

Зеро, Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги қонуни соҳада олиб борилаётган тизимли ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлиб, бу жабҳада норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, замонавий инновацион лойиҳаларни жорий этиш, уруғлик генафондини сақлаш, самарадорликни янада ошириш, уруғларни реализация қилиш ва унинг экспорт кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Тўлқин ЭШНАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси

 

| 4148 20.02.2019



×
Портал харитаси