- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9248
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7905
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7630
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6756
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6419
Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб давлат бошқарувида, хусусан Президент лавозими, Олий Мажлис ҳамда маҳаллий вакиллик органларини демократик сайловлар асосида шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур жараён миллий тажриба ва халқаро андозалар асосида ислоҳотларнинг бориши, жамиятда сиёсий-ҳуқуқий онгнинг ўсишига мос тарзда босқичма-босқич ривожланиб, юксалиб бормоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган илк Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаласи кун тартибига қўйилган эди.
Ўтган давр ичида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий сайлов комиссияси, Давлат бошқаруви академияси вакиллари ҳамда бошқа мутахассис ва экспертлар, шунингдек жамоатчилик вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18 февраль куни бўлиб ўтган мажлисида қабул қилинди.
Сайлов кодекси 5 та амалдаги қонунларни ўзида мужассам этган. Бу эса уни амалиётда қўллашда, фуқароларимиз учун сайловга оид қоидаларни тўлиқ ўзлаштиришда қулайлик туғдиради ҳамда қонунчиликдаги ортиқча такрорланишларнинг олдини олади.
Таъкидлаш лозимки, Кодекс фақатгина соҳадаги қонунларни ўзаро жамлаш билан чекланмайди. Унда демократик тамойилларни ўз ичига олган қатор янгиликлар киритилди. Мисол учун:
- Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланди;
- Ўзбекистон Республикаси сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби қонун билан белгиланди;
- муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш мақсадида “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланди;
- сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги белгиланди;
- илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тариби тўғрисидаги низомни бекор қилиб, бу масалани қонун даражасида белгиланди;
- ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланди;
- ташвиқот ишларини бошлашда барча номзодлар учун ягона муддат, яъни – уларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши кўрсатилди.
Бу каби янги демократик нормаларни Кодексда яна кўплаб санаб ўтиш мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Кодекс кенг жамоатчилик ўртасида бешта йўналишда муҳокама ва экспертизадан ўтказилди.
Хусусан, Интернет муҳокамаси, яъни ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан қилинган муҳокама; фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик экспертизаси; илмий экспертиза; бевосита амалиётчиларнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан ўтказилган экспертизалар шулар жумласидандир.
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Сайлов Кодексининг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлик гуруҳи аъзолари, Марказий сайлов комиссияси, илмий муассасалар вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ходимлари иштирок этди.
Муҳокамалар жараёнида тадбир иштирокчилари кодекс устида тизимли ишлар олиб борилганини таъкидлаб, айниқса жамоатчилик мукокамалари давомида берилган таклиф ва тавсияларни депутатлар томонидан инобатга олинганини алоҳида эътироф этишди.
Жумладан, ҳужжатда сайлов жараёнида маҳаллий ижроия ҳокимларининг иштирокини янада қисқартиришга қаратилган нормалар киритилгани, сиёсий партиялар томонидан сайловларда ўзининг ваколатли вакилини тайинлашда янада қулай шароитлар яратилгани, унда ишлатилган термин ва атамалар бирхиллаштирилгани, Кодексдаги ҳаволаки нормалар чиқариб ташлангани иштирокчилар эътиборида бўлди.
Тадбир давомида жамоатчилик вакиллари, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ҳамда улар Кодексни амалиётда қўллашда келиб чиқиши мумкин бўлган айрим масалаларни олдиндан ҳал этиш бўйича таклифлар берди. Хусусан, мазкур Кодекснинг қабул қилиниши билан бошқа қонунларга ҳам ўзгартиришлар киритиш лозимлигини жамоатчилик вакиллари таъкидлаб ўтишди.
Келиб тушган таклифлар асосида ташаббускор ишчи гуруҳи аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бошқа депутатлари ўз олдиларига Кодексни амалиётга татбиқ этишга оид чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишни режалаштириб олди.