Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид чора-тадбирларни тизимлаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

          Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид чора-тадбирларни тизимлаштириш тўғрисида

Иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш, бу борада мутасадди вазирлик ва идораларнинг фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, халқаро майдонда мамлакатимиз мавқеини янада юксалтириш, хорижий рейтинг агентликлари билан ҳамкорликни тизимли равишда амалга ошириш, масъул давлат органлари раҳбарларига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишида уларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш мақсадида:

1. Устувор халқаро рейтинг ва индексларни комплекс равишда кўриб чиқиш ва яхшилаш борасида ижро самарадорлигини ошириш ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан олиб борилаётган тегишли чора-тадбирларни тизимли мувофиқлаштириш лозимлигини инобатга олган ҳолда:

Устувор халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашни мувофиқлаштириш бўйича комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) 
1-иловадаги таркибга мувофиқ тузилсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тузилмасига халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари (кейинги ўринларда – молия вазири ўринбосари) лавозими киритилсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тузилмасида бошқарув ходимларининг сони қўшимча 10 та штат бирлигидан иборат Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси (кейинги ўринларда – Бошқарма) ташкил этилсин ва юқори малакали кадрлар билан тўлдирилиши таъминлансин.

2. Белгилаб қуйилсинки:

а) Комиссия халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича ишларни амалга ошириш доирасида:

ҳар ойда камида бир маротаба йиғилади;

мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун устувор йўналишларни белгилаб беради ва амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириб боради;

тегишли қарорлар қабул қилади ва уларнинг ижросини вазирлик ҳамда идоралар томонидан сифатли ва тўлиқбажарилишини таъминлайди, шунингдек, уларнинг ойлик ҳисоботларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Президентига амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ойда камида бир маротаба ҳисобот тақдим этади;

б) молия вазири ўринбосари:

халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш борасида мутасадди вазирлик ва идораларнингмувофиқлаштирилган ўзаро ҳамкорлигини, уларга юклатилган вазифаларни самарали ва сифатли бажариш учун услубий ва консультатив ёрдам кўрсатишни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишларида, 
шу жумладан, Раёсат мажлисларида, мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволини танқидий кўриб чиқиш бўйича таклифлар беради;

в) Бошқарма Комиссия ишчи органи бўлиб, мутасадди вазирлик 
ва идораларнинг халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш фаолиятини самарали ташкил этади ва зарур маълумотларни умумлаштиради, бу борада қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

мутасадди вазирлик ва идоралардан зарур бўлган маълумотларни сўраб олади, амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги юзасидан ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлайди ва Комиссияга тақдим қилади;

халқаро рейтинг ва индексларни эълон қилувчи ташкилотлар, рейтинг агентликлари, маҳаллий ҳамда халқаро эксперт, консультант ва мутахассислар билан тўғридан-тўғри ишлайди, шу жумладан, уларни республикага таклиф қилади ва олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами билан яқиндан таништиради, чет элда соҳага оид тадбирларда мутахассислар иштирокини, давра суҳбатлари, халқаро форум ва конференцияларни ташкиллаштириб боради;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Халқаро рейтинглар билан ишлаш ва “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш ишларини мувофиқлаштириш шўъбаси билан устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш учун комплекс чора-тадбирларни белгилаш юзасидан яқиндан ҳамкорлик қилади;

тегишли таклифларни ишлаб чиқади ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Комиссияга киритади;

г) халқаро рейтинг ва индексларнинг маълумот базаларидан фойдаланиш, зарур ахборот материалларини олиш, ушбу рейтинг ва индекслардаги Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича халқаро рейтинг агентликлари ҳамда халқаро эксперт, консультант ва мутахассисларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

3. Мутасадди вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари:

тегишли халқаро рейтинг ва индекслар бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришишда шахсан масъул этиб белгилансин;

икки ҳафта муддатда жорий йилнинг 1 сентябрига қадар амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва Комиссиянинг ишчи органига тақдим этсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 
2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилсин.

5. Вазирлик ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                                                            Ш.МИРЗИЁЕВ


Тошкент шаҳри, 2019 йил 7 март

| 3667 09.03.2019



×
Портал харитаси