Президент Карманадаги янги балиқчилик корхонаси фаолияти билан танишди

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, хусусан балиқчилик тармоқларини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Балиқчилик хўжаликларини янада ривожлантириш, янги инкубация цехларини ташкил этиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, балиқ қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш тизимини такомиллаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим омил бўлмоқда. 

 

Соҳага қаратилаётган эътибор туфайли 2018 йилнинг декабрь ойида Кармана туманида “Export Fish Product” масъулияти чекланган жамияти ўз ишини бошлади. Амалга оширилган лойиҳанинг умумий қиймати 37 миллиард сўм бўлиб, шундан 30 миллиард сўм банк кредити, 7 миллиард сўм корхона маблағидир. Бу ерда усти ёпиқ сув ҳавзалари, 500 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона, шунингдек, аҳолининг ҳордиқ чиқарши, яъни шу ернинг ўзида балиқ тутиб истеъмол қилиши учун умумий овқатланиш шохобчаси ва сайлгоҳ қурилган. Элликта иш ўрни яратилган.

Корхона тўлиқ қувват билан ишлагач, бир йилда 500 тонна балиқ, 100 миллион дона балиқ чавоқлари етиштирилади. Келажакда корхона 800 та аҳоли хонадонида ҳам интенсив усулда балиқ боқишни режалаштирган. Натижада 900 га яқин киши иш билан таъминланади. Корхона тасарруфидаги 2 минг гектарлик кўлда етиштириладиган балиқ кластер усулида қайта ишланиб, ундан балиқ уни, мойи, филеси, консерваси, ярим тайёр ҳолатда балиқ котлети ва дудланган балиқ тайёрланади. 600 тонна тайёр маҳсулот экспорт қилинади. 

Президентимиз Навоий вилоятига ташрифи доирасида мазкур корхона фаолияти билан ҳам танишди.

- Маҳсулот кўп бўлса, рақобат бўлади, рақобат бўлса, сифат ошади, сифати юқори бўлса, экспорт самарали бўлади, - деди давлатимиз раҳбари. - Оддий одамларни бой қилсак, давлат ҳам бой бўлади.

Шу ернинг ўзида вилоятда қишлоқ хўжалигининг турли тармоқлари бўйича агрокластерлар ташкил этиш, яйловлар ҳолатини яхшилаш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Масалан, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида “NAVOIY ISHONCH GILAMLARI” масъулияти чекланган жамияти томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини сунъий ёмғир усулида суғориш технологик ускуналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада сув, ёқилғи, минерал ўғитлар сарфи камаяди. Умумий қиймати 41 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа натижасида 50 кишининг бандлиги таъминланади.

Шунингдек, вилоятда чорвачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Конимех туманида “Конимех техно оазис” МЧЖ томонидан туячилик ва йилқичиликни ривожлантириш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилади. Хориждан 900 бош туя, йилқи, наслли қўй олиб келинади. От мактаби ташкил этилиши ва чавандозлар тайёрланиши кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари балиқ етиштиришга ихтисослашган шундай корхоналарни, чорвачилик хўжаликлари сонини кўпайтириш, ер унумдорлигини ҳамда томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар берди.

| 389 13.03.2019



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг