Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоялаш — долзарб масала

2019 йил 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишни такомиллаштириш масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда  “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ ва Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси вакиллари, соҳа олимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. 

             Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоялаш — долзарб масала

Давра суҳбатида қайд этилганидек, ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан самарали ҳимоя қилмай туриб, улардан сифатли, юқори ҳосил олиб бўлмайди. Мутахассисларнинг фикрича, дейлик, олма қуртига қарши кураш олиб борилмаса, ҳосилнинг 50 ва ҳатто 70 фоизини йўқотиш мумкин. Ўз навбатида, бегона ўтлар ҳам қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ва етиштирилган маҳсулот сифатига салбий таъсир кўрсатувчи асосий омил хисобланади. Бегона ўтлар кенг тарқалган йиллари маданий ўсимликларнинг ҳосилдорлиги ғаллазорларда 10 фоизга, дон дуккаклиларда — 13,4, ғўзада — 7,5, картошкада — 6, сабзавот экинларида эса 10,8 фоизга пасаяди.

Шунингдек, ўсимлик маҳсулотларини экспорт ва импорт қилиш бўйича иқтисодий савдо муносабатларининг, товарларни давлатлараро айрибошлаш жараёнининг кенгайиб бориши хорижий давлатлардан ўсимлик уруғлари, мева-сабзавот, полиз экинлари ва манзарали ўсимликларнинг янги навлари кириб келиши карантин тадбирларини ҳам амалга оширишни янада кучайтиришни тақозо этади.

Тадбир иштирокчиларини таъкидлашича, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш орқали мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ўсимликларни касалликлардан, зараркунанда ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш ўта муҳим вазифадир.

Шу жиҳатдан, “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини тайёрлашда соҳага доир ваколатли органларнинг ваколат ва мажбуриятларини аниқ белгилаш, қонунни тўғридан-тўғри ишлайдиган нормалар билан таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Боиси, хавфли зараркунандалардан республика ҳудудининг ишончли ҳимоясини таъминловчи ички ва ташқи ўсимликлар карантини бўйича давлат тадбирларининг самарали тизимини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг мамлакат ичида тарқалишига йўл қўймаслик борасидаги ишларни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимиз ҳудудларида ҳозирги кунга қадар экспортга чиқариладиган ҳамда карантин зараркунандалари, ўсимликлар касалликлари, бегона ўтлар ташувчиси бўлиши мумкин бўлган чет давлатлардан олиб кириладиган уруғлар, ўсимликлар, ўсимлик маҳсулотлари ва бошқа материалларни карантин текшируви ҳамда экспертизадан ўтказиш бўйича лабораториялар сўнгги икки йилликда қайта тикланиб, ўсимлик клиникалари кўринишида ташкил этилмоқда.

Давра суҳбатида бу борада қилинаётган ишлар билан бир қаторда, ҳали этилиши лозим бўлган масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, депутатлар соҳадаги энг муҳим масалардан яна бири — қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг ҳимояси соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг таъсирчан тизими мавжуд эмаслиги, бунинг натижасида мутахассисларнинг касбий маҳорати, уларнинг ушбу соҳадаги иш кўникмаси оширилиши таъминланмаётганини алоҳида қайд этиб ўтдилар. Шу билан бир қаторда, замонавий лабораториялар ҳам етишмаслиги таъкидланди.

Тадбир якунида “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ана шундай ўта муҳим жиҳатларни инобатга олган ҳолда, бугунги кун талаблари асосида янада такомиллаштириш, замонавий ҳуқуқий механизмларни қонунчиликда акс эттиришга доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

| 4294 19.03.2019



×
Портал харитаси