- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9343
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 8005
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7739
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6878
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6511
Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида фуқароларнинг кафолатланган ҳуқуқларини таъминлаш хусусида алоҳида тўхталиб, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларга танқидий баҳо берган эди. Мавжуд муаммолар ва қилиниши лозим бўлган асосий вазифаларга эътибор қаратилиб, адлия идоралари олдига ҳам жиддий вазифалар қўйилганди.
Орадан кўп ўтмай, уларнинг ижроси бўйича илк қадамлар ташланди. Йиллар давомида тўпланиб қолган камчиликларга чек қўйиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” ги Фармон имзоланди.
Қайд этилган танқид ва тавсиялардан кейин Адлия вазирлиги томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? Муаммолар нимада, унинг ечими қандай бўлиши керак? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Акбар ТОШҚУЛОВ билан суҳбатлашдик.
— Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш учун, аввало, ҳуқуқий маърифатни такомиллаштириш зарур. Чунки замон шиддати жадал, дунё ҳам, ундаги жамиятлар ҳам тез ўзгармоқда. Биз эса кўп йиллар давомида бу ўзгаришлар шиддатини қувиб етолмадик. Албатта, одамларнинг онги, дунёқараши ўзгарди. Аммо ҳуқуқий маданият даражаси, кутилганидек, юксалмади. Бу бир қанча омилларга боғлиқ.
Таҳлиллар ва фуқаролар мурожаатларидан кўринадики, аксарият аҳоли қатлами элементар ҳуқуқий билимга ҳам эга эмас. Кундалик ҳаётда керак бўладиган оддий ҳуқуқий тушунчаларни ҳам билмайди. Ҳуқуқий маданиятимизнинг етарли даражада эмаслиги, айниқса, бирон фавқулодда вазият юзага келганда яққол билиниб қолади. Маркетинг мақсадларида ўтказилаётган турли тадбирларда, йўлларда юзага келган тирбандликларда, навбатда турганда ёхуд биров билан у ёки бу масалаларда аҳдлашувларга риоя қилиш жараёнида ҳуқуқий маданиятимиз ўз “қиёфаси”ни намоён қилиб қўяди.
Ачинарлиси, аҳолида ҳуқуқий онг яхши шаклланмагани натижасида маиший коррупцияни тўлиқ йўқотолмаяпмиз. Коррупция ноқонуний ҳаракат эканини ҳамма билади, аммо оддий фуқародан юқори мансабли амалдорларгача пора олди-бердиси устида ушланаётгани ачинарли ҳолдир. Буларнинг барчаси қонунни билмаслик, қолаверса, билиб туриб ҳам, уни менсимаслик, риоя этмаслик оқибатидир.
— Бундан анча илгари ишлаб чиқилган ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятни ошириш бўйича бир қатор дастур ҳамда чора-тадбирлар ўзини оқламаганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бу ҳақдаги фикрингиз?
— Тўғри, биз узоқ йиллар давомида масаланинг моҳиятини ўрганмадик. Йигирма бир йил олдин қабул қилинган ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятни юксалтириш тўғрисидаги Миллий дастур кутилган натижани бермади. Чунки унда аниқ вазифалар қўйилмаган, мақсадга эришишнинг мониторинг ва баҳолаш тизими мавжуд эмасди. Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш масаласи назарда тутилмаган.
Биз қонун нима учун кераклигини, унга амал қилишдан ўзи ва фарзандлари, келажаги учун қандай фойда борлигини одамларга англатмагунимизча, ҳуқуқий саводсизлик, ҳуқуқий маданиятсизлик ва ҳуқуқий онгсизлик билан курашимиз самара бермайди.
Бунинг учун нима қилиш керак? Биринчи навбатда, ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбияни кампания тарзида ёки номигагина эмас, балки аниқ мақсадни кўзлаб, режали ва самарали тарзда олиб боришни йўлга қўйиш лозим. Бу эса аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича стратегияни тубдан ўзгартиришни талаб қилади.
— Президентимизнинг юқоридаги Фармони мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Ҳужжат ўз вақтида қабул қилингани билан жуда муҳим. Унда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича асосий вазифалар белгилаб берилди. Олдимизда фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш — демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!”, “Юксак ҳуқуқий маданият — мамлакат тараққиёти кафолати” деган ҳаётий ғояларни тарғиб қилиш масаласи турибди.
Фармонда ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан ўргатиш масаласи кўтарилди. Бу жуда тўғри йўналиш. Нега деганда, ҳуқуқий тарбия, аввало, оилада, сўнг боғча, мактаб ва таълим муассасаларида хўжакўрсинга эмас, тизимли олиб борилиши шарт. Бусиз натижа ҳам бўлмайди. Лекин тарбия фақат билим бериш билан чекланмайди. Тарбия шу билимларни амалда қўллаш, улардан фойдаланишни ҳам ўргатиши лозим.
Очиғи, бизда узоқ йиллар Конституция кунига шеър ёдлатиш, унинг неча бобу қанча банддан иборатлигини билдириб қўйиш каби юзаки “тарбия” жараёни кечди. Натижада биз ҳуқуқий билимларни назарий жиҳатдан у ёки бу даражада биладиган, аммо функционал жиҳатдан уларни қўлламайдиган авлодни тарбияладик.
Энди вазият тубдан ўзгаради. Фармонга мувофиқ, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс — оила — маҳалла — таълим муассасаси — ташкилот — жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилади. Қолаверса, Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси ва уни 2019 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланди. Чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, умуман, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди. Бу бизга катта масъулият юклайди.
— Келгусидаги режалар ва устувор йўналишлар, шунингдек, хориж тажрибаларини татбиқ этиш ҳақида нималар дея оласиз?
— Бугун аҳолининг турли қатламлари, шу жумладан, тадбиркорлар ва ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжлари юқори. Шуни ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш режалаштирилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳамда қўшимча ҳуқуқий ахборотларни етказиш тизимини ўз ичига оладиган Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳуқуқий интернет портали яратилади.
Болалар учун махсус ҳуқуқий сайт очиш устида ҳам ишлаяпмиз. Унда боғча ва мактаб ёшидаги болаларга одоб-ахлоқ қоидалари, ҳуқуқ бўйича бошланғич билимлар, Конституцияни ўргатишга оид илк тушунчалар эртак қаҳрамонлари ёрдамида тушунтирилади. Сайтга ҳуқуқни тарғиб қилувчи турли хил ўйинлар, машғулотлар жойлаштириб борилади.
Хориж тажрибаси ҳақида гапирадиган бўлсак, биламизки, Буюк Британияда аҳолига бепул маслаҳат берадиган махсус порталлар фаолият юритади. Уларда ҳуқуқий маълумотлар маълум классификатор асосида содда тилда бериб борилади. Бунинг самараси катта. Худди шундай бизда ҳам Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизими яратилади. Унинг тақдимотини шу йилнинг 25 — 27 апрель кунлари Тошкентда илк бор ўтказиладиган “Tashkent Law Spring” халқаро юридик форумида ўтказиш режалаштирилган.
Кўплаб ривожланган давлатларда “Street law” деган тушунча бор. Бу кўчада ҳуқуқий тарғибот ёки оддий ҳуқуқ, деган маънони билдиради. Бунда махсус тайёргарликдан ўтган кўнгиллилар томонидан жамоат жойларида одамларга турли ҳаётий вазиятларнинг ҳуқуқий ечими кўрсатиб берилади. Шу орқали уларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга эришилади. Юртимизда ҳам шу усулни қўллаш вақти келди, назаримизда.
Яна бир янгилик: муаммоли масалалар, хусусан, миграция, моддий ёрдам, ер олиш, уй-жой олиш, коммунал соҳа, алимент, ишга жойлашиш, таълим олиш ва бошқалар бўйича ҳуқуқий ахборотни “step by step” (қадамма-қадам) усулида буклет, флаер, лифлет ва плакатлар шаклида аҳолига етказиш кўзда тутилмоқда. Тарғиботнинг бундай усуллари беҳуда кетмаслиги тайин.
Қисқаси, ҳуқуқий тарғиботнинг таъсирчан методларини татбиқ этишга оид вазифаларимиз кўп. Ҳамма гап, уларни ўзаро ҳамкорликда ва сифатли амалга оширишда. Мазкур жараёнларда нафақат Адлия вазирлиги, балки ҳар бир идора ва давлат хизматчиси, барча фуқаро “ҳуқуқий тарғиботчи” вазифасини бажарса, марра бизники!
Раҳим ШЕРҚУЛОВ (“Халқ сўзи”) ёзиб олди.