- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9256
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7918
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7638
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6766
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6427
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 29 март куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари вилоятга аввалги ташрифи чоғида барча соҳаларни ривожлантириш бўйича кенг кўламли вазифаларни белгилаб берган эди. Ушбу топшириқлар ижроси юзасидан улкан ишлар амалга оширилди. Янги уй-жойлар, саноат корхоналари, ижтимоий объектлар бунёд этилди. Маҳаллийлаштириш даражаси ва экспорт ҳажми ошди. Транспорт ва сервис инфратузилмаси ривожланиб, сайёҳлар оқими кўпайди. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаган имкониятлар ишга солинди.
Президентимиз вилоятга бу галги ташрифини Абдухолиқ Ғиждувоний ёдгорлик мажмуасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошлади.
Абдухолиқ Ғиждувоний 1103 йили Ғиждувон шаҳрида таваллуд топган. Аллома ислом оламида машҳур тасаввуф намояндаси Юсуф Ҳамадонийдан таълим олган. Бухоро заминидан етишиб чиққан “Етти пир”нинг биринчиси ҳисобланган аллома мангу ором топган маскан бугунги кунда табаррук зиёратгоҳга айлантирилган.
Давлатимиз раҳбари ўтган йили 16 февраль куни вилоятга ташрифи чоғида Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Ориф Ревгарий, Али Ромитаний, Бобойи Самосий, Маҳмуд Фағнавий, Саййид Амир Кулол меъморий мажмуаларини ўз ичига олган “Етти пир” зиёратгоҳини замон талаблари даражасида реконструкция қилиш ва уларни боғловчи янги сайёҳлик йўналиши ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Шунга мувофиқ, “Етти пир” зиёратгоҳларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуасида янги масжид ва ёзги айвон, хазира ёдгорлиги ва зиёратгоҳ қошида меҳмонхона қурилмоқда, мажмуа атрофи ободонлаштирилмоқда.
Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараси зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Президентимиз мақбарада амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирди. Бу ерга имом-хатибларни жалб этиб, уларга алломаларимиз маънавий меросини чуқур ўргатиш, халқимизга етказиш бўйича топшириқлар берди.
Китобда ўқиш бошқа, зиёрат қилиб, юракдан ўтказиб ўрганиш бошқа. Бу жой маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм олиб кетиши керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда “Етти пир” зиёратгоҳларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди. Мазкур мақбаралардаги бунёдкорлик ишлари улуғ алломаларимиз меросини жаҳонга кенг тарғиб этиш ва бу ерга келувчилар учун барча қулайлик яратиш мақсадида ягона концепция асосида олиб борилмоқда. Барча зиёратгоҳлар атрофи ўралиб, таҳоратхона, масжид, музей, меҳмонхона, чойхона, автомобиллар тўхташ жойлари, эсдалик буюмлар ва китоб савдо расталари барпо этилмоқда, ҳудуди тўлиқ ободонлаштирилмоқда.
Энг муҳими, Президентимиз ғояси асосида “Етти пир” мажмуаларини зиёрат қилиш битта йўналишдан бошланади. Яъни вилоятга ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспортида келган сайёҳлар зиёратни Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ёдгорлик мажмуасидан бошлайди.
Давлатимиз раҳбари бу масканларни обод қилиш билан бирга, «Етти пир» ҳақида китоб яратиш, уларнинг илмий меросини тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади.
Бундай маънавий хазина бошқа ҳеч қаерда йўқ. Бу хазинани мукаммал ўрганиш, одамларга, ёшларга осон тилда етказиш керак. Мақсадимиз ёшларимиз ўзимизнинг алломаларга эргашсин, меросини билсин, улар билан фахрлансин, деди Президентимиз.
Мамлакатимизда маърифий исломни ривожлантириш, буюк алломалар мақбараларини обод қилишга қаратилаётган эътибор халқаро миқёсда тан олинмоқда. Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ISESCO томонидан Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинди.
Президентимиз бу санага юксак даражада тайёргарлик кўриш, унинг доирасидаги тадбирларни Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги билан ҳамоҳанг нишонлаш, халқаро илмий конференция ўтказиш бўйича кўрсатмалар берди.
Президентимиз 2017 йили Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Ғиждувон туманидаги собиқ ип-йигирув фабрикасининг бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан унумли фойдаланиш, Ғиждувон эркин иқтисодий зонасини ушбу ҳудудда жойлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди.
“Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамияти томонидан собиқ фабриканинг 9 гектардан зиёд майдонида қисқа муддатда йирик лойиҳа – ип-йигирув корхонаси ташкил этилди.
Умумий қиймати 27 миллион АҚШ доллари бўлган фабрика учун Ипотека банк филиалидан ажратилган кредит эвазига Германия, Туркия, Швейцария, Япония ва Ҳиндистондан замонавий ускуналар харид қилинди. Масъулияти чекланган жамият ўз маблағи ҳисобидан бино ва иншоотларни қайта қуриб, реконструкция қилди.
Давлатимиз раҳбари мазкур ип-йигирув ва тўқув корхонасини бориб кўрди.
Жорий йил январда ишга туширилган корхона йилига 9400 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш, 5 миллион долларлик экспорт қилиш қувватига эга. Халқаро андозаларга мос сифатли маҳсулот ички бозорга ва хорижий буюртмачиларга етказиб берилмоқда. Қарийб 33 миллиард сўмлик ип-калава сотилиб, 1,1 миллион долларлик маҳсулот Россия, Туркия, Польша ва Молдовага экспорт қилинди. Айни пайтда корхона Туркияда савдо уйи ташкил этиб, маҳсулот экспорти бўйича хорижий шериклар билан музокаралар олиб бормоқда.
Бу лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, иккинчи босқичда ишлаб чиқариш қуввати янада кенгайтирилиши, экспорт йилига 51 миллион долларга, иш ўринлари 1 минг 250 тага етказилиши режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев корхонада ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Яқинда АҚШ Ўзбекистон пахтасини сотиб олишга тақиқни бекор қилганини, бу мамлакатимиз пахта етиштирувчиларининг Америка бозорига тўлақонли киришига, хорижий нуфузли компаниялар билан бизнес алоқаларни кенгайтиришига йўл очиб берганини таъкидлади.
Эндиги навбат – пахтамизни чуқур қайта ишлаб, қўшимча қийматли маҳсулотлар экспортини янада ошириш чораларини кўришимиз зарур, деди Президентимиз.
Шу ерда Бухоро вилоятининг саноат салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Вилоятда 2019-2020 йилларда саноат соҳасида амалга ошириладиган йирик лойиҳалар, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши паст туманлар салоҳиятини ошириш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж, қурилиш материаллари, тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юртимизнинг Хитой, Индонезия ва Исроилдаги элчихоналари билан инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Уларга мувофиқ, вилоятда пахта, мева-сабзавот, тери, жун ва кимё маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш, саноат салоҳиятини 3 баробар ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринларини кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди.
Вобкент туманида 136 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Туманда ўтган йили бир қатор кичик бизнес субъектлари иш бошлади. “Ekvatorial chodak group” корхонаси – шулардан бири.
Корхонани ташкил этишда Миллий банкнинг 3 миллион доллар кредити ҳамда лойиҳа ташаббускорларининг 2 миллион доллар маблағи сарфланди.
Корхонага Япония, Италия, Туркия ва Хитойдан турли операцияларни бажара оладиган ва ишни конвейер асосида ташкил этиш имконини берадиган 500 дан зиёд замонавий тикув машинаси ҳамда дастгоҳлар келтирилиб ўрнатилган. Йилига 1 миллион 500 минг донагача жинси шим ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Айни кунда корхонада 500 нафарга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Ишчиларнинг самарали меҳнат қилиши учун барча шароит яратилган. Ошхона фаолияти ва олисдан қатнаб ишловчилар учун транспорт хизмати йўлга қўйилган.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар таннархи кўп омилларга, жумладан, барча технологик жараён корхонанинг ўзида бажарилишига ҳам боғлиқ. Корхонада кийим-кечакни бўяш ва қайта ишлов бериш цехи ташкил этилган. Қолаверса, цехда вилоятдаги турдош корхоналарга шартнома асосида уларнинг маҳсулотларини бўяш ҳамда хизмат кўрсатиш ҳисобига қўшимча фойда олинади. Яқинда иш бошлаган пойабзал цехи Италиянинг замонавий ускуналари билан жиҳозланган. Йилига бозорга 600 минг жуфт маҳсулот етказиб беради. Лойиҳа қуввати тўла ўзлаштирилгач, ишчи-мутахассислар сони қарийб мингтага етади.
Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёнини, маҳсулотлар сифатини кўздан кечирди, ишчилар билан мулоқот қилди. Иқтисодий соҳадаги барча чора-тадбирлардан мақсад халқимизни рози қилиш, аҳолини иш билан таъминлаш эканини таъкидлади.
Шу ерда келгусида корхона фаолиятини янада кенгайтириш, шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Президентимиз Бухоро туманидаги “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 10 июлдаги қарорига мувофиқ вилоятнинг бешта туманида «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган. Уларда гидропоник иссиқхоналар барпо этиш орқали экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш мўлжалланган.
Эркин иқтисодий зона учун 3 минг гектар ер ажратилган. Жорий йилда 598 гектар ерда 98 та лойиҳа амалга оширилади. Улар доирасида энергия тежамкор иссиқхоналар ташкил этилиб, маҳсулотларни сақлаш ва қадоқлаш учун экологик тоза қутилар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, 4 минг 300 дан ортиқ иш ўрни яратилади. Қўшни давлатларга 64 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади.
Шу ернинг ўзида “Agro Trade” мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш, “Бухоро Варнет” хорижий корхонаси, “Banoaz Textil”, “Rus Trade” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан иссиқхона барпо этиш лойиҳалари тақдимотлари ҳам ўтказилди. Хусусан, “Бухоро Варнет” хорижий корхонаси томонидан 115 гектар майдонда замонавий иссиқхона қуриш режалаштирилган. Бир гектар ерда 300 тоннадан 560 тоннагача помидор етиштирилади, 2 мингга яқин иш ўрни яратилади. Жорий йилда 30 гектарлик иссиқхоналар қуриш кўзда тутилган. Бу борадаги ишлар бошлаб юборилган. Туркиядан ускуналар келтирилмоқда. Корхона 2019-2021 йилларда босқичма-босқич ишга туширилади.
Тадбиркорлар – Ўзбекистоннинг таянчи. Ҳаракат қилган барака топади. Тадбиркорлик ривожланса, кўплаб одам ишли бўлади, даромад олади, деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятида ўзлаштирилмаган ерлар кўплиги, хориж тажрибаси ва технологияси асосида улардан фойдаланиб, бозорбоп маҳсулотлар етиштиришни йўлга қўйиш кераклигини таъкидлади. Мутасаддилар ва хорижлик инвесторлар билан суҳбатлашиб, зарур кўрсатма ва тавсиялар берди.
Шавкат Мирзиёев Ромитан туманидаги “BCT Cluster” хорижий корхонаси фаолияти билан танишди.
Қишлоқ хўжалигида кластер тизимини ривожлантириш борасидаги ишлар доирасида мазкур корхона учун 8 минг гектар ер ажратилган эди. 3 мингдан зиёд киши иш билан таъминланиб, пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш йўлга қўйилди. Биргина 2018 йилда 20 минг тоннадан зиёд хомашё етиштирилиб, уни қайта ишлаш натижасида 61,5 миллион долларлик даромад олинди.
Эътиборлиси, корхонага дастлаб қарийб 75 миллион доллар инвестиция йўналтирилган эди. Яъни сарфланган маблағ бир йилдаёқ ўзини деярли оқлади.
Яна бир жиҳати: шунча пахта тола сифатида сотилганда 11,5 миллион доллар бўларди. Қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида сотилганда 50 миллион ёки 6 баробар кўп қўшимча қиймат яратилган.
Мана, кластер қандай бўлиши керак. Тадбиркорда манфаатдорлик туйғуси, янгича дунёқараш бўлса, албатта, натижага эришади. Иқтисодиёт ишласа, ижтимоий соҳаларниям «тортади». Кластер элга манфаат келтиради, одамларни иш билан, даромад билан таъминлайди. Энг катта мақсадимиз ҳам шу, деди Шавкат Мирзиёев.
Умуман, кластер пахта хомашёси етиштириш, уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотларгача бўлган 8 та лойиҳани ўз ичига олади. Ип-калава ва мато ишлаб чиқариш, уларни бўяш, тайёр кийим тикиш фабрикалари қурилиши давом этмоқда. Шунингдек, ёғ-мой заводи, чорвачилик комплекси ва озуқа ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш режалаштирилган.
Шу ерда Бухоро вилоятида пиллачилик, қоракўлчилик, балиқчилик ва томорқачиликни ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, замонавий узумчилик, лимончилик кластерлари ташкил этиш, суғориш тармоқларини реконструкция қилиш, фермер хўжаликларини ёқилғи ва минерал ўғитлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштиришга оид ишлар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, Қоровулбозор туманида аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишнинг намунали тизимини яратиш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. “Қоровулбозор томорқа хизмати” МЧЖ томонидан лойиҳа доирасида 3 мингдан ортиқ хонадонда мевали боғ ташкил этиш, ихчам иссиқхоналар қуриш кўзда тутилган. Бундан ташқари, 2 минг 500 дан ортиқ хонадонга қуён, парранда, наслли қорамол етказиб берилади.
Давлатимиз раҳбари томорқадан самарали фойдаланишга оид режаларга алоҳида эътибор қаратиб, аҳолига амалий кўмак бериш зарурлигини, бу озиқ-овқат маҳсулотлари мўл-кўллиги ва арзонлиги, бозорларда нарх-наво барқарор бўлишида муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Матназар Элмуродов, Зиёдулла Жонибеков, Умар Асроров, ЎзА махсус мухбирлари