“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 8 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича Комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

                “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси муҳокама қилинди

 

Қонунчилик палатаси Спикери бошчилигида ўтказилган тадбирда комиссия аъзолари, депутатлар, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Администрацияси, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, шунингдек Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича тузилган экспертлик гуруҳлари аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўтган йилнинг 8 август куни Давлатимиз раҳбарининг Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепцияси мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу бежиз эмас, чунки мамлакатимизда сўнгги икки ярим йилда олиб борилаётган туб ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш маълум даражада қонунчилик базасига, аввало, норма ижодкорлиги жараёнининг сифатига бевосита боғлиқдир.

Норма ижодкорлиги – мураккаб жараён. Ҳар жиҳатдан пишиқ, пухта тайёрланган қонун ҳужжатларида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор аҳамият касб этса, унинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳам самарали бўлади. Аксинча, амалга оширишнинг аниқ механизмига эга бўлмаган, бирор-бир масалани аниқ ҳал этмайдиган, баъзан ўзаро зид қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши амалда кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган маърузасида миллий қонунчилигимизда яхлит қонунларга нисбатан, қонуности ҳужжатларнинг ҳаддан зиёд кўплигини таъкидлаган эдилар. Йиғилишда бу борада Комиссия томонидан шу вақтгача бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди ва келгусида Комиссия олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилиш давомида Концепция доирасида тайёрланган ҳужжатлар, хусусан Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини, шунингдек, уларга илова қилинаётган ахборот-таҳлилий маълумотларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти ҳамда Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларда тизимлаштириш ва унификация қилиниши лозим бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бўйича “Йўл харитаси” Олий Мажлис палаталари томонидан қабул қилинганлиги қайд этилди.

Таъкидланганидек, мазкур “Йўл харитаси” асосида бугунги кунда 60 га яқин тўғридан тўғри амал қилиш механизмига эга бўлган қонунларни қабул қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Қайд этиш жоизки, норма ижодкорлиги нафақат парламентнинг, балки бошқа давлат органларининг ҳам муҳим фаолият йўналишларидан ҳисобланади.

Йиғилишда галдаги асосий вазифа сифатида барча вазирлик ва идораларга мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, уларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашдаги янгиликлар ҳақида бохабар қилиш, бунинг учун уларга доимий равишда туркум семинарлар ташкил этиш лозимлиги белгиланди.

Йиғилишда асосий масала – Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепциясининг “юраги” ҳисобланган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси муҳокама қилинди.

Адлия вазирлиги ва Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан ишлаб чиқилган ушбу лойиҳада норма ижодкорлиги соҳасидаги энг илғор ютуқлар, халқаро ва хорижий тажрибанинг замонавий тенденциялари акс этган.

Хусусан, Лойиҳада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳар бир тури бўйича аниқ асос ва предмети белгиланмоқда, уларни қабул қилишдан аввал жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш, коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш ва фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига таъсирини баҳолаш, шунингдек, қонун лойиҳаларини учинчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида қонунни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ҳам атрофлича муҳокама қилиш ҳамда Сенатга тақдим этиш тартиби назарда тутилмоқда.

Лойиҳа юзасидан Комиссия аъзолари ўзларининг фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдириб ўтишди. Лойиҳа Комиссия томонидан маъқулланди.

Муҳокамалар якунига кўра, Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича комиссия фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди. Комиссиянинг галдаги муҳим вазифаларини белгилаб берувчи тегишли қарорлар қабул қилинди.

| 4135 08.04.2019



×
Портал харитаси