Имтиёз ва имкониятдан фойдаланиш муддати камаймоқда

Фармон ва ижро Кадастр идоралари, давлат хизматлари марказлари, банкларнинг кирим кассалари олди шу кунларда жуда гавжум. Навбатдагиларнинг кўпчилиги уй-жойни расмийлаштириш мақсадида ҳужжатларни топшириш, олиш, давлат хизматлари учун йиғимларни тўлашга келганлар.

        Имтиёз ва имкониятдан фойдаланиш муддати камаймоқда

Мамлакатимизда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишда кейинги йилларда давлатимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар орасида Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги “Фу¬қа-роларни ижтимоий қўллаб-қув¬ватлаш бў¬йича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамиятга эга ҳужжатлардан бири бўлди. Боиси, яшаб турган жойларига кадастр ҳужжатларини ололмасдан доимий рўйхатга қўя олмай юрган минглаб одамлар бор эди.

Фармонда агар ўзбошимчалик билан қурилган иморат турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёки фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса, унга эгалик ҳуқуқи эътироф этилиши белгиланган. Шунингдек, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда мулкдорга у қурган ер участкасига қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиб, ортиқча қисми Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган жарима солинмасдан захирага олиниши кўрсатилган.

Ушбу фармон нафақат фуқароларимизга, балки туман, шаҳар ҳокимликлари ва бошқа давлат органларига ҳам мулк ҳуқуқини расмийлаштириш борасида енгиллик яратди. Акция тугагунга қадар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан судларга даъво аризалари киритилиши ҳамда кўриб чиқилаётган суд жараёнлари, шунингдек, ижро қилинмаган суд қарорлари бўйича ҳам бир қанча енгилликлар кўзда тутилган.

Бир вақтлар яхши ният билан, бироқ тегишли ҳужжатларсиз қурилган жойларга 2018 йилнинг 20 апрелидан 2019 йилнинг 1 майигача мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик акция амалга оширилиши инсонпарварликка, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу иш бўлди.

Ушбу фармон асосида фуқаролардан аризалар қабул қилиш бошланганига бир йил бўлаяпти. Жуда кўп одамлар бу имкониятдан фойдаланиб, қонуний мулкка эга бўлди. Бироқ бу эзгу ишни амалга оширишда ҳам айрим одамларнинг, амалдорларнинг бепарволиги, лоқайдлиги туфайли сусткашликка йўл қўйилди. Натижада ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга мулк эгалигини расмийлаштириш бўйича белгиланган муддат тугашига саноқли кунлар қолганда бу имкониятдан фойдалана олмай қоладиганлар ҳам анчагина эканлиги маълум бўлмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси маълумотларига кўра, 24 мингдан зиёд ноқонуний қурилган уй-жойлар мавжуд. Ҳозир давлат хизматлари марказларига мурожаат қилганлардан 11 мингдан кўпроғи ижобий ҳал этилди. Шу жумладан, 4 мингтасига кадастр ҳужжатлари, яъни мулкка эгалик гувоҳномаси берилди. Аризаларнинг 13 мингтаси кўриб чиқилаётир.

Акция давомида расмийлаштириб берилган мулк сони жами қаноатлантирилиши лозим деб топилганларининг ярмидан ҳам кам. Бу вазиятда кечиктирилган ишларни қолган бир ҳафта давомида бажариб бўладими, деган савол туғилиши табиий.

– Бу сусткашликка кўпроқ одамларнинг ўз мулки тақдирига бефарқ ва лоқайд қараётгани, маҳаллий ҳокимликлар, фуқаролар йиғинлари томонидан аҳоли ўртасида тарғибот-тушунтириш ишлари етарли олиб борилмагани сабаб бўлди, – дейди Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Бобур Умурзақов. – Айрим ҳолларда туман комиссиялари аризаларни ўрганиб чиқишни, шаҳар, туман ҳокимлари қарор қабул қилишни ҳам кечиктириб юборишлари ишни орқага сурди. Натижада ишнинг катта қисми йил охирига тўпланиб қолди. Лекин, қандай бўлишидан қатъий назар, ҳеч кимнинг аризаси натижасиз қолмаслиги керак. Барча мурожаатларни тўлиқ ҳал этиш учун шаҳар, туман филиалларимиз жамоалари тиғиз иш жадвали асосида ишлаётир.

Ноқонуний қурилишларнинг катта қисми аҳоли қадимдан яшаб келган туманлар ҳудудига тўғри келади. Айни пайтда ҳал этилмаган муаммолар ҳам айнан шу ҳудудларда кўпроқ. Масалан, Ш.Рашидов тумани бўйича 4122 аризадан 392 таси ижобий ҳал этилиши лозим деб топилиб, улардан атиги 120 та ноқонуний қурилган турар жойга кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган. 749 та ариза бўйича иш давлат йиғими тўланмагани учун тўхтаб турибди. 174 таси йиғим тўловлари тўланган бўлса-да, туман ҳокимининг қарори қабул қилинмагани сабабли кечикмоқда.

Худди шундай сусткашликни бошқа ҳудудларда ҳам кўриш мумкин. Арнасой туманида ижобий ҳал этиш учун қабул қилинган 225 та аризадан 40 тасига, Бахмал туманида 4 минг 463 тадан 128 тасига, Фориш туманида 1 минг 261 тадан 191 тасига, Ғаллаорол туманида 1 минг 240 тадан 409 тасига ва Жиззах шаҳрида 895 тадан 200 тасига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган, холос. Агар бу муҳим ишга муносабат шу йўсинда давом этса, давлатимиз томонидан яратиб берилган имкониятдан анчагина киши фойдалана олмай қолиши эҳтимоли йўқ эмас.

 

Т.Бекназаров, ЎзА

| 423 22.04.2019



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг