Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларида телекоммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларида телекоммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Мамлакатимизда телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш ва кенгайтириш бўйича кўрилаётган комплекс ташкилий-техник чоралар телекоммуникация хизматларининг сифатини яхшилаш ва турларини ошириш, шу жумладан, мобил алоқа қамровини кенгайтиришга имкон бермоқда.

Шу билан бирга, олис ва қишлоқ аҳоли пунктларида, туристик ва рекреацион ҳудудларда, магистрал автомобиль ва темир йўллари бўйида телекоммуникация инфратузилмасини, шунингдек, Интернет тармоғига симсиз кенг полосали уланиш тармоқларини ривожлантириш суръатлари етарли эмас.

Телекоммуникация тармоқларини жадал ривожлантиришга салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш, электрон давлат хизматларининг оммабоплигини таъминлаш, шунингдек, ҳудудларда рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши учун зарур инфратузилмани яратиш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки:

телекоммуникация тармоқлари, қурилмалари, воситалари ва объектлари, операторлар ва провайдерларнинг мобил алоқа базавий станциялари, шу жумладан, ижарага берувчиларнинг ҳудудларида ижара асосида ўрнатилган станциялар (кейинги ўринларда – телекоммуникация объектлари) мулкчилик шаклидан қатъи назар, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектлари ҳисобланади;

муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектлари, шу жумладан, кабель канализацияси, паст токли кабель шахталари, телекоммуникация қурилмаларини ўрнатиш учун майдонлар ва инфратузилмалар билан таъминланмаган жамоат, саноат, турар жой, маъмурий бинолар ва иншоотларни қуриш ҳамда фойдаланишга қабул қилишга йўл қўйилмайди, лойиҳа-смета ҳужжатлари 2019 йил 1 июлгача тасдиқланган бинолар ва иншоотлар бундан мустасно;

телекоммуникация объектларини кўчириш, қайта ўрнатиш, шунингдек, уларнинг фаолиятига учинчи шахслар томонидан ҳар қандай аралашиш юзага келган муаммоларни ҳал этишнинг бошқа имкониятлари мавжуд бўлмаган ҳоллардагина ҳамдафақат мазкур объектларнинг эгаси билан келишилган ҳолдаамалга оширилади. Бунда телекоммуникация операторлари ва провайдерларининг телекоммуникация объектларини кўчириш ёки қайта ўрнатиш, уларни созлаш ишларини амалга ошириш бўйича харажатлари мазкур ўзгаришларнинг ташаббускори томонидан тўлиқ ҳажмда қопланади;

бинода яшовчилардан телекоммуникация хизматларини тақдим этишга ариза мавжуд бўлганда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари телекоммуникация операторлари ва провайдерларига бино ичида телекоммуникация тармоқларини паст токли кабель шахталари, телекоммуникация қурилмаларини ўрнатиш учун майдонлар ва инфратузилмадан беғараз асосда фойдаланган ҳолда ўтказишни рад этишга ёки тўсқинлик қилишга ҳақли эмаслар, мобил алоқа база станцияларини ўрнатиш бундан мустасно.

2. 2019 йил 1 августдан шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:

а) давлат-хусусий шериклик шартларида олис ва қишлоқ аҳоли пунктларида жойлашган бюджет ташкилотлари учун телекоммуникация инфратузилмасини яратишни таъминлаган телекоммуникация операторлари ва провайдерларига, мобил алоқа операторларидан ташқари, 10 йил давомида қуйидагилар кафолатланади:

уларнинг хизматларидан олис ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналари фойдаланиши;

“Ўзбектелеком” АК томонидан Интернет тармоғига кириш хизматини уланиш жойидан қатъи назар ягона тариф бўйича тақдим этилиши;

олис ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналари томонидан мазкур ташкилотларга, шунингдек, ушбу ҳудуддаги аҳоли ва бошқа юридик шахсларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган телекоммуникация воситаларини ўрнатиш учун майдонлар ва инфратузилмаларни беғараз асосда тақдим этиш;

б) телекоммуникация операторлари ва провайдерларининг фойда солиғи ҳамда ягона солиқ тўловини ҳисоблашда солиқ солинадиган база олис ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналари учун муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини яратишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги олис ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотларига, улар телекоммуникация тармоқларига уланганидан сўнг, уларнинг буюртмалари бўйича телекоммуникация хизматларидан фойдаланишлари учун зарур маблағларни ажратсин.

3. Белгилансинки:

Wi-Fi технологияси бўйича симсиз маълумотлар узатиш учун сигнал қувватидан қатъи назар 2400-2483,5 МГц ва 5000-5999МГц радиочастота полосаларида эксплуатацион йиғим ва радиочастота спектридан фойдаланганлик учун тўлов ундирилмайди;

давлат кўчмас мулкидан телекоммуникация объектларини ўрнатиш учун фойдаланганлик ижара тўловининг энг кам ставкалари, оширувчи коэффициентларни қўлламаган ҳолда, “симли электр алоқаси”дан фойдаланиш мақсади бўйича ставкага тенг миқдорда қўлланилади.

4. Телекоммуникация операторлари ва провайдерларига 2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат субдоменида (gov.uz) жойлаштирилган ахборот ресурсларига киришда ишлатиладиган трафик учун ҳақ олмаслик тавсия этилсин.

5. Телекоммуникация операторлари ва провайдерларига 2022 йил 1 январга қадар телекоммуникация объектларини қуриш-монтаж ишларини, радиоэлектрон воситаларни ўрнатиш майдончаларини (жойларини) ўрнатилган тартибда келишгандан сўнг, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан параллел равишда амалга оширишга истисно тариқасида рухсат этилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда жамоат, маъмурий, турар жой ва саноат мақсадларидаги бинолар ва иншоотларни лойиҳалашга топшириқларни ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва келишиш босқичларида мажбурий тартибда қуйидаги талабларни кўзда тутсинлар:

биноларда телекоммуникация объектларини ўрнатиш учун тегишли майдонлар ва инфратузилмаларни, уларга электр таъминотини келтирган ҳолда, ажратилишини;

бинолар ичида телефония, маълумотлар узатиш ва Интернет тармоқлари, кабель телевидение ва эфир телевидениясини жамоавий қабул қилиш тизимлари, шунингдек, “хавфсиз уй” ва қўриқлаш сигнализацияси кабелларини ўтказиш учун паст токли кабель шахталари мавжудлигини;

турар жой, жамоат, маъмурий ва саноат ҳудудларида телекоммуникация линияларини ётқизиш ва телекоммуникация объектларини (телекоммуникация шкафлари, антенна миноралари, мачталари ва бошқалар) ўрнатиш учун тегишли ер участкалари ажратилишини.

7. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги:

телекоммуникация операторлари ва провайдерларига телекоммуникация объектларини ўрнатишга ҳар тарафлама кўмак берсин, шунингдек, заруратга кўра, уларнинг темир йўллар бўйидаги электр тармоқларига уланишини таъминласин;

йўл-транспорт инфратузилмасини қуриш ва капитал таъмирлашда бир вақтда темир йўллари бўйлаб, шунингдек, заруратга кўра, автомобиль йўллари бўйлаб келгусида телекоммуникация операторлари ва провайдерларига ижарага бериш учун телекоммуникация канализациясини қуришни кўзда тутсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда телекоммуникация инфратузилмасини яратиш ҳамда олис ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотларга, шунингдек, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

икки ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоят марказларида тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, телекоммуникация операторлари ва провайдерларининг сервер ҳамда телекоммуникация қурилмаларини замонавий майдончаларда жойлаштириш бўйича хизматлар мажмуасини тақдим этувчи хостинг ва трафик алмашуви марказларини ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида кенг полосали уланиш ва мобил Интернет қамрови зоналари тўғрисида ҳудудлар кесимидаги маълумотларни чоп этиб борсин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари телекоммуникация операторлари ва провайдерларининг мурожаатлари асосида олис ва қишлоқ аҳоли пунктларида, туристик ва рекреацион зоналарда, магистрал автомобиль ва темир йўллари бўйларида доимий фойдаланиш (ёки узоқ муддатли ижара) ҳуқуқида телекоммуникация тармоқларини, шу жумладан, оптик-толали алоқа линияларини, антенна минора ва мачталарини ҳамда телекоммуникация объектларини ўрнатиш хоналарини қуриш учун ер участкаларининг ўз вақтида ажратилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда илғор халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда мобил алоқа ва симсиз уланиш қурилмаларидан турли частоталардаги электромагнит нурланиши таъсири хавфсизлигининг санитария қоидалари ва меъёрларини қайта кўриб чиқсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги “Ўзбекэнерго” АЖ билан биргаликда олис ва қишлоқ аҳоли пунктларида, туристик ва рекреацион зоналарда, магистрал автомобиль ва темир йўллар бўйларида қуйидагиларни ўз вақтида таъминлаб борсин:

телекоммуникация операторлари ва провайдерлари мурожаатлари бўйича телекоммуникация объектларини электр тармоқларига улаш;

вилоятлар ва туманлар марказларидаги мобил алоқа тармоқлари базавий станцияларини ҳамда телекоммуникация операторлари ва провайдерларининг марказий боғламаларини, телерадиоэшиттириш объектларини электр тармоқларидан ўчирилмайдиган тоифали объектлар қаторига киритиш;

электр тармоқлари таянч устунларига телекоммуникация тармоқларини беғараз асосда ўрнатишга (осишга) рухсат бериш.


12. 2022 йил 1 январга қадар юридик шахслар томонидан олиб кириладиган телекоммуникация воситалари иловага мувофиқ божхона тўловларини тўлашдан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги туристик объектларда босқичма-босқич, шу жумладан, 2019 йилда давлат-хусусий шериклик шартларида Интернет тармоғидан симсиз фойдаланиш бўйича оммавий нуқталарни ташкил этсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилишга техник топшириқларни комплекс экспертизадан ўтказиш ва тегишли хулоса беришни улар киритилган санасидан бошлаб икки ҳафта муддатда таъминласин.


15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда телекоммуникация объектларини олиб кириш, лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга қабул қилишда рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш ва қисқартириш;

қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш

ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси

Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                           Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2019 йил 22 май

| 3789 22.05.2019



×
Портал харитаси