- Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида 9246
- 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади 7904
- Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 7628
- Салом, қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ 6755
- Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди 6418
2019 йил 23 май куни Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг чиқиндиларни сақлаш, кўмиб ташлаш ва утилизация қилишга доир талабларига оид қисмининг Сурхондарё ҳамда Фарғона вилоятларида ижро этилиши юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Қўмита аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, республикада чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ҳолатни яхшилаш бўйича 2017–2018 йилларда бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддасига ўзгартириш киритилди ҳамда кодекс 911, 912 ва 913-моддалар билан тўлдирилди. Мажлисда қайд этилганидек, бу борадаги ишларни тартибга солишга йўналтирилган норматив ҳужжатлар қабул қилинишига қарамай, ҳудудларда уларнинг ижроси тўлиқ бажарилмаётгани аниқланди.
Хусусан, Фарғона вилоятида маиший чиқиндиларни кўмишга мўлжалланган 23 та полигон мавжуд бўлиб, йилига ўртача 1,6 млн тонна чиқинди ҳосил бўлади. Улар томонидан вилоят аҳолисининг 51 фоизига хизмат кўрсатилади. Шунингдек, қоғоз, шиша, яроқсиз автомобил шиналари, полиэтилен маҳсулотлар қолдиқлари ва бошқа турдаги чиқиндиларини қайта ишлашга ихтисослашган жами 20 та корхона фаолият юритмоқда.
Сўзга чиққанлар ҳудудда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш ва уларни утилизация қилиш учун махсус техникаларнинг етишмаслиги аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини пасайтириб, турли норозиликларни келтириб чиқараётганига урғу беришди. Шу ўринда вилоятдаги полигонларнинг 5 таси ўралмагани, 6 тасида санитар тармоқ, 7 тасида маиший хона ҳамда 8 тасида техника ювиш ва дезинфекция қилиш жойлари мавжуд эмаслиги хусусида сўз юритишди.
Мажлис иштирокчилари Сурхондарё вилоятида бу борада олиб борилаётган ишлар таҳлилига ҳам эътибор қаратишди. Жумладан, вилоятда 13 та маиший чиқиндиларни қўмишга мўлжалланган полигон мавжуд бўлиб, йилига ўртача 2,7 млн. тонна чиқинди хосил бўлади. Уларнинг 11 таси “Тоза ҳудуд” ДУК га қарашли бўлиб, маҳаллий аҳолининг 42 фоизига хизмат кўрсатади. Ихтисослашган 18 та хўжалик юритувчи суъбект томонидан қоғоз, полиэтилен ва тери маҳсулотлари қайта ишланади.
Бундан ташқари, “Тоза ҳудуд” ДУКга қарашли полигонларни 2017-2018 йилларда қайта таъмирлаш учун маҳаллий бюджет маблағларидан 7,5 млрд. сўм ажратилганига қарамай, ушбу йўналишдаги ишлар етарли даражада ташкил этилмаган. Мисол учун, Шеробод, Жарқўрғон ва Қўмқўрғон туманларида чиқиндиларни жойлаштириш объектлари ўралмаган, уларда санитар тармоқ, маиший хона, техника ювиш ва дезинфекция қилиш жойлари умуман йўқ. Бундан ташқари, вилоятдаги чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарнинг асосий қисми кадастр ва давлат экология экспертизасининг хулосасини олмасдан фаолият юритмоқда.
Шу билан бирга, мажлис давомида республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам бу борадаги муаммолар учраётганига эътибор қаратилди. Кўрсатиб ўтилган камчиликлар жойларда “Чиқиндилар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг чиқиндиларни сақлаш, кўмиб ташлаш ва утилизация қилишга доир талабларга оид қисми ижро этилиши самарадорлигини ошириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, ҳудудларнинг соғлом санитария-эпидемиология ҳолатини таъминлашга салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.
Мажлис якунига кўра Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати