Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари давр талабига жавоб берадими?

2019 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида бизнес субъектларини жойлаштириш, уларга имтиёз ва преференциялар беришни ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича тегишли қонунчилик нормаларининг ижросини Навоий ва Тошкент вилоятлари мисолида ўрганиш якуни бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

         Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари  давр талабига жавоб берадими?

Тадбирдан кўзланган мақсад ҳудудлардаги эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида бизнес субъектлари фаолияти, улардан самарали фойдаланиш ишларининг мониторингини юритиш, лойиҳаларни истиқболда ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш юзасидан тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборатдир.

Тадбирда қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда ушбу соҳани тартибга солувчи қонунчилик базаси шакллантирилган. Галдаги мақсад эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгашлари ваколатини кенгайтириш, маъмурий функцияларни номарказлаштириш орқали уларнинг фаолиятини бошқариш механизмини соддалаштиришга эътиборни кучайтиришдир. Бу борада “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида” Қонун билан бирга, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 10 дан ортиқ қарори ҳамда 
20 яқин бошқа норматив ҳужжатлар қабул қилингани бу борада тизимли ислоҳотлар натижадорлигини таъминлашга хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди.

Айни пайтда республикамизнинг 12 та ҳудудида 21 та эркин иқтисодий зона ташкил қилинган бўлиб, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, уларда қиймати 3,9 млрд доллар, шундан, 1,6 млрд доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бўлган 670 та лойиҳа иш бошлаган. Бунинг натижасида 14 539 та янги иш ўринлари ташкил этилган.

2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича тижорат банкларининг кредит маблағлари ҳисобидан эркин иқтисодий зоналардаги 199 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, 5,4 трлн. сўм тижорат банкларининг кредит маблағлари ажратилган. Эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан эркин иқтисодий зоналардаги жами 191 та корхона томонидан 185 турдаги 416,3 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

Қўмита аъзоларининг Тошкент вилоятида Паркент туманидаги кичик саноат зонасидаги корхоналар ҳамда Навоий эркин иқтисодий зоналари фаолияти билан танишишлари даврида эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштиришда давлат бошқаруви органлари функцияларининг такрорланиши инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилишнинг кечикишига сабаб бўлаётгани таъкидланди. Хусусан, Паркент туманидаги кичик саноат зонасида ўз ечимини кутаётган масалалар борлиги депутатлар томонидан танқид қилинди.

Тошкент вилоятда Ангрен, “Паркент-фарм”, Бўстонлиқ туристик, Қуйичирчиқ балиқчилик йўналишидаги эркин иқтисодий зоналари, шунингдек, вилоятнинг шаҳар ва туманларида 19 та фаолият юритмаётган корхоналар ва ишлаб чиқариш майдонлари негизида 17 та кичик саноат зоналари ташкил этилган. Кичик саноат зоналарининг умумий ер майдони 146,25 гектарни ташкил этган бўлиб, ҳозирда 83 гектар ер майдонига инвестиция лойиҳалари жойлаштирилган. Айни пайтда кичик саноат зоналари ҳудудида 153 та лойиҳа доирасида умумий қиймати 1,82 трлн. сўмлик (шу жумладан, 752,5 млрд. сўм хорижий инвестиция) инвестициялар ўзлаштирилиши кутилмоқда.

Навоий вилоятида ўрганишлар натижасида жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида 44 та тадбиркорлик субъектлари томонидан 191,2 млн. доллар (шундан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар – 56,4 млн. долл.) инвестиция киритилгани маълум бўлди. Ушбу ҳудудда 23 та тадбиркорлик субъектлари (шундан, 15 таси қўшма корхона) томонидан 32 та лойиҳа амалга оширилгани аниқланди.

Шу билан бирга, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва фаолият кўрсатиш амалиётини ўрганиш уларнинг самарали фаолият юритишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, маъмурий кенгашлар ва эркин иқтисодий зоналар дирекциялари фаолиятининг етарлича самарали эмаслиги инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишга тўсқинлик қилиб, эркин иқтисодий зоналарнинг салоҳиятли инвесторлар учун жозибадорлигини пасайтирмоқда.

Тадбирда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида ички автомобиль йўллари, сув тармоғи, табиий газ қувурлари, умуман олганда, муҳандислик коммуникация инфратузилмаси билан таъминлашда муаммолар борлиги депутатлар томонидан асосли танқид қилинди.

Қўмита аъзолари соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, талаб ва таклифларни инобатга олган ҳолда, ташқи бозорларга йўналтирилган юқори самарали ишлаб чиқаришни кенгайтириш, логистика ва транспорт инфратузилмасининг замонавий тизимини йўлга қўйиш, “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш, унда кичик саноат зоналар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш масалаларини ҳам инобатга олиш зарурлиги қайд этилди.

Мавжуд камчиликлар ва уларнинг амалий ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

| 130 21.06.2019



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг